Олий суддаги янгиликлар
Бухорода сайлов қонунчилигига бағишланган давра суҳбати ўтказилди
08.11.2016
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: ташкилий-ҳуқуқий асослар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси вакиллари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ҳамда вилоят ҳарбий суди судьялари ва ходимлари иштирок этди.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси И.Муслимов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ж.Болтаев ва бошқалар мамлакатимизда мустаҳкам миллий қонунчилик базаси яратилгани фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифода этишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
– Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, сайлов жараёни қонуний, адолатли ўтиши, сайловнинг барча иштирокчиларига тенг шароитлар яратишда сайлов комиссиялари зиммасига катта масъулият юклатилади, – дейди Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди судьяси А.Саидов. – Улар ўз ваколати доирасида мустақилдирлар. Комиссиялар ишига аралашув тақиқланади.
Марказий сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари қуйи сайлов комиссиялари, тегишли маҳаллий давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ҳамда ҳарбий қисмлар, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари учун мажбурийлиги, сайлов комиссияларининг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судларда сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги масала хусусида ҳам фикр алмашилди.
Манбаuza.uz