2018 йил август сонида
Озод юртга ободлик ярашади
28.09.2016
Фаровон юртнинг ­масжидлари обод
Истиқлол йилларида мамлакатимизда­ амалга оширилган ислоҳотлар, эзгу иш­лар ва қўлга киритилган ютуқлар асрларга татигуликдир. Аллоҳ таолога чексиз шукроналар бўлсинким, диёримизнинг мустақилликка эришиши ва жамия­тимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар юртимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишларга сабаб бўлди, ислом­ дини равнақи учун янги имконият эшикларини очди. Конституциямизда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди. Халқимиз учун берилган шундай улуғ неъматлар ҳақида сўз юритиш ва уларни ёдга олиш айни лозим ишлардандир. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони­ каримда: «Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» («Зуҳо» сураси, 11-оят), деб марҳамат қилган.
Истиқлол шарофати билан жамиятимизда даҳрийлик тарғиботи барҳам топди. Барча исломий қадриятлар – масжид­ ва мадрасалар, осори атиқалар, тарихий­ манбалар мусулмонларга қайтариб берил­ди. Ҳукуматимиз бошчилигида кўплаб зиёратгоҳ ва қадамжолар билан бир қаторда, масжидлар бинолари ҳам янги­дан қурилиб, халқимизга фойдаланиш учун топширилди. Ҳозир диёримизда икки мингдан зиёд масжид расмий фао­лият юритмоқда ва уларда мусулмонлар­нинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу ҳаракатларнинг замирида Яратганга итоат этиш ва унинг расулига эргашиш бордир.­ Зеро, Аллоҳ таоло ўз каломида ҳамда пайғамбар (саллолоҳу алайҳи вассалом) ҳадисларида баён этган буюк амаллардан бири Аллоҳнинг уйлари – масжидларни обод қилиш ва уларни яхши сақлашдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай­ марҳамат қилади: «Аллоҳнинг масжидла­рини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин» («Тавба» сураси, 18-оят).
Демак, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва юқори эътиқодимизнинг кўринишидир. Чунки Аллоҳ таоло ва Пайғамбар (а.с.) бу амал­ларни кишиларнинг имонига боғламоқда.
Масжидлар маънавий ва моддий йўллар билан обод қилинади. Масжидни­ маънавий обод этиш у ерда ибодат қи­лиш, зикр ва тасбеҳ айтиш, Қуръон ўқиш каби амаллар билан бўлса, моддий­ обод этиш супуриб-сидириш, тозалигини­ сақлаш, қайта таъмирлаш ва янгидан бино қилишдек амаллар билан бўлади. Масжидларимизнинг бу икки йўл билан­ обод бўлишида, албатта, меҳнатсевар, имон-эътиқодли ва қадриятларимизни севувчи халқимизнинг ўрни беқиёс.
Салмон (р.а.) Пайғамбаримиз (а.с.)дан ушбу ҳадисни келтирадилар: «Кимки уйида таҳорат олиб, сўнгра масжидга келса, у Аллоҳнинг меҳмонидир. Меҳмонни ҳурматлаш мезбоннинг ҳаққидир».
Масжидга келувчилар Аллоҳнинг меҳ­монлари бўлишади. Зеро, улар инсонларнинг эмас, балки Аллоҳнинг уйига ташриф буюрадилар. Аллоҳ Ўзининг меҳмонини икромсиз қайтармайди, бандалари қиладиган яхшиликларига зиёда қилиб ажр-савоблар беради.
Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (а.с.) қуйидагича­ марҳамат этадилар: «Кимки бирорта масжидда чироқ ўрнатса-ю, унинг нури ўша масжидни ёриштириб турар экан, фаришталар, ҳатто Аршни кўтариб турувчи (фаришта)лар ҳам унга истиғфор айтиб туришади».
Аллоҳга беадад шукурлар айтамизки, юртимиздаги барча масжидлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Ҳукуматимизнинг бунёдкорлик сиёсати, қолаверса,­ саховатпеша тадбиркор ва ғаний юртдошларимизнинг қилаётган хайрли ишлари туфайли янги масжидлар қурилди,­ кўплари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилди. Аллоҳнинг уйлари шинам, қишу ёзга мослашган бўлиб, уларда намозхонлар ибодатларини хотиржам адо этиб келмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларнинг ҳолати ва шароитини сифат жиҳатидан босқичма-босқич яхшилаш, ободонлаштириш, қайта қуриш ҳамда таъмирлаш бўйича ишлар белгиланган тартибда амалга оширилмоқ­да. Жумладан, 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида 15 дан зиёд таҳоратхона янгидан барпо этилди, 20 дан зиёд масжид ва 30 га яқин таҳоратхона капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Тошкент шаҳридаги «Авайхон», «Пул емас ота», «Яккасарой» жоме масжидла­ри тўлиқ қайта қурилган бўлса, «Жўрабек»­ жоме масжидида миллий ва замонавий кўринишда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси, аввало,­ Аллоҳнинг марҳамати, мустақиллигимиз шарофати ҳамда давлатимизнинг миллий­ ва диний қадриятларимизга нисбатан муносабатининг аломатларидандир.
Бироқ, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, жойларда кимўзарга масжид қуриш, «нариги маҳаллада масжид бору нега бизда йўқ, биз ҳам ўзимизникини қуришимиз керак» деган даъволар билан­ аҳолида эҳтиёж бор-йўқлигига қарамай, масжид қуришга қанчадан-қанча маблағ сарфлаб, кейин бу бино битмай, расмий рўйхатдан ўтмаган ҳолда қолиб кетган ҳолатларнинг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Ваҳоланки, масжидларга муносабат уларнинг сони билан эмас, балки уларнинг ободлиги билан баҳоланади.­
Яна шуни ҳам билиб қўйиш лозимки,­ Абу Ҳанифа – Имом Аъзам (р.а.) бир шаҳарда битта жоме масжид кифоя қилиши, иккинчисини қуриш учун ўртада дарё ёки тоғ каби тўсиқ бўлишини шарт қилганлар. Сабаби – қанча масжид кўп бўлса, имомлар кўп бўлиб, қилган мавъи­залари ёки айтган масала ва фатволари­ бир хил бўлмаслиги, натижада мусулмон­лар ўртасида ихтилоф ва тушунмовчилик­ келиб чиқиши эҳтимоли бор деб айтган эканлар. Кейинчалик битта масжидга бир шаҳар намозхонлари сиғмагани ва намоз­хонларнинг сони кўпайиб кетиши натижа­сида кейинги мутааххирин­ уламолар бир шаҳарда зарурат юзасидан бир неча масжидда жума ва ҳайит намозлари ўқилишига рухсат бериб, фатво қабул қилган­лар. Бинобарин, бу имконият ва ижозатни суиистеъмол қилмаслик лозим.
Масжидларимизни ҳам маънавий, ҳам моддий йўллар билан обод қилиш ҳаммамиз учун имоний бурч, исломий вазифа саналади. Шунингдек, мазкур даргоҳларни тоза-озода, саронжом-саришта ва тинч-осойишта сақлашимиз юртимиз ободлиги, мамлакатимиз фаровонлиги йўлидаги бурчимиздир.
 
Истиқлол берган неъмат
Истиқлол йилларидаги улкан ўзгаришлардан бири фуқароларимизнинг ҳаж ва умра зиёратини амалга ошириш­ларидир. Истиқлолдан олдин собиқ иттифоқ бўйича 25 киши, Ўзбекистондан эса 3 ёки 5 киши борган бўлса, эндилик­да юртимиздан ҳар йили ҳаж зиёратига 5200, умра ибодатига эса 6000 нафар зиёратчи бормоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилидан бугунги кунгача жами 107568 нафар фуқаро ҳаж, 86516 нафар­ фуқаро эса умра сафарига борди.
Ҳар йили қориларимизнинг Қувайт, Саудия Арабистони, Россия Федерация­си каби давлат­ларда ўтказиладиган халқаро Қуръони­ карим мусобақаларида ­муваффақиятли қатнашаётгани, АҚШ, Украина, Россия Федерацияси каби мамлакатлар таклифи­га биноан Рамазон ойи тадбирларида иштирок­ этаётганидан кўпчилигимиз хабардормиз. 
Мустақиллик шарофати ўлароқ, Кадр­лар тайёрлаш миллий дастури доирасида­ ёш авлоднинг ватанпарвар ва соғлом дунёқараш эгалари бўлиб етишишлари, уларда миллий, диний ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғуларини тарбиялаш учун диний таълим тизимида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Энг аввало, диний ўқув юрт­лари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилганини эътироф этиш зарур.
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 9-модда­сига кўра диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари­ тузишга ҳақли. Диний ўқув юртлари Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб,­ диний таълим бериш ҳақида махсус лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Диний ўқув юртларида дарс бераётган­ шахслар тегишли диний маълумотга эга бўлишлари ва ўз фаолиятини марказий бошқарув органи – Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тегишли рухсатини олганидан сўнггина амалга оширишлари мумкин.
2000–2001-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасала­рида Олий ва ўрта махсус таълим вазир­лиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган таълим стандартлари ва ўқув режаси асосида ўқитиш йўлга қўйилди. Содда қилиб айтганда, диний ва дунёвий­ таълимнинг узвийлиги таъминланди.
Мазкур таълим стандартлари, ўқув режалари ҳамда талабаларнинг қабул қилинган давлат меъёрларига мувофиқ диний ва дунёвий билимлар олаётганини­ инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги «Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятни янада такомиллаштиришда ижтимоий­ кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида»ги қа­рорига­ мувофиқ Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилиб, ушбу ҳужжат (диплом)­ларга эга бўлган шахсларга давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди.
2000 йилдан бошлаб институт битирувчиларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси йўлланмаси билан режали равишда республикада фаолият кўрсатаётган масжидларга ишга тақсимлаш жорий қилинди.
Диний билим юртларининг моддий-техник базасини, умумий шарт-шароитини, ётоқхоналар аҳволини яхшилаш ҳамда дунёвий фанлар бўйича ўқитувчи­ кадрлар, ўқув жиҳозлари ва дарсликлар билан таъминлаш бўйича бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Диний таълим муассасаларида ислоҳотларни тўлиқ амалга ошириш учун ҳар бир билим юртида лингафон, кимё, физика, биоло­гия ва бошқа фан хоналари таълим стандарти талаблари асосида жиҳозланди,­ уларнинг кутубхона фондлари дарслик, қўлланма ва бадиий адабиётлар билан мунтазам бойитиб борилди.
Мустақиллик йилларида диний таълим­ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар ҳақида гапирар эканмиз, 2007 йили Тошкент ислом институти учун 2 қаватли янги, замонавий муҳташам бино барпо этилганини айтиб ўтиш жоиз.
2016 йилнинг январида Наманган шаҳрида­ жойлашган «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти (собиқ «Мулла Қирғиз» мадрасаси)нинг янги бинога кўчиб ўтгани бу соҳада ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида талабаларни умумбашарий анъана ва қадриятларимизга садоқат, бой миллий-маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, дунё ва минтақада юз бераётган туб ижтимоий-сиёсий ва дин билан боғлиқ мураккаб жараёнлар моҳиятини теран идрок этиш ҳамда бугунги кун талабларига ҳозиржавоб, замонавий фикрлаш салоҳиятига эга диний ходим сифатида тайёрлаш чоралари кўрилмоқда.
 
Муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳлар ободлиги
Илму ирфон тараққий топган юртлар­га Аллоҳнинг раҳмати ёғилади ва бундай жойлардан кўплаб олиму фозиллар етишиб чиқади. Нафақат тириклик чоғида, балки хоки-поки қўним топгандан кейин­ ҳам бундай заминдан ён атрофга нурлар­ таралиб туради. Она ватанимизнинг ҳар бир қарич тупроғи ана шундай табаррук гўшалардандир.
Ислом оламининг беназир намояндалари бўлмиш Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби буюк аждодларимиз қолдирган маънавий-маърифий мерос наинки халқимиз, балки башарият учун ҳам бебаҳо маънавий хазина экани шубҳасиз.
Мустақиллик йилларида эришган ютуқ­ларимизни санар эканмиз, албатта, юрти­миздаги кўплаб муқаддас ва мўътабар­ қадамжолар, зиёратгоҳларнинг обод қи­лингани, мустабид тузум даврида қаровсиз ҳолга келиб қолган мақбара ва мадра­саларнинг таъмирлангани, бир қанча улуғларимизга мақбаралар бунёд этилга­нини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.
Мустақилликнинг илк кунларидан Президентимиз бошчилигида шўро даври­да сохталаштирилган тарихимизни холи­сона, ҳаққоний ёритишга ва ёш авлод ота-боболари асли ким бўлганини, кимларнинг вориси эканини тўла-тўкис анг­лаши учун аждодларимизнинг тарихий қадамжоларини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Истиқлол бизга­ берган неъматлардан бири ҳам айнан тарихий хотирамизнинг қайта тикланиши­ эди. Ўзбекистон Аллоҳ назари тушган юртки, энг буюк муҳаддислар, тавҳид илмининг қутблари, авлиёлар, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобалари, тариқат пирлари, муфассирлар, мўътабар уламолар, фалакиёт, тиббиёт, санъат­ ва маданият чироғи бўлган олимлар, дунё тан олган шоиру ёзувчилар юртимиз тупроғида ётибди.
Собиқ шўро замонида ўзбек халқининг шонли тарихини йўққа чиқарувчи, таҳқирловчи сиёсат юритилди. Амир Темур тарих дарсликларида кесилган бошлардан минора тиклаган босқинчи сифатида тасвирланди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур босқинчилик билан Ҳиндистонгача борган талончи шоҳ сифатида­ тилга олинди. Аввал оқ подшо, кейин қизил подшо мустамлакасига қарши бош кўтарган, мустақиллик учун жон фидо қилган боболаримиз номига эса исёнчи, босмачи тамғаси босилди.
Аслида, Ўзбекистон тарихий тараққиёт босқичларида Хитой, Ҳиндистон, Миср, Римдан асло кам жойи бўлмаган. Дунё тамаддуни Шарқдан, Ўрта Осиёдан, Туркистон заминидан бошланмаганми? Бутун дунё табобати ҳали-ҳануз Ибн Сино китобларига таянади. Улуғбек кўзи билан аниқлаган юлдузлар харитаси замонавий телескоп, компьютерлар билан қуролланган бугунги кун олимларига дастуруламал бўлиб турибди. Колумб топган ерларнинг олимлари уммон ортида ер борлигини айтган­ Берунийнинг даҳосига таъзим қилади. Дунё мусулмонлари Имом Бухорий ва Имом Термизийдан ҳадис ўрганса, дунё шоирлари Алишер Навоийни устоз деб билади. Юртимиздаги мўътабар зиёратгоҳлар, табаррук қадамжолар, улуғларимиздан қолган буюк мерос ўзбек ­халқи ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганини, кам бўлмаслигини ҳам яққол кўрсатиб турибди. «Оққан дарё оқаверади», – дейди доно халқимиз.
Шонли тарихимиздаги улуғ сиймоларнинг ҳаёти, фаолияти, меросини ўрганган Ўзбекистон ёшлари ватанимизни яна бутун оламга машҳур қиладилар.
Бугунги ёшлар билмас, катта ёшлилар­ унутганлари йўқ, элнинг энг улуғ авлиё­лари, донишмандлари ётган мақбаралар, мадрасалар, зиёратгоҳлар юртимиз мустақилликка эришгунига қадар ташландиқ ҳолда эди. Нақшбанд мақба­расини зиёрат қилган киши у зотнинг онаси дафн этилган тўқайзор томонга ўтгани қўрқар эди. Имом Бухорий мақбараси нураб, атрофи темир-терсак билан тўлиб ётар, масжид эса ўғит омбори эди. Термиздаги Термизий зиёратгоҳига чегара­ ҳудуд деган баҳонада одамлар қўйилмас­ эди. Мотурудий, Марғилоний, Абу Лайс Самарқандийдек юзлаб алломалар ётган Самарқанддаги Чокардиза қабрис­тони текисланиб, аҳолига уй-жой учун тақсим­лаб берилган эди. Бибихоним мақбараси­ вайрона эди. Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Регистон­ майдони­даги мадрасалар ЮНЕСКО ташкилоти эътиборида бўлгани учун бузиб юбора олмаган шўро ҳукумати бу обида­ларни таъмирлаяпмиз, дея у ташкилотдан тинимсиз пул ундирса-да, ҳеч қачон таъмирламас, таъмирлаётгандек кўрсатиш­ учун обидалар деворларига тиркалган ҳавозалар ўттиз-қирқ йиллаб олинмай тураверар, бир-икки уста ғимирлаб ҳам юрар эди. Муқаддас қадамжоларга зиёратчилар бормаслиги учун қаттиқ ҳаракат қилинар, булар бидъат, хурофот дея тарғиб этиларди.
Мустақилликнинг илк кунлариданоқ юртимиздаги муқаддас қадамжоларни обод қилиш, мақбараларни таъмирлаш, йўқ бўлиб кетганларининг ўрнини аниқлаб, қайтадан барпо этиш ҳақида қайғу­рилди. Бу иш 1990-йиллардан бошланган эди. 1990 йили Термизийнинг 1200 йиллиги нишонланди. Аллома зиё­ратгоҳида катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи ҳам обод бўлди, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси қайтадан таъмирланди. Мажмуа кенгайтирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Дарахт ва гулларга бой «Боғи орифон»­ барпо қилинди.
Мустақиллик йилларида обод қилинган табаррук зиёратгоҳларнинг энг гўзали Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасидир. Мажмуа қурилишида барча вилоятларнинг моҳир усталари ишлади. Мақбара ноёб қурилиш ашёларидан бино қилинди.­ Аллома сағанаси эса шаффоф оникс тошидан ишланди. Масжид қайта тиклан­ди. 1998 йили Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди.
Дунёда Аъзам, яъни буюк унвонини олган уч алломадан бири—Махдуми Аъзам зиёратгоҳи ҳам обод қилинди. Яқинда бу зиёратгоҳни обод қилишнинг янги, бош режаси тузилди. Унда бир қанча бинолар қурилиши, Махдуми­ Аъзам барпо қилган боғнинг қайтадан бунёд этилиши кўзда тутилган.
Мустақиллик йилларида Амир Темур­ мақбарасида жуда катта таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шўро замонида деворлари кўчиб, нақшлари эскириб кетган мақбара асл ҳолига келтирилди ва нақшлари тилла суви билан қайтадан­ тикланди. Шўро замонида мақбара атрофида барпо қилинган ресторанлар, турли иншоотлар, энг ёмони – ароқ заво­ди йўқ қилиниб, мақбара атрофи гўзал истироҳат боғига айлантирилди. Шоҳи Зинда мажмуаси ҳам бутунлай янги қиё­фа касб этди. Мажмуага бугун дунёдан сайёҳлар оқиб келмоқда. Самарқанддаги­ Хўжа Дониёл, Термиздаги Термизий­ ёдгорлик мажмуаларида ҳам жуда катта­ ободончилик ишлари амалга оширилди. Мустақиллик йилларида бир қанча алломаларимизнинг шўро замонида бузиб юборилган мақбаралари янгидан қурилди. 2000 йили Самарқанд шаҳрининг марказида, тарихий Чокардиза қабристони ўрнида Имом Мотурудийнинг муҳташам мақбараси бунёд этилди. Бу ёдгорлик мажмуаси ва мақбара ўзбек миллий­ меъморчилик санъатининг ноёб дурдона­сига айланди. Мажмуада Имом Мотуру­дийнинг 1130 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди.
2007 йили Тошкентда қадимий анъаналар асосида Ҳазрати Имом мажмуаси қурилди. Ўхшаши йўқ миноралар қад кўтарди. Масжид гумбазлари нақшлари­га тилла суви юргизилди. Мажмуа таркибига Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси, Ҳазрати Усмон Қуръони сақланаётган музей, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий номидаги Ислом инс­титути, Мўйи муборак мадрасаси ва бир қанча бинолар киради.
Мустақиллик зиёратгоҳларининг ичида энг мўътабари — 2000 йили Тошкентдаги Бўзсув анҳори бўйида барпо қилинган «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасидир. Бу жой ўтган асрнинг йигирманчи йилларигача шаҳарнинг овлоқ чеккаси бўлган, қирқинчи йилларида худди шу жой қатлгоҳ бўлиб, бу ерда шўролар миллатимизнинг дур ва гавҳари­ бўлган вакилларини, минглаб бегуноҳ ватандошларимизни қатл қилган. «Қатағон­ қурбонлари хотираси» музейи ҳам мажмуанинг таркибий қисмига киради. Ҳар йили бу муқаддас даргоҳда қатағон қурбонлари хотираси ёдга олиниши, уларнинг руҳига Қуръон­ тиловат қилиниб, элга ош тарқатилиши анъанага айланди.­
Мустақиллик шарофати билан обод бўлган табаррук зиёратгоҳлар шунчалик­ кўпки, улар бугун юртимизнинг деярли ҳар бир шаҳри, туманида мавжуд. Эътибор­ берганмисиз, улуғлар зиёратига борган раҳбару амалдор ҳам, олиму шоир ҳам, савдогару тадбиркор ҳам, диндор ё оддий­ деҳқон ҳам, ҳамма бирдек бўлиб қолади.­ Улуғларимиз олдида ҳамма баро­бар. Зиё­ратгоҳларда халқимиз бир-бирлари билан­ бирдамликни, аҳилликни, тақдирдош ва қисматдош эканларини те­ран­роқ ҳис этишади. Шу юрт, шу азиз ватан учун бирдамликда эзгу ишлар қилишда ўзида куч-ғайрат, шижоат сезади.­
 
Сўнгсўз ўрнида
25 йил мобайнида Ўзбекистонда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳарлар янги қиёфа касб этди, ҳамма ҳавас қиладиган коллеж, лицей, олий ўқув юртлари қурилди. Ўрта Осиё­да муқобили бўлмаган енгил ҳамда юк машиналари, автобуслар ишлаб чиқариладиган улкан заводлар, фабрикалар қурилди. Булар, энг аввало, табаррук зиёратгоҳларни обод қилиб қўйган халқ­қа ундан рози бўлаётган Аллоҳнинг инояти,­ марҳамати эмасмикан? Бу эзгу саъй-ҳаракатлар замирида, авва­ло, Аллоҳни рози қилиш, ўтганлар руҳи­ни шод этиш, қолаверса, истиқлол фар­занд­ларини бой ўтмишимиз, улуғ бобо­калон­ларимизнинг бетакрор маънавий мероси билан яқиндан таништириш мақсади мужассам. Зеро, маънавияти юксак, илму адабда етук элнинг фарзандлари ҳам ғурури баланд, ифтихори туганмас бўлиб камол топишлари шубҳасиз. Юр­тимизнинг табаррук зиёратгоҳлари мустақилликнинг, юксак маънавиятнинг пойдево­ри эмас, аслида, унинг илдизлари,­ жуда чуқур кетган мустаҳкам томирлари,­ маънавиятимизнинг зилол чашмаларидир. Бу чашмалардан сув ичган халқнинг келажаги албатта буюк бўлади!
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий