Тадқиқот, таҳлил, таклиф
“Темур тузуклари”да адолат ғояси
19.09.2016
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғояси тарихий манбаларда ҳам ўз аксини топган. Шулардан бири, шубҳасиз, “Темур тузуклари”дир. Амир Темур даврида жамият ва давлат тараққиёти юксак даражага кўтарилган. Айни пайтда халқнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий даражаси ҳам ошиб, илм-фан, маданият гуллаб-яшнаган. Соҳибқирон Амир Темур давлат бошқарувида инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратган. Амир Темур салтанат ишларини қонун ва қоидаларга таянган ҳолда бошқарганлиги “Темур тузуклари”да ҳам бевосита ўз ифодасини топган.
Эътироф этиш жоизки, “Темур тузуклари”да давлатни демократик асосларда бошқариш, давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳолати, давлат ва қўшин тузилиши, қўшни давлатлар билан маданий ва дипломатик алоқалар олиб бориш кабилар баён қилинган. “Темур тузуклари”да инсон ҳуқуқларини қадрлаш ва ҳимоя қилиш ҳақида аҳамиятли ғоялар акс эттирилган бўлиб, унга кўра қонун-қоидалар олдида барча, яъни камбағал ҳам, бой ҳам, оддий фуқаро ҳам тенглиги белгиланган.
Амир Темур салтанат ишларини “Куч адолатдадир” шиори остида бошқарганлиги унинг қонун устуворлигини таъминлаган ҳукмдор эканлигига яққол мисол бўлади. Ушбу тарихий асарда инсон ҳуқуқлари борасида илғор фикр ва ғоялар илгари сурилган. Яъни асарда адолат қарор топган мамлакатда халқнинг кўнгли хотиржам, ишлари баракали, давлатнинг келажаги порлоқ бўлиши зикр этилган. Шунингдек, “Темур тузуклари”да фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, унда “Агар доруғалар ва ҳокимлар халққа жабр-зулм қилиб, уларни хароб қилган бўлсалар, қилган ишларига лойиқ жазо берилсин”, деб ёзилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Темур тузуклари”да оддий фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинган. Буни “Тузуклар”да келтирилган қуйидаги қоидадан ҳам билишимиз мумкин: “Агар (ҳар ер ва элнинг) амалдорлари ва калонтарлари оддий фуқарога жабр-зулм қилса ва шу орқали бечораларга зарар етказган бўлса (бундай вақтларда) етказилган зарарни калонтарлардан ундириб, жабр кўрганларга берирсинлар, токи улар яна ўз ҳолларига келсинлар”.
Шу ўринда айтиш керакки, “Темур тузуклари”да фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш борасида ҳам қоидалар мужассам. “Тузуклар”га кўра биронта ҳам аскар доимий туриш учун фуқаролар уйини эгаллаши ёки уларнинг молини ва бойлигини ўзлаштириб олишга ҳаққи бўлмаган. “Темур тузуклари”да жиноят ва жазо масалалари ҳам адолатли равишда акс эттирилган. Масалан, шубҳали ва нияти бузуқ одамларнинг айблашлари ва туҳматлари билан фуқароларга қозилар томонидан жазо бериш қатъий тақиқланган, бирор фуқаронинг гуноҳи қачонки 4 нафар кишининг шоҳидлиги билан исботлансагина, унга жазо берилган.
Фикрларимиз якунида шуни таъкидламоқчимизки, “Темур тузуклари” ҳуқуқий ва тарихий меросимизни ўрганишда муҳим манба сифатида хизмат қилади. Уни ўқиган киши шубҳасиз ҳозирги давр учун қимматли ва фойдали фикрларни ўрганиши айни ҳақиқатдир.
Луқмон АСАТОВ,
Самарқанд вилояти хўжалик суди судьяси