Тадқиқот, таҳлил, таклиф
“Авесто” — энг кўҳна ҳуқуқий норма
19.09.2016
Тарихдан маълумки, “Авесто” юртимиз тарихини ўрганишда дастлабки ёзма манба ҳисобланади. Ушбу тарихий манбада халқимиз тарихининг энг кўҳна даврларидаги ҳаёти, турмуш тарзи, ахлоқий қоидалари, урф-одатлари, диний эътиқоди, касб-корлари ва бошқа халқлар билан бўлган иқтисодий-маданий муносабатлари акс эттирилган. “Авесто”да инсон ҳуқуқларини улуғлаш, инсон ҳуқуқларига оид бўлган кўплаб қоидалар зикр этилган.
“Авесто”ни инсон ҳуқуқларини ўрганиш борасидаги кўҳна ўтмишимиздаги илк ҳуқуқий манбалардан бири дейишимиз мумкин. “Авесто” диний-фалсафий ва ҳуқуқий таълимот сифатида халқ ва давлат учун сиёсий ва ҳуқуқий манба вазифасини бажарган.
Таъкидлаш жоизки, “Авесто”да қайд этилган кўплаб қоида ва фикрлар ҳатто ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Масалан, унда инсонни ҳаётдан маҳрум этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги ёзилган.
Инсон билан боғлиқ ҳуқуқий муаммолар ва жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари дастлаб ушбу асарда қайд этилганини эътироф этиш лозим.
Бир сўз билан айтганда, “Авесто” энг қадимий ўтмишимизнинг қомусий билимлар тўплами. Унда келтирилган ғоялар минг йиллар мобайнида инсониятни эзгуликка ва яхшиликка ундаб келмоқда. “Авесто”да келтирилган қоидаларга кўра инсон маънавий жиҳатдан пок бўлиши, яхшиликка ва эзгуликка амал қилиши, ҳаёти давомида ҳалол меҳнат қилиши, адолат ва ҳақиқат учун курашиб яшаши лозим.
“Авесто”да инсоннинг асосий бурчи ҳаққоний ҳаёт тарзи бўлиши кераклиги қайд этилган бўлиб, инсон ҳаёти давомида бошқа инсонларга яхши фикр айтиши ва яхши иш қилиши лозимлиги таъкидланган. Зардўштийлик ахлоқининг 3 та асосий қоидаси бўлган. Булар — эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал. Ушбу 3 та асосий қоидага амал қилган инсоннинг қалби пок бўлган ва соғлом фикр юритган. Инсон яхши фикрга эга бўлса, жаҳолат ва разолатга тушмайди, бошқа инсонларга нисбатан ғаразгўйлик қилмайди.
“Авесто”да инсон яшаш тарзининг мезони сифатида ростгўйлик, тўғрилик, ҳаллолик, поклик каби сифатлар кўрсатилган. Унда таълим-тарбия масалаларига доир фикр ва қоидалар белгиланган бўлиб, инсонни маърифатли ва меҳнатсевар бўлишга тааллуқли ғоялар акс эттирилган. Жумладан, ўша даврда таълим-тарбия ҳаётнинг муҳим тамойили сифатида эътироф этилиб, ёшларнинг билим олишларига алоҳида эътибор қаратилган. Болаларга диний, ахлоқий, жисмоний тарбия, ўқиш ва ёзиш ўргатилган. Зардўштийлик таълимотига кўра маърифат ва билимнинг кучига ишонган инсонгина жамиятда юксак ҳурмат қозониши ва обрўга эга бўлиши, охир-оқибатда маърифат ғалаба қозониши илгари сурилган.
Хулоса қилиб айтганда, “Авесто”да қайд этилган ғоя ва қоидаларни ҳозирги давр ёшлари кўпроқ ўрганишса, кундалик ҳаётида уларга амал қилишса, бошқа инсонларга ҳурматда бўлишса, жамиятдаги қонун-қоидаларга риоя қилишса, келажакда улар мамлакатимиз ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшадиган шахслар бўлиб етишишади.
Луқмон АСАТОВ,
Самарқанд вилояти хўжалик суди судьяси