Интервью
Сенат фаолияти янги талаблар асосида ташкил этилмоқда
05.05.2016
Давлатимиз раҳбари томонидан 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Унинг асосида Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатнинг 2015 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил режаси, қолаверса, бутун фаолиятни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган эди. Мана, орадан бир йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Сенат раиси ўринбосари Светлана Ортиқова билан суҳбатимиз мазкур чора-тадбирлар ижроси, Сенат фаолияти, сенаторлик масъулияти ҳақида бўлди.
— Президентимизнинг қўшма мажлисдаги маърузасида парламент қуйи ва юқори палаталарининг 2010—2014-йиллардаги ишига холи­сона баҳо берилди, — дейди Светлана Ортиқова. — Парламент фао­лия­ти­ни замонавий талабларни инобат­га олган ҳолда тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини ошириш асосий мақсад этиб белгиланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сенатнинг 2015 йилдаги фаолияти давомида Мамлакатимизда демокра­тик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаро­лик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган ҳамда ўтган йилнинг бошида парламент палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз томонидан илгари сурилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун 2015 ва кейинги йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури қабул қилинди.
Мазкур дастур ҳамда тегишли иш-режалар асосида, биринчидан, қонунларнинг сифатини ошириш, уларда умумдавлат ва ҳудудий манфаатлар уйғунлигини таъминлаш мақсадида янгича амалиёт жорий этилди. Ўтган давр мобайнида Сенат томонидан маъқуллан­ган 20 та қонуннинг аксарияти, шунингдек, 20 дан зиёд масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида сенаторлар, депутатлар, фуқаролик жамияти инс­титутлари, олим ва амалиётчилар иштирокида ўрганиб чиқилди. Сенат­ қўмиталари ҳузурида эксперт гуруҳ­лари ташкил этилди.
Иккинчидан, Сенатнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишдаги, шунингдек, қонунларнинг таъсирини кучайтириш борасидаги фаолияти бирмунча жонланди. Янги қонунларни тўлиқ амалга ошириш учун зарур қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши усти­дан парламент назорати кучайтирилди.
Учинчидан, парламент назорати самарадорлигини ошириш мақсадида Сенат қўмиталари томонидан қонунлар ҳамда давлат дастурлари ижро­си юзасидан 16 та назорат тадбири ўтказилди. Парламент назоратининг сенатор сўрови, парламент сўрови, парламент эшитуви каби таъсирчан ва самарали усулларидан кўпроқ фойдаланилмоқда.
Тўртинчидан, қонунлар ва қабул қилинган қарорлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишнинг янги механизмлари жорий этилди. Маса­лан, Қорақалпоғистон Республикаси,­ вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сенаторлар ташаббуси билан селектор йиғилишлари ўтказилди.
Бешинчидан, Сенатнинг ОАВ билан ҳамкорлиги янада кучайтири­либ, кенг жамоатчиликни фаолияти­миздан хабардор қилиш ишлари яхшиланди. Жумладан, Сенатнинг Ахборот хизмати қайта ташкил этилди. ОАВда фаолиятимиз билан боғлиқ 11500 дан ортиқ чиқиш қилинди.­
Олтинчидан, демократик давлатлар парламентлари тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни миллий қонун ҳужжатларига ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этишга бағишланган тадбирлар доирасида Сенат делегациялари­ қатор давлатларда бўлди. Сенатда хорижий делегациялар билан 36 та учрашув уюштирилди.
Еттинчидан, Сенат қўмиталари томонидан фуқароларнинг мурожаат­ларида кўтарилаётган долзарб ва муаммоли масалаларни ҳал этишга қаратилган аниқ мақсадли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Мурожаатларни ўрганиш чоғида баъзи вазирлик, идораларнинг ноқонуний норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари борлиги маълум бўлди ва уларни бекор қилиш чоралари кўрилди.
Саккизинчидан, маҳаллий Кенгашларнинг фаолиятини кучайтириш­ бўйича Сенат комиссияси томонидан­ қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, жойларда депутатларнинг тажрибасини ошириш, ваколатларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишлаб семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Маҳаллий Кенгашларнинг фао­лияти чуқур таҳлиллар асосида амалий ёрдам кўрсатиш йўли билан ўрганиб чиқилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва улар ишини жонлантиришга қаратилган тавсиялар берилди.
Булар Сенат аъзоларининг ўтган йилги ишларининг қисқа умумлашмаси, холос. Агар фаолиятимизни янада чуқурроқ таҳлил қилсак, кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Энг асосийси, парламенти­миз фаолияти йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Сенатнинг аввалги таркибида ҳам, ҳозиргисида­ ҳам мамлакат келажаги учун масъу­лиятни ҳис қиладиган инсонлар жамланган. Улар учун сенаторлик мансаб эмас, балки ўзлари вакил бўлган ҳудудлар, у ерда яшаётган одамлар манфаатини таъминлаш воситасидир.
 
— Светлана Боймирзаевна, парламент фаолияти ҳақида сўз борар экан, келинг, бир масалага ойдинлик киритиб олайлик. Сизнинг назарингизда, бугунги замон талабларидан келиб чиқиб, Сенат иши қандай йўлга қўйилиши керак? Парламентимизни­ чет эл парламентларига қиёсласак, қайси жиҳатлари билан фарқланади?
— Саволингизни тушунгандекман. Сўзимни баъзи бир давлатлар­да­ турли шовқин-суронлар, ур-йиқитлар билан бўлиб ўтадиган парламент мажлислари ҳақидаги фикр билан бошласам. Бир қарашда,­ турли­ сиё­сий ва партия­вий келишмовчиликлар, зиддиятлар, баландпар­воз иддао­лар ортида­ ўзига яраша­ рангбаранглик бордек­ туюлади. Аммо бундан ватанга, жамиятга нима наф?!
Шу ўринда яқин ўтмишда ўзини демократия «салаф»лари дея ҳисоблаётган баъзи давлатларда рўй берган воқеаларни эслашнинг ўзи кифоя, назаримда. Уларда қандай сиёсий эҳтирослар қайнарди, мунозаралар қандай тус оларди, қандай баёнотлар бериларди? Хўш, нима бўлди? Шундай йўл тутган мамлакатлар ҳалигача сиёсий, иқтисодий, ижтимоий бўҳрондан қутула олмаяпти. Қашшоқлик авж олиб, давлат бошқаруви издан чиқиб кетганини ҳам кўриб турибмиз.
Булар ҳақида мулоҳаза қила туриб, қонун ижодкорлигидаги бир қолипликни, кўрилаётган масалаларнинг саёзлигини оқламоқчи эмасман.­ Лекин шуниси аниқки, парламент ҳаёт билан ҳамнафас бўлиб, таҳликали замон қўяётган долзарб масалаларга оқилона ечим топмас экан, турли нуқтаи назарлардаги ҳақиқатларга тўғри баҳо бермас экан, ватан­, жамият ва халқ олдидаги муқаддас бурчини бажармаётган бўлиб чиқади. Мен ортида айрим доиралар манфаати, популизм, шахсий пиар ётган ўткир парламент баҳс-мунозараларини назарда тутмаяпман. Агар дебатлар, қонун ижодкорлиги,­ қонунчилик, парламентнинг назорат­ фаолияти мамлакатни фаровон ва тинч келажак сари етаклашга, унинг хавфсизлигини таъминлашга, одамлар ҳаётини яхшилашга, жамиятни бирлаштиришга қаратилган бўлса, бу нур устига нур. Конструктив, ҳақиқий самара берадиган фаолият ҳеч қачон шовқин-суронли, бақироқ, жиззаки бўлмайди. У депутатлардан, сенаторлардан профессионалликни, фуқаролар, мамлакат ва давлат келажаги олдидаги масъу­лиятни англашни талаб этади.
Биз табиатан оғир-босиқ, вазмин, узоқни, келажакни кўзлаб иш тута­диган халқмиз. Бизнинг сиёсатимиз­ ҳам, парламентимиз фаолияти ҳам ана шу тамойилларга асосланган. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси­ айнан шу тарзда меҳнат қилиб келмоқда. Зеро, бугунги давр, Президентимиз таъкидлаганидек, парла­ментда олиб борилаётган таҳлилий ишлар самарадорлигини, депутатлар­нинг тайёргарлик, хабардорлик ва малака даражасини, бош­қача айтганда, профессионал савия­сини сезиларли равишда оширишни тақозо этади.
Бу, албатта, сенаторлар зиммасига­ ҳам катта масъулият юклайди. Ҳудудлар­да барча соҳада, айниқса, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларга зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар шунчаки таҳлил қилинмаяпти, мавжуд муаммолар чуқур ўрганилаяпти ва жойида ҳал қилиш бўйича аниқ тавсиялар берилаяпти ҳамда унинг ижроси ҳам қатъий назоратга олинаяпти.
Бир сўз билан айтганда, биз қабул қилаётган қонунлар мамлака­тимиз учун ҳақиқатан ҳам зарур, улар пухта ишланган қонунлардир. Палаталарнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ваколатлари доирасида ижро ҳокимияти устидан парламент назоратининг барча воситаларидан унумли фойдаланиш чораларини кўраяпмиз. Фуқаролик жамиятининг барча инс­титутлари, минтақалар ва  аҳоли билан доимий­ алоқадамиз. Энг асосий вазифамиз — турли сиёсий кучларнинг, фикр­ларнинг, фуқаролар манфаатларини акс эттириш вазифасини борган сари мукаммалроқ бажараяпмиз. Ўзбек парламентаризмининг энг катта ютуқларидан бири ҳам шу.
 
— Дарҳақиқат, Олий Мажлис Сенати фаолияти йилдан-йилга такомиллашиб бораяпти. Лекин иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Айтинг-чи, Сенат ишининг қайси йўналишларида ўз ечимини кутаётган муаммолар бор, деб ўйлайсиз?
— Албатта, парламент фаолияти доимий равишда такомиллашиб бориши керак. Президентимиз томонидан янги таркибдаги парламентнинг илк қўшма мажлисида ҳар икки палатанинг ўтган беш йиллик фаолияти таҳлил қилиниб, давлат бошқаруви органларига айрим ижти­моий масалалар бўйича атиги 7 та­ сўров юборилгани кескин танқид остига олинган, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талаблари ижроси бўйича амалга ошираётган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш парламентнинг кунда­лик иши бўлмоғи зарурлиги алоҳи­да таъкидланган эди. Орадан бир йилдан ошиқроқ вақт ўтса-да, Сенатнинг айрим қўмиталарида бу борада­ ҳали-ҳануз ташаббускорлик етишмаяпти.
Давлатимиз раҳбари парламентнинг 2010 йил 28 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисида сенаторлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг вакили сифатида ўз фаолиятлари юзасидан уларга ҳисобот бериши кераклигини қайд этган эди. Бу бўйича механизм тўлиқ шаклланмагани, қолаверса, айрим сенаторларнинг буни англаб етмаганликлари учун ҳам ушбу вазифа ижроси етарлича таъминланмаяпти.
Шу билан бирга, айрим сенатор­лар томонидан сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, уларга ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот бериш, сайловчиларни ўйлантираётган муам­моларни шу тариқа ўрганиш, уларга ечим топишда сусткашликка йўл қўйилмоқда.
Бундан ташқари, сайловчиларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этишда Сенат аъзосининг сўрови имкониятларидан ҳам етарли фойдаланилмаяпти. Ваҳоланки, парламент фаолиятида бу воси­танинг муҳимлиги инобатга олиниб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонун такомиллаштирилди, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ҳамда Сенат аъзоси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли экани белгилаб қўйилди.
Янги қабул қилинган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятини ижрочиларга, кенг оммага етказиш, бу борада ОАВ имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар қўйилаётганига қарамай, айрим сенаторлар мазкур йўналишдаги ваколатларини амалга оширишга етарли эътибор қаратишмаяпти...
 
— Хўш, бу каби камчиликларни бартараф этиш учун Олий Мажлис Сенати томонидан қандай чора-тадбирлар белгиланган? Сизнинг назарингизда, бу борадаги фаолиятни янада ривожлантириш учун нималар қилиниши керак?
— 2016 йили Сенат фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича белгилаб олинган устувор вазифалардан келиб чиқиб, қонун ижодкорлиги борасида Сенат қўмиталарининг Қонунчилик палатаси қўмиталари билан ҳамкорлигини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаяпти. Қонунларни Сенатда кўриб чиқиш чоғида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш учун қонунлар лойи­ҳаларининг Қонунчилик палатасидаги дастлабки муҳокамаларида сенаторларнинг қатнашиши йўлга қўйилди.
Қўмиталарнинг назорат фаолияти билан боғлиқ қарорлари, шунингдек­, тавсияларининг ҳуқуқий, таҳририй жиҳатдан мукаммал тайёрланишига, уларнинг «Давлат тили ҳақида»ги қонун талабларига мос бўлишини таъминлашга ҳам жиддий эътибор бераяпмиз. Қонунлар ижроси­ юзасидан ўтказиладиган ҳар бир назорат тадбири тўлиқ, малакали ва сифатли ўтказилиб, натижасига кўра қонун ёки қонуности ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида тавсиялар бериш амалиёти жорий этилди.
Эътиборингизни яна бир муҳим масалага қаратмоқчи эдим. Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида одамларнинг мурожаатлари турли давлат органлари томонидан тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилмаётгани билан боғлиқ шикоятлар кўпайиб кетаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Президентимизнинг бу борада қўйган талабларидан келиб чиқиб, Сенат фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни қуйи­даги рақамлардан ҳам билиб олиш мумкин: агар 2014 йили Сенатга 5300 дан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, ўтган йили бу рақам қарийб 7400 тага етди.
Президентимизнинг Конституция­миз қабул қилинганининг 23 йиллиги­га бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида парламент назоратини ва прокуратура органлари фао­лиятининг қонунийлиги масаласини кўриб чиқиш заруратига алоҳида урғу берилган эди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 19 февралида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.
Шунингдек, Сенат аъзолари шу кунларда ўтказилаётган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини юқори савияда ўтказишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Хуллас, парламент фаолиятида ижобий маънодаги прагматик жараёнлар кўзга ташланаяпти. Бугунги кун дунё парламентаризмида қуруқ баҳс-мунозара эмас, унинг натижаси муҳим эканини ҳисобга олиб, парламентимиз аъзоларининг саъй-ҳаракати ҳам мамлакат ва жамият учун муҳим бўлган, аниқ амалий натижаларга олиб келадиган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга қаратилган.
Олдимизда кўп вазифалар туриб­ди. Иш жараёнида эса янгидан-янги таклифлар, фикр-мулоҳазалар юзага келиши табиий. Биз уларнинг барча­сини босқич­ма-босқич амалга ошириб­ бораверамиз ва бу, албатта, ишимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Асосийси, ислоҳотлар самарадорлигига, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш, ўз фаолиятимизга танқидий назар ташлаб, уни изчил яхшилаб бориш кундалик ишимизга айланган.
Жаҳонгир НАҲАНОВ
суҳбатлашди