“Huquq va burch” жавоб беради
Битимни бекор қилиш тартиби қандай?
04.06.2016
— Автомашина сотиб олиб, уни нотариус орқали расмийлаштирган эдим. Ҳозир шу ­битимни бекор қилдирмоқчиман. Буни қай тартибда амалга оширсам бўлади?
Дурбек ҲАСАНОВ,
Бекобод шаҳри
 
Саволга Бекобод шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси катта нотариуси Гулзира ШАРИПОВА жавоб беради:
— Фуқаролик кодексининг 101-моддасига кўра фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига битимлар деб айтилади. Мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни бекор қилиш ҳақида алоҳида битим тузилади ва у асосий битимга қўшиб қўйилади.
Нотариус тарафларнинг ўзаро хоҳиш-иродаси (аризаси) асосида битимни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида битимни­ тасдиқлайди. Аризалар реестрда қайд этилади. Битимнинг барча нусхалари ва реестрга битим бекор қилингани ёзиб қўйилади ҳамда унга нотариуснинг имзоси ва муҳри қўйилади.
Агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлса, нотариус улардан иккинчисининг (мулк олувчининг) битимни бекор қилишга рози экани тўғрисидаги (кўчмас мулк бўлган ҳолатда нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган) аризасини талаб қилади.
Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулкни бош­қа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимлар, шунингдек, мулк автомашина бўлган тақдирда, ушбу битимни бекор қилиш тўғрисидаги битим шу мулк жойлашган жойдаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органларига қайд этиш учун тақдим этилади. Нотариус буни тарафларга тушунтиради ва тасдиқловчи ёзувда ҳам кўрсатиб ўтади.
Битимлар бекор қилинган вақтда аввал тўланган давлат­ божи қайтарилмайди. Битимни бекор қилганлик учун энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида давлат божи тўланади.