Суд очерки
«Mclibel» иши»
04.06.2016
Одил судлов тартиби жорий этилганидан буён неча-неча сувлар оқиб кетди.
Шу кунгача суд тартибида ечимини топган низолар, кўрилган ишларнинг саноғини ҳеч ким билмаса керак. Аммо қайсидир жиҳати билан ҳуқуқшунослик тарихида ўчмас из қолдирган ишлар ҳам бор. Шулардан бири Буюк Британияда катта шов-шувга сабаб бўлган «McLibel» иши»дир. У мамлакатда энг узоқ давом этган суд жараёни сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Аммо ушбу суд ишининг рекордга айлангани эмас, жараёни эътиборга молик.
Британиялик икки фуқаро — Элен Стил ва Дэвид Моррис «McDonald’s» ресторанлар тармоғини инсон саломатлиги учун зарарли овқатларни тарқа­тиш ва атроф-муҳитга зиён келтиришда айблайди. 1994 йили бошланган мазкур суд жараёни уч йилга чў­зилган. Аммо алоҳида шахс­лар ва ташкилотларга қарши кичик-кичик даъволар кўринишида 2005 йилгача давом этди. Ўтган давр мобайнида юзлаб одамнинг гувоҳлиги­ тингланган, судга тақдим этилган ҳужжатлар эса бир неча ўн минг саҳифадан ошиб кетган. Қизиғи шундаки, мазкур суд жараёнининг ўзида жавобгарлар даъвогарларга қарши даъво қўзғатишга ҳам улгуришган. Бу эса «McLibel» ишининг яна узоқ йиллар чўзилишига сабаб бўлди.
Хўш, аслида нима бўл­гандики, иш судгача бориб етган? Буюк Британия матбуотида ёзилишича,­ 1971 йили ташкил этилган­ «Greenpeace»нинг Лондон бўлими унча катта бўлмаган мустақил жамоат ташкилоти бўлиб, номи «Яшил олам» деган маънони англатадиган экологик ташки­лотнинг Европадаги илк тармоғи ҳисобланади (бугунги кунда мазкур ташкилот экологик фаолият билан шуғулланмайди). 1985 йили ушбу муассаса­ «McDonald’s» компанияси ва, умуман, тезпишар овқатлар («fast food») саноа­тига қарши кураш кампаниясини бошлайди.
Хусусан, 1986 йили мазкур ташкилот «McDonald’s» корпорация­сининг иш услуби аёвсиз танқид қилинган олти саҳи­фали рисола чиқариб, Лон­дон кўчаларида одамларга­ тарқатади. «McDonald’s»нинг ёлғони нимадан иборат ёхуд компания билишингизни истамайдиган ҳамма нарса ҳақида» деб номлан­ган рисолада корпорация қу­йидагиларда айбланади:
— реклама кампанияларида болалар мажбуран ишлатилаётгани;
— ходимлар эксплуатация қилинаётгани, яъни белгиланганидан кўпроқ ишлатилиб, бунинг учун ҳақ тўланмаётгани;
— тропик ўрмонларнинг йўқ қилинаётгани;
— корпорация маҳсулотлари атроф-муҳитнинг оммавий равишда ифлосла­нишига сабаб бўлаётгани;
— корпорация маҳсулотлари одам соғлиғи учун зарарли экани, яъни муддати ўтган ва зарарланган гўштларни ишлатиб, мижозларни заҳарлаётгани;
— корпорация маҳсулотлари одам организмида­ ўрганишга мойилликни келтириб чиқариши;
— овқатлари таркибига­ сунъий кимёвий моддалар қўшилаётгани;
— ҳайвонларга ёмон муносабатда бўлаётгани, уларни шафқатсизларча ўл­дириб, бунинг учун жавоб бермаётгани;
— жуда кўп миқдордаги­ сув, гўшт ва бошқа маҳсу­лотларни сарф қилаётгани, бу орқали учинчи дунё мамлакатларида очарчиликнинг янада кенг қулоч ёйишига сабаб бўлаётгани;
— корпорация раҳбариятининг коррупцион қил­мишлари ва ҳоказо.
Ресторанлар тармоғи рисола муаллифини аниқлаш мақсадида яхшигина пулга хусусий изқувар ёллайди. Изқувар йўлини топиб, ташкилотнинг ичига­ кириб олади, атроф-муҳит ва табиатнинг ҳақиқий курашчисига айланади. Шу тариқа ўзи излаётган саволнинг жавобини ҳам топади. Рисолани бир эмас, беш киши ёзган бўлиб чи­қади. Корпорация рисола муаллифларига мурожаат қилиб, улардан даъводан воз кечишни, кечирим сўрашни ёки талабларини судда исботлаб беришни талаб қилади.
«McDonald’s Corpora-tion» ўша пайтдаёқ дунёдаги энг йирик ресторанлар тармоқларидан бири эди. Ўтган асрнинг 90-йилларида сайё­рамиз­нинг 94 та мамлакати­да унга қарашли 20 минг­га яқин ресторан мавжуд бўлиб, умумий савдо ҳаж­ми 30 млрд. доллардан ошарди. Шундан қарийб 2 млрд. доллари рекламага сарфланарди. Бу – 1995 йилдаги гап.
Инглиз қонунчилигига мувофиқ диффамация (жисмоний ёки юридик шахсни бадном қиладиган маълумотларни матбуотда эълон қилиш) билан боғлиқ суд жараёнлари силлани қуритадиган даражада узоқ давом этган ва жудаям мураккаб бўлган. Бунинг устига, судда ютқа­зилса, тўланадиган жарималар миқдори ҳам анча-мунчани ташкил қилган. Шунинг учун рисола муал­лифларидан уч нафари — Пол Граветт, Эндрю Кларк ва Жонатан О‘Фаррелл малакали юридик ёрдамсиз­ (Англияда, умуман, дунёнинг кўпгина ривожланган давлатларида профессионал ҳуқуқшунослар хизматидан фойдаланиш анча қиммат) қудратли компанияга қар­ши курашга ожизлик қиламиз, деган қарорга келиб, кечирим сўрашади. Икки нафари — Элен Стил ва Дэвид Моррис эса бундан бош тортади. Натижада компа­ния уларни судга беради.
Суд икки томон учун ҳам енгил бўлгани йўқ. Таъкидлаш керакки, катта ҳақ оладиган ҳуқуқшунослар ўзларининг гонорарларини ҳалоллаб олишди. Ричард Рэмптон (ўша пайтда «McDonald’s» ҳуқуқшуносларининг раҳбари бўлган) судьядан суд маслаҳатчилари парҳез ва одам саломатлиги билан боғлиқ мураккаб тушунчаларни мутахассис даражасида англай ол­маслигини важ қилиб, иш­ни уларсиз кўриб чиқишни илтимос қилади. Суд унинг илтимосини қондиради. Бундан ташқари, «McDonald’s» ҳуқуқшунослари даъвогарлардан рўй-рост кўриниб турган оддий нарсаларни ҳам исботлашларини талаб қилиб, уларнинг тинкасини роса қуритишади.
Шунга қарамай, Моррис­ ва Стил ҳам юридик нуқтаи назардан битта ажо­йиб юриш қилишади. Бунга «McDonald’s» корпорациясининг уларни ёлғончига чиқарган реклама варақаларини чоп этгани жуда қўл келади. «Яшил олам»чилар корпорацияни ўзларининг шаънини таҳқирлашда ва  пок номларини бадном қиладиган маълумотларни матбуотда эълон қилишда айблаб, судга қарши даъво билан мурожаат қилишади. Ушбу даъво аввалгиси билан бир вақтда кўриб чиқилади. Биринчи даъвога кўра Дэвид Моррис ва Элен Стил «McDonald’s» инсон саломатлиги учун зарарли овқатларни тарқатаётгани ва атроф-муҳитга зиён келтираётганини аниқ далиллар билан исботлаб бериши талаб этилган бўлса, қарши даъвога асосан корпорация ҳуқуқшунослари судни Моррис ва Стилнинг даъвоси асоссиз эканига ишонтириши керак эди.­
Дэвид Моррис ва Элен Стил оддий ҳаёт кечиради­ган инсонлар бўлиб, топган­ пуллари қоринларини тўй­ғазишга зўрға етган, холо­с. Бири оддий почтачи, бош­қаси эса бар ишчиси бўл­ган. Британиялик журналистларнинг аниқлашича, иккисининг йиллик дарома­ди 10 минг доллардан ош­маган. Судга харжлаган пуллари йиллик даромадларидан бир неча баробар кўп — салкам 65 минг доллар эди. Улар қандай қилиб бунча пулни топишди, дейсизми? Суд харажатлари (давлат божи, гувоҳларга тўланган пуллар, авиабилетлар)ни жамоатчилик тўплаб берган. Юридик ёрдам олишга қурблари етмагани учун улар асосан ишга доир ҳуқуқий масалаларни ўзлари ўқиб-ўрганишга мажбур бўлишган. Фақат аҳён-аҳёнда бепул адвокатлар ёрдамидан фойдаланиб туришган.
Қиёслаш учун: ўша пайтда Ричард Рэмптон кунига 3 минг доллар иш ҳақи олган. Компаниянинг мазкур суд ишига кетган харажати 15 млн. доллардан ошган. «McDonald’s» аввалдан агар мазкур ишда ютиб чиққан тақдирда ҳам низолашилаётган томондан компенсация талаб қилинмаслигини, улар бор-йўғи кечирим сўрашлари кифоя эканини маълум қилган эди. Компания учун пулдан ҳам кўра имиж муҳимроқ бўлиб, истеъмолчилар олдида ўзларини оқлаши ҳар қанча чиқимга ҳам арзирди.
Моррис ва Стилнинг ман­фаатларини ҳимоя қи­лиш учун судда «McDonald’s»­нинг маҳсулотларидан заҳарланган, фаст-фудлари ҳақида ёлғон маълумот берилганидан азият чеккан (масалан, семириб кетган), қўшимча ишлаб берган кун ва соатлари учун ҳақ олмаган 180 нафар гувоҳ иштирок этади. Ушбу суд ишига миллионлаб пулни аямаган корпорация билан Моррис ва Стилнинг молиявий имкониятларини солиштириб бўлмасди, ал­батта. Қўллари калталик қилгани учун ҳам улар суд­га кўплаб гувоҳларни чақира олишмайди. Масалан, даъвонинг «McDonald’s» томонидан тропик ўрмонларнинг йўқ қилинаётгани­ ҳақидаги бандини тасдиқлаш учун Жанубий Америкада яшовчи гувоҳларнинг келиб-кетиш харажатларини қоплашолмайди.
1995 йилнинг июнида, яъни даъво қўзғатилганига бир йил тўлиши муносабати билан «McDonald’s» вакиллари келишишни таклиф этиб, Моррис ва Стил корпорацияни танқид­ қилишни тўхтатса, ишни ёпди-ёпди қилишга ваъда беришади. Жавобгарлар учрашув ва суҳбатни яширинча ёзиб олишади. Суҳбатда «McDonald’s» вакиллари уларга дўст-улфатлар ўртасида, гап-гаштакларда корпорацияни танқид қи­лишлари мумкинлиги, аммо бундай ҳаракатдан ОАВ ёки варақа тарқатиш­ орқали тийилиш сўралади. Моррис ва Стил бунга жавобан хат ёзиб, агар «McDonald’s» ўз маҳсулотларини оммавий реклама қилишни тўхтатса (дўст­лар, танишлар даврасида ресторанни тарғиб қилиш бундан мустасно), юқоридаги шартларга рози бў­лишларини маълум қилишади. Хуллас, келишув амалга ошмайди.
1997 йилнинг 19 июнида­ бўлиб ўтган судда, ниҳоя­т, мазкур иш бўйича илк ҳукм ўқилади. Суд «McLibel» ишининг биринчи қисми, яъни «McDonald’s» даъво­сининг аксар бандлари бўйича ресторанлар тармо­ғининг фойдасига қарор чиқаради. Минг саҳифадан­ иборат суд қарорида, шунингдек, Моррис ва Стил томонидан тарқатилган рисоладаги айбловларнинг бир қисми ҳақиқат деб топилгани қайд этилган. «McDonald’s» ўз хизматчилари ва мижозларининг соғлиғига хавф туғдираётгани, реклама орқали чал­ғитаётгани, реклама кампанияларида болаларни мажбуран ишлатаётгани, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлаётгани, ходимларнинг турли уюшма ва иттифоқларга бирлашишига қаршилик қилаётгани, уларга жуда кам ҳақ тўлаётгани шулар жумласидандир.
Ресторанлар тармоғи судда қозонилган ғалабанинг қонуний бўлганини эътироф этиш баробарида, судьялар рисоладаги бир қатор айбловларнинг тўғрилигини тан олиб, юмшоқлик қилишган деб ҳисоблайди.
Таниқли британиялик эколог, «The Guardian» газетасининг атроф-муҳит бўлими мудири, «McLibel: бургер маданияти судда» асари муаллифи Жон Видал «McDonald’s»нинг бу ғалабасини Пирмонанд ғалаба1га қиёслайди. Жуда катта миқёсдаги юридик тортишув пиар-ҳалокат билан якун топди­. Чунки суд баҳона компаниянинг ҳар бир қадами оммавий ахборот воситала­рининг нишонида турди.
Бундан ташқари, суд харажатларига кетган 10 миллион фунт стерлингнинг олдида суд томонидан жавобгарлар зиммасига юкланган компенсация миқдори арзимас чақадай гап эди. Чунки суд «McDonald’s»га етказилган зарарни 60 минг фунт стерлингга баҳолаган эди. Стил ва Моррис бу пулни ҳеч қачон тўламасликларини айтиб, бу ҳақда апелляция ҳам беришади.
Бир сўз билан айтганда, «McLibel» иши Элен Стил ва Дэвид Морриснинг маънавий ғалабаси билан якунланди дейиш мумкин. Мазкур иш ҳалигача «McDonald’s»нинг жамоатчилик билан алоқалар борасидаги энг катта хатоси сифатида эътироф этилади.
Жамшид НИЁЗОВ,
«Huquq va burch» мухбири