Детектив
Хобби
06.04.2016
Роберт Блох
Кечки тўққизларда меҳмонхонадан чиқдим. Ҳаво ҳали ҳам дим экан – чан­қадим. Қайтиб меҳмонхона барида томоқ ҳўллашни ўйламасам ҳам бўларди – у ер нақ жиннихонанинг ўзи эди. Кливленд­да боулинг ҳаваскорлари кунлари бўлиб ўтаётган пайтда бу меҳмонхона ҳам улар эътиборидан четда қолмаган эди.
Эвклид-авенюдан борар эканман, шаҳарни боулинг­чилар ишғол этганига амин бўлдим. Йўлимда учраётган газакхоналарнинг барчаси енги калта кўйлак кийган қорувли йигитлар билан тўла эди. Уларни қўл­ларидаги тадбир иштирокчиларига берилган пластик карточкаси ва ­боулинг тўпи солинадиган думалоқ сумкаларидан ҳам ажратиб олса бўларди.
Хилватроқ жой қидириб Эвклид-авенюдан қайрилдим. Қўлимдаги сумка борган сари оғирлашаётгандек туюлар эди. Уни поезд келгунча вокзалнинг юк сақлаш камерасига топширишни режалаштирган, лекин чанқоқ зўрлик қилиб, бу томонга бурилган эдим.
Ниҳоят, маъқул жой топдим, бу ер унчалик шинам бўлмаса-да, ҳарқалай, кимсасиз эди. Яккаю ёлғиз бармен пештахтанинг нариги бурчагида бейсбол ўйинининг радиоприёмникдан берилаётган репортажига қулоқ тутиб ўтирарди.
Мен чиқаверишдаги баланд курсига ўтириб, сумкамни ёнимдаги курсига қўйдим. Кейин барменни чақирдим:
– Пиво, яхшиси, шиша­си билан бера қолинг, сизни яна овора қилиб ўтирмай.
Ўзимни хушмуомала одамдек тутишга уриндим. Бармен бунга эътибор бермади, индамай шишани узатгач, радиоприёмник олдига бориб, репортажни тинглашда давом этди. Шу орада яна бир мижоз кириб келди.
– Икки ҳисса виски, сув қўшаман деб овора бўлма.
Мен унга қарадим. Эллик ёшлардаги, чуқур ажинлардан кенг пешонаси худди тилиб ташлангандек кўринадиган тақир бош бир барзанги. Кўйлаги устидан пиджак кийган,­ қўлида эса худди меникига ўхшаш қора, думалоқ сумка. У сумкасини олдим­даги курсигага ташлаб, бармен­ келтирган вискини қўлига олди. Бошини ортга ташлаб, бир кўтаришда ичди-да, бўш стаканни барменнинг қўлига тутқазди.
– Яна такрорла. Радионинг овозиниям пасайтир.
Чўнтагидан бир даста ғижимланган пул чиқарди.­
Бармен бир зум тараддудланиб турди. Лекин пештахтага ташланган пул­ни­ кўриб, елкасини қисиб қўй­ди-ю, бориб радиоприёмникнинг овозини охири­гача па­сайтирди. Унинг ­хаёлидан нима ўтганини тушундим.
Иккинчи стакан виски ҳам биринчисининг ортидан кетди.
– Тағин қуй-чи.
Бармен яна қуйди, пулни кассага қўйиб, радиосининг ёнига қайтди. Энкайганча шарҳловчининг овозига қулоқ тутди.
Олдимдаги нотаниш нус­ханинг учинчи стаканниям кўтаришини кузатиб турдим. Олти унция виски икки дақиқада ўз кучини кўрсатди, унинг бўйни қизара бошлади. Жағи ҳам очилди.
– Лаънати бейсбол, – пўнғиллади барзанги, – мана шу бўлмағур нарсанинг нимасига қулоқ солишади, тушунмайман. – Қўли билан пешонасининг терини арта туриб менга кўзини қисиб қўйди. – Булар учун дунёда бейсболдан бошқа нарса йўқ. Томи кетган бир тўда жинни ёз бўйи бақириб, асабийлашади. Кейин­ куз келади, футбол бошланади. Эй, худо, ундан нима топган-а, булар?
– Ҳар кимнинг ўз ҳоббиси бўлади.
– Қўшиламан. Лекин айтинг-чи, бу қанақа ҳоб­би?! Бир тўда горилланинг алланимага ўхшаган тўпни деб ёқалашувидан завқланиш учун одам қанчалик тентак бўлиши керак. Аслида, мен сизга айтсам, уларга ким ютишининг қизиғи йўқ. Кўпчилик бутунлай бошқа нарса учун боради. Сиз, оғайни, ўшанақа ўйинларга тушганмисиз ҳеч?
– Ҳа, бир-икки тушганман.
– Унда нима демоқчилигимни тушунасиз. Уларнинг қанақа ўкиришини эшитгансиз-а? Фақат бақириш учун тушишади улар. Нима деб бақиришади? «Ҳакамга ўлим!», «Ҳакам унақа, ҳакам бунақа...»
Пивони ичиб бўлиб, ўрнимдан қўзғалдим. Барзанги пештахтани чертиб, барменни чақирди. Менга қараб:
– Оғайни, менинг ҳисобимдан битта ичинг, – деди.
Мен рад этдим:
– Узр, соат ўн иккидаги­ поездга улгуришим керак.
– Ўн иккигача ҳали анча бор, – деди у соатига қараб.
Рад қилиш учун оғ­зимни­ очгунимча бармен янги ши­шани очиб, вискидан қуйиш­га улгурди. Нотаниш ҳамсуҳбатим гапида давом этди:
– Футбол бунданам баттар. У ерда йигитни синдириш мумкин. Оломонга шу керак. Улар, оғайни, қонсирай бошлайди ва тубан махлуққа айлананади-қолади.
– Билмадим. Лекин бу одамнинг ҳовурини босадиган энг безарар усул.
– Тажангликни кетказишга кетказар, лекин беза­рар деганингизга қўшилмай­ман. Бокс ёки рестлинг­ни олинг (рестлинг – театр­лаштирилган, ўзида жанг санъати ва шоу элементларини жамлаган спорт тури). Шуям спортми?­ Буниям ҳобби дейсизми? Одамлар бировнинг абжағини чиқаришларини томоша қилишни хуш кўришади. Фақат буни тан олишмайди. Ов ёки балиқ тутиш-чи? Буям худди шу. Милтиқни олиб ҳеч бир айбсиз, мияси йўқ ҳайвонни отасиз. Ёки чувалчангни бурдалаб, чангакка ­иласиз-да, шўринг қўрғур балиқнинг тангла­йига ­санчасиз...
– Шошманг… Сиз ҳаммани садистга чиқариб қўйдингиз-ку?
У менга кўз қисиб қўйди.
– Баландпарвоз гапларнинг кераги йўқ. Буларнинг бари нотўғрилигини ўзингиз ҳам биласиз. Эртами-кечми ҳаммада уйғонадиган бу истакни спорт ўйинлари охиригача қондиролмайди. Шунинг учун одамлар уруш чиқаришади. Оммавий қотиллик учун зўр баҳона бу. Шунинг орқасидан миллионлар қирилиб кетади.
Ницше ўзини файласуф деб ўйлаган. Аслида, манави икки ҳисса вискини кўрдим демай ичадиган одам – файласуф.
– Хўш, ечим борми? – дедим киноясиз гапиришга­ уриниб. – Фақат қотиллик­ учун жазони бекор қилиш тарафдориман деманг.
– Эҳтимол, – тепакал бўш стаканга ўйчан тикилиб қолди, – гап кимни ўлдиришда. Масалан, дайдини, суюқоёқ аёлни ёки маст одамни... Ҳеч ким сўрамайдиган, итиям-би­тиям йўқ, оиласи, рўзғори йўқ кимсани.
– Сиз шундай қилган бўлармидингиз? – Унга тикилиб қарадим.
У кўзларини олиб қоч­ди. Жавоб беришдан олдин­ сумкасига бир қараб қўйди.
– Тилимдан тутишга уринманг, оғайни, – деди у хунук тиржайиб. – Мен қотилмасман. Шунчаки, йигирма йил олдин мана шу шаҳарда қотиллик қи­либ ном чиқарган йигит эсимга тушиб кетди.
– Уни танирмидингиз?
– Йўқ, албатта. Уни ҳеч ким танимаган. Кливлендлик маньяк дейишарди­ уни. Тўрт йилда ўн учта қурбон. Унинг изига тушгунча полициянинг эси оғиб қолай деди. Уни шаҳарда ҳафта охирида, дам олиш кунлари пайдо бўлади, деб тахмин қилишарди. Одатда, у бирор дайди ёки суюқоёқни топиб, ичкилик билан авраган. Кейин эса сўйиб ташлаган. Сўйгандаям…
Мен туриб, сумкамни қўлимга олдим.
Барзанги хохолаб кулиб юборди:
– Қўрқиб кетдингизми, оғайни! Бу ўттиз саккизин­чи йилдаги гаплар. Кейин­ уруш бошланиб қолди. Балки у ҳунарини яна давом эттириш учун урушга кетгандир. Фақат бу сафар қотил эмас, қаҳрамон сифатида шуҳрат қозонган бўлса керак. Тушунтиролдимми? Ҳеч бўл­маганда, уруш майдонидаги муғомбир қўрқоқлардан бўлмагани аниқ...
– Эй, тинчланинг. Ҳиссиётга берилиб кетмаяпсизми? Бу бор-йўғи сизнинг назариянгиз.
– Менинг назариям? Бўлиши мумкин. – У овозини пасайтириб гапирди: – Лекин  бугун бошимдан ўтган воқеаларни айтсам, ҳай­рон қоласиз, оғайни. Нима деб ўйлайсиз, мен нега кетма-кет сипқораяпман?
– Боулинг ишқибозлари­нинг бари ичади. Лекин спортга тоқати йўқ одамнинг боулинг билан шуғулланишига тушунолмай турибман.
Тақирбош мен томонга энгашди.
– Сизга ким айтди мени боулинг билан шуғулланади деб? – секин пичирлади у.
Мен бир нима дейишга улгурмадим, полиция сиренаси эшитилди.
Бармен радиодан бошини кўтарди:
– Биз томонга келаётганга ўхшайди.
Нотаниш суҳбатдошим эшикка қараб юра бошлади. Унга етиб олдим.
– Сумкангизни унутдингиз.
– Э, раҳмат, оғайни.
У чиқиб кетди. Лекин ўзини катта кўчага эмас, қоронғи тор кўчага урди ва зумда кўздан ғойиб бўлди.
Мен ҳамон эшик ёнида эдим. Сиренаси қулоқни қоматга келтириб патруль машинаси етиб келди. Ундан тушган сержант оёғи остига тимирскиланганча бар томонга кела бошлади. Бошини кўтарганида менга кўзи тушди.
– Гавдали, тақир бош эркакни кўрмадингизми? Қўлида сумкасиям бор.
– У бу ердан икки да­қиқа олдин чиқиб кетди.
– Қайси томонга?
Тор кўча томонга ишора­ қилдим. Сержант ҳайдовчига нимадир деди, маши­на жойидан қўзғалди. Ўзи ортига қайтди, мени итариб, бар ичкарисига олиб кирди.
– Қани, ҳаммасини гапириб беринг-чи.
– Тушунмадим, нима гап ўзи?
– Қотиллик содир этилган. Боулинг байрамига келганлар яшаётган меҳмонхонада. Бир соатча олдин хоналарнинг биридан чиққан кишининг орқа зинадан тушиб кетаётганини кўриб қолган хизматкор­ уни ўғри деб ўйлаган.
– Ўғри?
– Майда ўғри. Бунақалар ҳозир меҳмонхоналарнинг атрофида изғиб қо­лишган. Хоналарни кўпинча очиқ қолдиришади, билдирмай кириб олган муттаҳам қўлига илинган нарсани олиб чиқиб кетади.­ Хизматкор синчков экан, тезда меҳмонхона қўриқчиларига хабар берган. Лекин ўша нусханинг қайси хонадан чиққанини аниқлаган қўриқчи буни жиддий қабул қилмаган. Негаки, у хонада, ҳалиги... боулинг ишқибозларининг кўнглини хушлаб пул топадиган аёл яшаган.­ Қўриқчи уни ўша аёлнинг мижозларидан деб ўйлаган.­ Лекин бироз ўтиб, ўша хона эшиги қия очиқ турганини кўрган хизматкорлардан бири ичкарига мў­ралаган. Анави аёлни ётоғида сўйиб кетишибди...
Дамим ичимга тушиб кетди.
– Ҳозир бу ердан қочиб кетган одам... У кливленд­лик маньяк ҳақида гапирган эди. Мастлигида алжираяпти деб ўйловдим...
– Бу сумка сизникими?­ – Сўради сержант курсига ишора қилиб.
Бошим билан тасдиқ ишорасини қилдим.
– Очинг уни, – буюрди у.
Қўлларим қалтираб, зўрға очдим.
Сержант унинг ичига кўз ташлаб, хотиржам тортди:
– Ҳаммаси жойида. Анави одамдаям сумка бормиди?
Мен яна бош қимирлатиб тасдиқладим.
– Демак, у биз қидираётган одам. Муюлишдаги газетфуруш тасвирлаган одам билан хизматкор тасвирлаган нусха бир одам бўлиб чиқаяпти.... У из қолдириб кетибди, полга қаранг... Сумкада боулинг тўпи бўлмагани аниқ.
Кўз ўнгимда хонанинг шифтлари гир айланаётгандай бўлди, курсига беҳол ўтириб қолдим.
Кўчадан ранги учган пат­руль югуриб кириб келди.­
– Жиноятчи ушландими? – сўради сержант.
– Улгурмадик. Берк кўча охирида девордан ошиб ўтиб, тўғри катта йўлга сакрабди. Юк машинасини кўрмай қолган шекилли, уриб кетибди.
– Ўлибдими?
Патрул бошини қимирлатиб қўйди.
– Лейтенант ўша жойда­ қолди. Олиб кетиш учун одам чақирди. Лекин уни асфальтдан битталаб териб олиш керак бўлади. Ҳозирча шахсини аниқлайдиган ҳеч нарса топилмади.
Сержант сўкиниб қўйди.
– Нимаям қилардик, бал­ки у оддий бир ўғридир. – Ҳозир Хэнсон унинг сумкасини олиб келади. Машина урган пайтда четга учиб кетган экан.
Эшикдан Хэнсон кириб келди. Сержант унинг қўлидаги сумкани олиб курси устига қўйди.
– Сумкаси шунақамиди?
– Ҳа, – дедим ва сержант уни очаётганда тескари қараб олдим. Уларнинг юзини кўришни истамадим. Лекин барибир чўчиб кетган овозларини эшитдим.
Кетишимга рухсат беришмади, гувоҳлик беришим керак экан.
Уларга ҳаммасини: жиноятчининг спорт ишқибозларию қотилларга муносабати ҳақидаям, қурбонларни биров суриштирмайдиган дайдилар, фоҳиша ёки пиёнисталар орасидан танлаш борасидаги қарашлари ҳақидаям гапириб беришимга тўғри келди.
– Јалати-я, нима дедин­гиз? Лекин мен уни шунчаки мастликда алжираяпти деб ўйлаган эканман.
Сержант яна сумкага, кейин менга қаради.
– У жиддий гапирган. Булар унинг миясига ўтириб қолган кўринади. Йигирма йил олдин полиция изига тушиб, аҳволи танг бўлганида шаҳардан кетишга мажбур бўлган. Эҳтимол, урушга, Европага кетгандир. Ўша ёқлардаги қўшинлар таркибида бўлгандир шу пайтгача. Ўрганган кўнгил, кейин бу шаҳардаги эски ҳунарини яна қўмсаб қолган.
– Нега? – сўрадим мен.
– Ким билсин, балки ҳоббисидир. Шуни ўзига эрмак қилиб олган. Тасав­вур қилинг-а, одам гавжум­ меҳмонхонада шундай иш қилиш учун қанақа асаб керак одамга.
Сержант юзимдаги ўзгаришни сезиб, елкамга қоқиб қўйди.
– Узр сўрайман. Аҳволингизни тушуниб турибман, жуда қалтис вазиятдан­ омон қолдингиз... У дунёда­ яшаб ўтган савдойи қотилларнинг энг ақллиси бўлса керак. Нима бўлгандаям, бугун омадингиз келди.
Унинг гапини тасдиқлаган кўйи эшик томон юрдим. Ҳали кечки поезд­га улгураман.
Сержантнинг энг ақлли қотил деган гапига қўшила­ман. Бугун омадим чопгани ҳақидаги гапларигаям.
Мен охирги дақиқада, анави овсар бардан югуриб чиқаётганида сумкани бериб юборишга улгурганимни назарда тутаяпман. Айниқса, сумкаларни алмаштириб қўйганимни сезмагани ақл бовар қилмас даражада омадли чиқди.
Шавкат ЁДГОРОВ
таржимаси