Детектив
Эврилиш
04.02.2016
Назоратчи этикдўзлик устахонасига келган пайтда Жимми Валентайн ҳафсала билан ултонга бигиз ураётган эди. Назоратчи уни турма девонхонасига бошлаб келди. Бу ерда турма бошлиғи унга губернатор имзолаган афв қоғозини тутқазди.
Жимми нари борса уч ой ўтираман деб ўйлаганди, аммо тўрт йиллик жазо муддатининг қарийб ўн ойини ўташига тўғри келди. Ваҳоланки, Жимми Валентайннинг ташқаридаги дўстларининг имконият­лари инобатга олинса, унинг сочини тақир қилишга ҳам улгурмасликлари керак эди.
– Хўш, Валентайн, – деди назоратчи, – эртадан озодликка чиқасиз. Энди ўзингизни қўлга олинг ва инсон бўлинг. Аслида, юраги тоза йигит­сиз. Сейфбузарликни йиғиштириб, буёғига ҳалол яшайсиз, деган умиддаман.
– Буни менга айтаяпсизми? – ажаблангандай сўради Жимми. – Мен ахир умрида бирон марта сейфни ўмарган одам бўлмасам...
– Ҳа-я, албатта, – кулди­ назоратчи. – Шунчаки айт­дим-да. Ўзи Спрингфилддаги ўғирлик учун нега сиз­ни қамашган эди? Менимча, сиз қандайдир олийна­саб хонимнинг шаънини ўйлаб ўзингизни оқлашга далил келтиролмагансиз? Тўғри топдимми? Ё бўлмаса суд маслаҳатчиларининг сизда хусумати бўлган, шундайми? Сиз каби айбсиз айбдорлар билан одатда шундай бўлади-ку.
– Нималар деяпсиз, жаноб?! – деди Жимми баттар таажжубланиб. – Мен ҳеч қачон Спрингфилдда бўлмаганман!
– Олиб кетинг уни, Кронин, – деди назоратчи ёрдамчисини чақириб. – Эрталаб еттида уни ­тартиб бўйича кийинти­риб, чиқариб юборасизлар. Сиз эса, Валентайн, маслаҳатимни яна бир бор ўйлаб кўринг.
Эртаси куни эрталаб, соат етти-ю йигирмада турма девонхонасида давлат ихтиёрсиз меҳмонларини кузатаётиб берадиган беўхшов бичимли костюм ва оч жигарранг ғарчли этикдаги Жимми турарди.
Котиб қоидага кўра унга темирйўл чиптаси ва беш долларлик қоғоз пул берди. Унинг қўлини сиқиб қўйган назоратчи эса сигара билан сийлади.
Шундай қилиб, 9762-рақамли маҳбус Жимми Валентайннинг исм-фамилияси «Губернатор томони­дан афв этилган»лар рўй­хатига кўчирилаётган пайт­да у хуррам бир кайфиятда турма дарвозасидан узоқлашиб бораётган эди.
Эндигина барг ёзган дарахтлар шохидаги  қушларнинг чуғури, атрофни тутган анвойи гуллар ифори – буларнинг ҳеч бири Жиммининг эътиборини тортмади. У тўппа-тўғри ресторанга йўл солди. Бу ерда озодликнинг биринчи нашидасини тотиш учун қовурилган жўжа ва бир шиша оқ мусаллас билан ўзини сийлади. Кейинига назоратчи берган сигарадан­ кўра яхшироқ навдаги сигара тутатди. Ресторандан чиқиб, бамайлихотир темирйўл вокзалига қараб жўнади. Вокзал эшигида ўтирган сўқир тиланчига чорак доллар садақа бергач, жўнашга шайланган поездга илинди.
Уч соатдан кейин штат чегараси яқинидаги кичик бир шаҳарчада поезддан тушиб қолган Жимми қандайдир Майк Долан деган кимсанинг кафесига кириб борди.
– Буни олдинроқ қи­лолмаганимиз учун кечир, ўғлим Жимми, – деди у билан қўл сиқиб кўришар экан Долан. – Спрингфилд­дан протест киритишди, бунинг устига, губернаторнинг ўжарлиги тутиб қолди. Аҳволинг яхшими?
– Зўр, – деди Жимми. – Калитим сендами?
У калитни олиб тепа қаватга кўтарилди. Йўлак охиридаги хона эшигини очди. Ҳаммаси у кетаётган­да қандай ҳолатда бўлса, шундайича турган эди. По­лициячилар Жиммини тутиш учун ташланишгандаги олишув чоғида машҳур­ изқувар Бен Прайснинг кўй­лагидан узилган ёқа тугма­си ҳалиям полда ётарди.
Жимми йиғма кароватни­ нари суриб, деворга қоқилган тахтакачлардан бирини­ жойидан кўчирди. Унинг орқасидан чанг босган чамадонни чиқариб олди.
Жимми шошилмай чамадонни очди ва шарқий штатлардаги энг зўр қулф­очқичлар жамланмасини завқ билан кўздан кечириб чиқди. Бу махсус тобланган пўлатдан ишланган сўнгги намунадаги парма, кескичлар, парма тишлари­, очқичлар, омбурлар ва яна Жиммининг ўзи ихтиро қилган аллақандай асбоблардан иборат жамланма эди. Буларни ясатиш унга тўққиз юз доллардан ҳам кўпга тушган эди.   
Ярим соатлардан сўнг Жимми пастга тушди. Эн­ди унинг эгнида ажойиб костюм, қўлида эса ялтиратиб тозаланган чамадонча бор эди.
  – Бирон нима тамадди қиладиларми? – сўради Майк Долан.
  – Менми? –  ажаблангандай сўради Жимми. – Билмасам. Камина Нью-Йоркдаги уваланувчан нон­қоқ ва янчилган буғдой компаниялари бирлашмаси вакилиман.
  Бу гапдан завқи келган Майк шу заҳоти Жиммига сут қўшилган содали сув қуйиб узатди.  У спиртли ичимликларни оғзига ҳам олмасди.
 Ўша, 9762-рақамли маҳбус озодликка чиққан кундан бир ҳафта ўтиб, Индиананинг Ричмонд шаҳрида фавқулодда устомонлик билан ўғирлик содир этилди: сейфдан сак­киз юз долларни ўмарган ўғри ўзидан ҳеч қандай из қолдирмаган. Икки ҳаф­тадан кейин эса Логанспорт банкидаги бир ярим минг доллар сақланаётган патентланган, такомиллаштирилган ва суғурталанган сейф осонгина тозалаб кетилди: ўғри қимматли қоғозлар ва кумушга тегмаган. Изқуварлар ишга киришгунга қадар Жефферсон-ситидаги эски банк сейфидан пуллар вулқондай отилиб, нақд беш минг доллар қоғоз пул учиб чиқиб кетди. Бошқа молия муассасалари ҳам жиддий зарар кўраётган эди. Бу иш билан шуғулланиш Бен Прайснинг зиммасига юкланди.
Солиштириш йўли билан барча ўғирликлар жу­даям ўхшаш усулда амалга оширилгани аниқланди. Жиноят жойида ҳозир бўлган Бен Прайс ҳаммага эшиттириб гапирди:
– Бу Франт – Жимми Валентайн услуби. Демак, у яна эски ҳунарини бошлабди. Мана бу махфий қулфнинг осонгина, хамирдан қил суғургандай ситиб­ олинганига қаранг. Бунга имкон берадиган омбурлар фақат унда бор. Эътибор беринг, лўкидон ниҳоятда аниқлик билан тешилган. Жимми ҳеч қачон биттадан ортиқ тешмайди. Ҳа, буни жаноб Валентайндан бошқа одам қилмаган.  Бу сафар у қанча керак бўлса, шунча ўтиради. Ҳеч қанақа афв ёки муддатидан олдин озод қилишга йўл қўйилмайди. Етар шунча майнабозчилик.
Спрингфилд иши бўйича тергов олиб борган Бен Прайс Жиммининг одатла­ридан хабардор эди. Муттасил кўчиб юриш, тезда ғойиб бўлиш, ёлғиз иш кўриш ва садоқатли улфатлар – буларнинг барчаси Жимми Валентайнга муқаррар жазодан қутулиб кетиш имконини берарди. Нима бўлгандаям, қўлга тушмас қулфбузарнинг изига Бен Прайснинг тушгани ҳақида эшитган пўлат сандиқ соҳиблари эркин нафас олишди.
Кунларнинг бирида қў­лида ихчамгина чамадон кўтарган Жимми Валентайн Арканзас штатининг бир тупчагида, темирйўлдан беш мил узоқликда жойлашган Элморе деган шаҳарчада пайдо бўлди. Кўрган одам уни таътилда­ уйига қайтган спортчи талаба деб ўйлаши тайин эди. Ёғоч тўшамали йўлакдан шаҳар марказидаги меҳмонхоналар томон кетаётганида кўчани кесиб ўтган ёшгина қиз Жимми­нинг эътиборини тортди.
Қиз ундан илдамлаб, пештоқига «Банк» деган ёзув илинган бинога кириб­ кетди. Қизнинг кўзларини­ тутишга улгурган Жимми кимлигини унутди. Гўё у бутунлай бошқа одамга айланди-қолди. Қиз ундан кўзларини олиб қочар экан, ёноқларига қизиллик югурди.
Элморе кичик шаҳар, бу ерда сумбати-ю юриш-туриши Жиммидақа йи­гитлар ҳар куниям учрайвермайди.
Жимми худди акционердай банк эшиги олдида сер­райиб туриб қолди. Кейин шу ўртада ўралашиб юрган болакайдан шаҳар ҳақида суриштира бошлади. Берган ҳар бир бамаъни жавоби учун ўн сентлик чақа олаётган зумраша қувгина экан.
Кўп ўтмай бояги қиз банк эшиги олдида пайдо бўлди. Бу сафар у чамадон кўтарган пўрим йигитни атай кўрмасликка олиб ўтиб кетди.
– Менимча, бу Полли Симпсон хоним бўлса керак.­ Тўғрими? – сўради Жимми муғомбирлик билан.
–Йўғ-э, – деди болакай, – бу Аннабел Адамс-ку­. Банкирнинг қизи. Сиз ўзи Элморега нима иш билан келгансиз? Тақиб олган занжирингиз тилладанми? Яқинда менга булдог совға қилишади. Сизда­ ўн сентликдан яна борми?­
Жимми банк яқинидаги­ «Плантатор» отелига қўнадиган бўлди. Хона олаётга­нида ўзини Ральф Д.Спенсер деб таништирар экан, хизматчи сўрамаса-да, Эл­морега тижорат учун келгани, агар ишлари юришиб­ кетса, шаҳарчада муқим қолмоқчи экани ҳақида гап очди. Орада ундан бу ерда оёқкийим савдосининг ҳолати, шу борада қандай маслаҳат бера олишини ҳам сўраб қўйди.
Жиммининг кийиниши ўзини Элморенинг кам сонли «олтин ёшлари»дан сановчи отел хизматчисининг диққатини тортмай қолмади. Шу сабаб саволларга билганича жавоб бе­раётган йигитчанинг фикри-зикри кўпроқ Жиммининг галстугини қандай тукканини тушуниб олиш билан банд эди.
Унинг айтишича, оёқ­кийим савдоси билан шуғулланиб кўриш мумкин­. Чунки, шаҳарчада оёқки­йим сотадиган алоҳида дўкон йўқ, у билан универсал дўконлар ва баққоллар савдо қилар экан. Йигитча шаҳарча аҳолиси жудаям дилкаш ва одамшаванда эканини, агар мистер Спенсер Элморега кўчиб келса, ҳечам афсусланмаслигини айтишниям унутмади. 
Бошида мистер Спенсер бу ерларни ўрганиб чиқиш учун бир неча кун қолмоқчи эди. Аммо гўё қақнусдай бехос муҳаббат оташига дуч келган Жимми Валентайннинг кулидан қайта яралган мистер Ральф Спенсер Элмореда узоқ қолиб кетди.
Бу ерда унинг омади чопди. Оёқкийим дўконини очиб, мижоз орттирди. Тез орада шаҳарчанинг нуфузли доираларида ҳам ўз ўрнига эга бўлиб олди. Таниш-билишлари кўпайди. Ниҳоят, астойдил интилган мақсадига ҳам етди: маҳбубаси Аннабел Адамс билан танишишга мушарраф­ бўлди. Бора-бора буткул унинг асирига айланди.
Йил охирлаган бир пайт­да мистер Ральф Спенсер­нинг ҳолати шундай эди: унинг жамотчилик орасидаги нуфузи баланд, тижорати гуркираган, икки ҳафтадан кейин эса у мисс Аннабел Адамсга уйланади.­ Провинциал банкирларнинг типик вакили бўлган мистер Адамс унга ана шун­дай илтифот кўрсатган­ эди. Аннабел-чи? Аннабел уни бениҳоя севар ва у билан фахрланарди. Спенсерни мистер Адамс хонадонида ҳам, Аннабелнинг турмушга чиққан опасининг хонадонида ҳам худди шу оила аъзоси сифатида қабул қилишар эди.
Ана шундай кунларнинг бирида Жимми ўз хонасига қамалиб олиб Сент-Луисдаги эски қадрдонларидан бирига мана бундай мазмунда мактуб ёзди:
«Қадрли дўстим! Сен билан келаси чоршанба кечки соат тўққизда Литл-Рокда, Салливанникида кўришишим керак. Мен учун баъзи бир ишларни якунлаб қўйишингга тўғри келаяпти. Бундан ташқари, сенга ўзимдаги асбоб-анжомлар жамланмасини совға қилмоқчиман. Бундан хурсанд бўлишингни биламан. Бунақасини минг долларга ҳам тополмаслигинг аниқ.
Биласанми, Билли, эски ҳунаримни ташлаганимга яқинда бир йил бўлади. Энди мен дўкон очиб, ҳа­лол тирикчилик қилаяпман­. Бу дунёда ҳалол яшасаям бўлар экан. Буёғига миллион беришса ҳам бировнинг бир долларига хиёнат қилмайман. Икки ҳафтадан кейин дунёдаги энг яхши қизга уйланаман. Тўйдан кейин дўконимни сотиб ғарбга кетмоқчиман. У ерларда, ҳарқалай, эски қилмишларимнинг оқибатларидан бехавотир яшасам бўлар.
Билли, ишонсанг, у фариштанинг ўзгинаси. У менга ишонади, шунинг учун ҳам қаллобликка бошқа қўл урмоқчимасман.
Қисқаси, қандай бўлмасин Саллиникига етиб кел. Кўришишимиз керак. Асбобларни ўзим билан оволаман.
Эски оғайнинг Жимми».
Кейин хатни ишончли манзилга жўнатди.
Жимми ўша хатни ёзган куннинг эртасига, душанба­ куни кечқурун Бен Прайс ҳеч кимга сездирмасдан, ёлланган кабриолетда Элморега кириб келди. Шаҳарчада бамайлихотир айланиб юриб, керакли маълумотларни тўплашга киришди. Оёқкийим дўкони рўпарасидаги дорихона деразасидан Ральф Д.Спенсерни кузатар экан, «Банкирнинг қизига уйланишни­ истаб қолибсан-да, Жимми! Тўғриси, нимани режа қилганингни билолмаяпман», – деб қўйди ўзича.
Эртаси куни Жимми нонуштани Адамслар хонадонида қилди. У тўй костюмига буюртма бериш ва Аннабелга у-бу харид қилиш учун Литл-Рокка кетаётган эди. Бу унинг Элмореда қўним топганидан буён биринчи марта  шаҳарчадан ташқарига чиқиши эди. Эски ҳунарини ташлаганига ҳам бир йил бўпқолди, унингча, энди бемалол юрса бўлар.
Нонуштадан кейин ҳаммалари – мистер Адамс, Аннабел, Жимми ва Аннабелнинг турмуш қурган опаси биргаликда шаҳар марказига қараб йўл олишди. Аннабелнинг опаси би­ри беш, бири тўққиз ёшдаги икки қизини ҳам эргаш­тириб олган эди. Улар Жимми ҳозиргача яшаб келаётган отел олдидан ўтаётганларида у ўзининг номерига чиқиб ўша чама­донини олиб тушди. Кейин­ яна йўлда давом этишди. Мистер Адамсга қа­рашли банк олдига етиб келишган пайтда Жиммини­ темирйўл вокзалига элтиб қўйиш учун от қўшилган экипаж кутиб турарди.
Ҳаммалари баланд, нақ­шинкор эман тўсиқ орти­даги банк биносига кириб боришди. Мистер Адамснинг бўлажак куёви сифа­тида ҳамма жойда эҳтиром­ билан кутиб олина бошла­ган Жимми ҳам бошқалар­ қатори ичкарига кириб борди. Аннабел хонимга уйланаётган назокатли йи­гитнинг тавозе билан сўрашаётганидан ходимларнинг боши кўкка етди.
Жимми чамадонини ер­га қўйди. Хурсандчилиги ичига сиғмай кетаётган Аннабел Жиммининг шляпасини бошига қўндириб, унинг чамадонини кўтариб олди.
– Мендан яхши коммивояжер чиқармикан? – деди Аннабел унга қараб, – Эй худо, мунча оғир бўлмаса бу? Олтин ёмбига тўлдириб олганмисиз дейман…
– Пойабзал учун никелланган қошиқчалар, – хотиржам тарзда жавоб берди Жимми. – Уларни эгасига қайтармоқчиман. Ортиқча харажат бўлмасин деб ўзим билан олиб кетаяпман. Шунақа тежамкор бўлиб бораяпман.
Банкка яқиндагина омонатлар сақланадиган янги сейф олиб келишган эди. Мистер Адамс бу билан жуда фахрланар, ҳаммани уни томоша қилишга  мажбурларди гўё. Сейф унчалик катта бўлмасаям патентланган эшиги жуда мустаҳкам ишланган эди. Унга тутқичини бир марта­ бураш билан дарров қулф­ланиб қолувчи ва соат механизми ёрдамида очиладиган учта оғир пўлат лўкидон ўрнатилган эди. Мистер Адамс ним табассум билан бўлажак куёви­га сейф механизмининг ишла­шини тушунтира бошлади.­ Жимми унинг гапларига  диққат билан қулоқ тутаёт­ган бўлса-да, юзидан асли­да ҳеч вақони тушунмаётга­ни кўриниб тургани унинг кулгисини қистаётган эди.
Бу антиқа пўлат сандиқ ғаройиб соати ва тугмачалари билан қизалоқлар Мей ва Агатани ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳайратга солган эди.
Ҳамма сейф билан овора бўлиб турган бир пайт­да банкка бепарво юриш қилиб Бен Прайс кириб келди. Унинг йўлак панжарасига тирсагини қўйиб суяниб туришидан тасодифан келиб қолган деб ўйлаш мумкин эди. Бен ўзига савол назари билан қараган банк ходимига бир танишини кутиб турганини айтди.
Қўққисдан бинони аёл кишининг қаттиқ чинқири­ғи тутди. Югур-югур бошланди. Катталар гапга чал­ғиган пайтда тўққиз ёшли Мэй ўйин билиб Агатани сейфга қамаб қўйибди. У мистер Адамс томошаталабларга сейф эшигининг ишлаш механизмини кўр­сатгандагидай лўкидонни суриб, комбинацияли қулф дастагини айлантирган.
Қари банкир сейф эшигига ўзини урди, уни торт­қилай бошлади.
– Эшикни очиб бўлмайди, – деди у ҳансираб, – соати тўғриланмаган, боғловчи механизм ҳали ўрнатилмаган эди.
 Агатанинг онаси жа­завага тушиб чинқира ­бошлади.
– Жим! – деди мистер Адамс титраётган қўлларини юқори кўтариб. – Жим туринглар. Агата! – у овози борича чақирди. – Менга қулоқ сол!
Бир зумда чўккан жимликда қоронғи пўлат сандиқ ичидан қўрқувдан эсдан оғаёзган қизчанинг бақириғи зўрға етиб келаётган эди.
– Болагинам менинг! – ўкириб юборди онаси. – У қўрқиб ўлиб қолади! Очинглар эшикни! Синдирсаларинг-чи уни! Шунча эркак наҳотки бир нима қилолмасангиз?
–  Бу эшикни оча оладиган одам фақат Литл-Рокда бор, яқин орада бошқа ҳеч ким йўқ, – деди Мистер Адамс бўшашиб. – Эй худо! Спенсер, нима қиламиз энди? Қизалоқ… кўп бардош беролмайди. Ҳаво етмай қолади, бунинг устига қўрқса унинг томири тортишиб қолади.
Агатанинг онаси эс-ҳу­шини йўқотиб, сейф эшигини муштлай бошлади. Чорасиз бир вазият. Кимдир ўйламай туриб «эшикни динамит билан портлатсак-чи?» деди.
Аннабел Жиммига ўгирилди. Унинг шаҳло кўзларини хавотир эгаллаган бўлса-да, ҳали умидсизликка тушмагани кўриниб ту­рарди. Аёллар ҳамиша шун­дай: уларга ўзлари севган, топинган эркак учун уддасидан чиқиб бўлмайдиган, иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқдай туюлади.
– Сиз ҳам ҳеч нима қилолмайсизми, Ральф? Бирон нима қилсангиз-чи!
У Аннабелга тикилиб қолди. Унинг юзига ёйилган ғалати, синиқ табассум­ кўзларида ҳам акс этди.
– Аннабел, – деди у, – менга мана шу атиргулни совға қилинг...
Қиз тушуниб-тушунмай, кўйлаги ёқасига қадалган гулғунчани унга узатди. Жим­ми уни нимчаси чўн­тагига қистириб қўйди. Кейин пиджагини ечиб, кўйлагининг енгларини шимара бошлади.
Ральф Д. Спенсер ғойиб бўлди. Унинг ўрнини Жим­­ми Валентайн эгаллади.
– Ҳамма четга ўтсин, ҳамма! – унинг қисқагина буйруғига барча бирдай бўйсунди.
Жимми стол устига қўй­ган чамадонини очди. Шу ондан бошлаб у атрофдагиларни унутди. Одатига кўра ҳуштакни секин хиргойи қилиб, ажабтовур ялтироқ асбобларни тез-тез ва тартиб билан столга ёйиб чиқди. Атрофдагилар худди сеҳрлангандай, жимгина, жойидан ҳам жилмай­ уни кузатиб туришарди.
Бир дақиқадан сўнг Жиммининг севимли пармаси пўлатни бир маромда ўя бошлаган эди. Ўн дақиқадан кейин эса ўз рекордини янгилаган Жимми лўкидонни суриб, пўлат сандиқ эшигини очди. Беҳуш, лекин тирик ва бешикаст Агатани онасининг қўлига топширди.
Жимми Валентайн пиджагини елкасига ташлаб эшик томон йўл олган пайтда узоқдан, қачонлардир таниш бир овоз секингина «Ральф!» дея чақиргандай бўлди. Лекин у тўхтамади.
Эшик олдида гавдали бир одам унинг йўлини тўсди.
– Салом, Бен! – деди Жимми ўша антиқа табассуми билан. – Барибир ме­ни топиб келибсан-да! Ни­маям дердим, кетдик. Буё­ғига энди менга барибир.
Аммо Бен Прайс ўзини ғалати тутди.
– Менимча, сиз адаш­дин­гиз, мистер Спенсер, – де­ди у. – Менимча, биз та­ниш эмасмиз. Сизни эса у ёқда экипаж кутиб турибди.­
Бен Прайс шундай деб шартта бурилиб, кўчага чиқиб кетди.
О. Генри,
Шавкат ЁДГОРОВ
таржимаси