“Huquq va burch” жавоб беради
Туризм билан шуғулланишнинг талаблари
05.05.2016
— Туризм фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олган жисмоний ва юридик шахслар қандай талаб ва шартларни бажаришлари керак?
Мирзамаҳмуд ҲАМРОБОЕВ,
Чортоқ тумани
 
Саволга Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Анвар ИКРОМОВ жавоб беради:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган «Туризм фаолиятини лицензиялаш тўғрисида»ги низомга биноан қуйидагилар мамлакатимизда сайёҳларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишнинг талаблари ва шартлари ҳисобланади:
а) туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, туризм соҳасидаги халқаро стандартларга ва Ўзбекистон Республикаси стандартларига мажбурий тарзда риоя қилиш;
б) юридик шахс штатида белгиланган тартибда ишчи орган томонидан берилган малака сертификатига эга бўлган камида бир нафар ходим бўлиши;
в) юридик шахс ходими ва гидлар (экскурсоводлар) томонидан 2 йилда камида бир марта ишчи орган томонидан белгиланган тартибда бериладиган малака сертификати олиниши;
г) қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлган туризм хизматлари кўрсатиш учун ўз мулки бўлган ёки ижарага олинган бинолар мавжуд бўлиши;
д) энг кам ойлик иш ҳақининг камида 400 баравари миқдорида шакллантирилган устав фондига эга бўлиши;
е) ишчи орган ёки у томонидан ваколат берилган идоравий мансуб ташкилот томонидан ишчи орган белгилайдиган тартибда амалга ошириладиган туризм хизматларининг сертификациядан ўтиши;
ж) мижоз билан фақат Ўзбекистон қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ шартнома (контракт) тузилгандан кейин туризм хизматлари кўрсатиш;
з) чет давлатга чиқиш, келиш ва у ерда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари, туристик саёҳат вақтида ўзини тутиш хусусиятлари ҳамда ҳар бир аниқ мамлакатда бўлишнинг бошқа қоидалари тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни ҳар бир туристга белгиланган тартибда етказиш;
и) мижозга лицензиатнинг иш режими, унинг почта манзили, лицензия, мажбурий тарзда сертификатланадиган хизматларга сертификатларнинг мавжудлиги, туризм фаолиятининг аниқ йўналишлари учун масъул бўлган мансабдор шахсларнинг (гид (экскурсоводнинг)) фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш;
к) туристлар хавфсизлигини таъминлаш, жароҳат олганда, касал бўлиб қолганда ва бошқа ҳолларда тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг мавжуд бўлиши;
л) қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, муддатларда ва миқдорларда туристик йиғимни тўлаш.
Гидларга (экскурсоводларга) «г», «д» ва «л» кичик бандлар талаблари татбиқ этилмайди.