“Huquq va burch” жавоб беради
Нақд пулсиз ҳисоб-китобларга оид ўзгаришлар
05.05.2016
— Марказий банкнинг расмий веб-сайтида 2016 йилнинг 1 мартидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларга бир қанча ўзгаришлар киритилгани ҳақида хабар берилган эди. Ана шу янгиликлар нималардан иборат, бу бўйича батафсил маълумот берсангиз.
Баҳодир АЛИЖОНОВ,
Навоий шаҳри
 
Саволга Марказий банк раисининг ўринбосари Муродилла ЭШМАТОВ жавоб беради:
— Ҳақиқатан ҳам, 2016 йил 25 февралда «Банклараро чакана тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда «сўм» пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан амал қилиниши лозим бўлган тариф режаси»га қўшимча­ ва ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра:
— 2016 йилнинг 1 мартидан бошлаб пластик карточкалардаги қолдиқ маблағларга йиллик Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган, яъни камида 9 фоиз миқдорда қўшимча фоиз ҳисобланади;
— жисмоний шахслар пластик карточкаларини (иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий карточкалар) фойдаланиш муддати тугаганда қайта эмиссия қилишда (алмаштиришда) хизмат ҳақи ундирилмайди;
— банк эмитентидан қатъи назар, жисмоний бир шахснинг пластик карточкасидаги маблағлар бошқа бир жисмоний шахснинг пластик карточкасига ўтказилганда ёки кирим қилинганда хизмат ҳақи ундирилмайди;
— юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор учун корпоратив пластик карточкани эмиссия қилишда хизмат ҳақи 5 еврогача туширилди (илгари 25 евро эди).