“Huquq va burch” жавоб беради
Дафн этиш нафақаси кимларга берилади?
05.05.2016
 — Дафн этиш нафақаси кимларга ва қандай тартибда тўланади?
Йўлдош РАББИМОВ,
Қоракўл тумани
 
Саволга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг ўринбосари Баҳодир НИЗОМОВ жавоб беради:
— «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 63-моддасига асосан пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар (19–20-моддалар) доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади. Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек, пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзолари бу пулни, улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаганлари тақдирида ҳам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
«Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига кўра вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилига, улар бўлмаганда эса дафн этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга дафн этиш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан нафақа бериш кафолатланади.
Нафақа:
а) давлат пенсияси олувчи пенсионер;
б) давлат ижтимоий нафақаси олувчи фуқаро;
в) ходим ёки унинг қарамоғидаги оила аъзоси;
г) бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси мобайнида вафот этганда ёки ўлик бола туғилганда (перинатал ўлим);
д) иш билан банд бўлган ёки банд бўлмаган шахс, фуқароларнинг айрим тоифаларига тегишли бўлган шахс ёки бола;
е) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс вафот этган тақдирда тайинланади.
Дафн этиш учун нафақани тўлаш мурожаат этилган кунда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими томо­нидан:
— вафот этган шахс пенсия ёки ижтимоий нафақа олиб турган ёхуд ишламаган ва пенсионер бўлмаган ҳолларда ўлим ҳақидаги гувоҳнома асосида;
— ўлик бола туғилган ёки бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси давомида вафот этган (перинатал ўлим) тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган перинатал ўлим тўғрисидаги маълумотнома асосида тўланади.
Корхона, муассаса, ташкилотнинг ходими ёки ходимнинг қарамоғида бўлган оила аъзоси вафот этган тақдирда дафн этиш учун нафақа мазкур харажатлар кейинчалик Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланган ҳолда корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан тўланади.
Вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга корхона, муассаса ва ташкилот томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий ва бошқа ёрдам кўрсатилиши мумкин.
Дафн этиш нафақаси энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида берилади. Ушбу пул пенсионер вафот этганидан кейин 6 ой ичида мурожаат этилган тақдирда олинади. Таъкидлаш керакки, мазкур нафақага солиқ солинмайди ва у нақд пулда тўланади.