“Huquq va burch” жавоб беради
Миллий валютани божхонадан олиб ўтиш тартиби
05.05.2016
— Ўзбекистон фуқаролари божхонадан нақд миллий валютани олиб чиқишда қандай тартиб-қоидаларга амал қилишлари керак?
Зафар АБДУВОҲИДОВ,
Қўшработ тумани
 
Саволга Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Муталлибжон СОЛИЕВ жавоб беради:
— Чегара божхона пости ходимлари Ўзбекистон божхона чегараси орқали чиқиб кетаётган шахсларни валюта назоратидан ўтказишади. Унга кўра Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини қуйидаги тартибда мамлакатимиз божхона чегарасидан олиб чиқишга рухсат берилади:
— энг кам иш ҳақининг 5 бараваригача миқдордаги нақд миллий валюта олиб чиқилаётган бўлса, йўловчи божхона декларациясига қайд этиш шарт эмас;
— энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан ортиқ нақд миллий валюта олиб чиқилаётган бўлса, йўловчи божхона декларациясига қайд этиш мажбурий;
— Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини олиб кириш ва олиб чиқишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан ортиқ нақд миллий валюта Ўзбекистон Марказий банкининг рухсати билангина республика ҳудудидан олиб чиқилиши мумкин.
Резидент ва норезидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини олиб чиқишга йўл қўйилмайди (бундан Ўзбекистон Марказий банки, шунингдек, унинг рухсатномасига эга ваколатли банклар мустасно). Марказий банк ва ваколатли банклар томонидан нақд миллий валюта республика ҳудудидан олиб чиқилиши чоғида божхона тўловлари (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно) ундирилмайди.
Маълумот учун:
* резидентлар – Ўзбекистон фуқаролари; Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
* норезидентлар – резидент тушунчасига жавоб бермайдиган шахслар.