“Huquq va burch” жавоб беради
Нотариус рад этиш ҳуқуқига эгами?
05.05.2016
 — Нотариуслар нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этишга ҳақлими?
Ҳумоюн ИСЛОМОВ,
Сергели тумани
 
Саволга Сергели тумани 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси Хуршида АБДАЛИМОВА  жавоб беради:
— «Нотариат тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра нотариус қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳуқуқига эга. Мазкур қонуннинг 38-моддасида белгиланишича, нотариус қуйи­даги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши мумкин:
— бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;
— бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;
— муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;
— юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;
— битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;
— нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермаса.
Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда, бу ҳақда нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқариши керак. Бундан ташқари, тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилаштирилгани яққол кўриниб турган бўлса ёки бунга шубҳа туғдирувчи етарли асосларнинг мавжудлиги, шунингдек, мурожаат этувчи шахс томонидан уни идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаслик ҳолатлари ҳам нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмас деб ҳисобланади.
Рад этиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
— қарор чиқарилган сана, қарор чиқарган нотариуснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, нотариал идоранинг номи;
— нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, турар жойи, агар юридик шахс бўлса, унинг тўлиқ номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва СТИРи;
— мурожаат қилувчи қандай нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўрагани;
— нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этишга сабаб бўлган ҳолатлар (қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда);
— рад этиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби.