Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Жамоатчилик назорати: уни олиб боришда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти
17.03.2016
Жамоатчилик назорати мамлакатимизда чуқур тарихий илдизга эга. Азал-азалдан у уруғ, қабила, оқсоқоллар кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган. Нотаниш киши маҳаллага келса, унинг кимлиги, қаердан экани, қандай юмуш билан келгани суриштирилган. Маҳалла ёшлари, нотинч оилалар ҳар доим катталар назоратида бўлган.
Бугунги кунда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ҳудудида қонун ҳужжатларининг ижро этилишини ўрганиш, чора кўрилиши учун давлат органларига мурожаат этиш, давлат органлари ваколатига кирувчи ва ижтимоий аҳамиятга молик масалалар бўйича сўровлар юбориш орқали жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин. Шу билан бирга, ушбу қонунда улар тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, коммунал хизмат кўрсатиш, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фуқаролар йиғинлари ҳузурида жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия тузилиши белгиланган. Ушбу комиссия йилнинг ҳар чорагида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ушбу ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақида фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритади.
Қолаверса, фуқаролар йиғини томонидан йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини комиссияларининг раислари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчининг ҳисоботларини эшитиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳам юқоридаги комиссиянинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, ушбу комиссиялар тўйлар ва бошқа маросимларнинг тавсия этилган меъёрлар асосида ўтказилишини назорат қилишда қатнашади ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этади.
Яна шуни айтиш мумкинки, жамоатчилик назорати аввало коррупция, тамагирлик, маҳаллийчилик, ўз вазифасини суиистеъмол қилиш, фирибгарлик, “оммавий маданият” каби таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Жамоатчилик назорати жамиятни модернизация қилиш, демократлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва бошқа ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ўрин тутишини инобатга олиб, бугун қуйидаги вазифаларга янада жиддийроқ эътибор қаратиш лозим:
биринчидан, маҳаллалар ҳузурида ташкил этилган комиссиялар фаолиятини янада жонлантириш, хусусан, фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиясига йўналишидан келиб чиқиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва бошқа ташкилотлар вакилларини жалб этиш. Касб-ҳунар коллежлари ҳамда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда ўз ҳудудидаги коллеж битирувчилари эгаллаган касблари бўйича амалиёт ўташи, кейинчалик амалиёт ўтаган корхона ва ташкилотларда иш билан таъминланиши бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
иккинчидан, маҳалла фаоллари, ва тижорат банклари, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази томонидан коллеж битирувчиларининг оилавий ҳолати тўлиқ ўрганилиб, уларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида имтиёзли кредит олишига кўмаклашиш. Халқ таълими визирлиги, “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давоматини назорат қилиб бориш мақсадида намунали оила вакилларидан иборат жамоатчилик гуруҳларини тузиш ҳамда “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш орқали ўқувчиларнинг дарсларга тўлиқ қатнашишини назорат қилиш;
учинчидан, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдаги, ёш авлодни тарбиялашдаги мавқеини ошириш, уларни спорт-соғломлаштириш ишларига янада кенгроқ жалб қилиш, ёш оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш. 
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ишларни тизимли ташкил этишда давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган фаол фуқаролар, ташаббускор ёшлар, масжид имомларининг имкониятларидан унумли фойдаланиб, улар иштирокида жамоатчилик назоратини самарали йўлга қўйиш орқали ўйлаган мақсадларимизга эришишимиз мумкин. Бу эса юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас АХАТОВ,
Самарқанд вилояти адлия
бошқармаси бўлим бошлиғи