Суд очерки
Сохта дипломнинг «фойда»си
09.09.2015
Фарзанд таълимига жуда катта масъулият билан қарайдиган халқмиз. Шунинг учун ҳам болаларимизни яхши устоз тарбиясига беришга ҳаракат қиламиз. Бироқ ўғил-қизларимизни ишониб топширган ўқитувчи сохта чиқиб қолса-чи?
Айгул Айнатдинова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўқитувчи бўлиб иш бошлашидан аввал болалар кутуб­хонасида, кейин шаҳар марказий кутубхонасида, мактаб­да кутубхоначи сифатида салкам йигирма йилдан бери меҳнат­ қилаётган эди. Лекин­ географияга бўлган қизи­қиш,­­ ўқувчиларга ушбу фандан дарс бериш истаги унга тинчлик бермасди. Ҳатто 35 ёшга кирган, оилали бўлса-да, шу мақсадини рўёбга чиқариш учун 2003 йили Тошкент давлат педагогика университетига ҳужжат топшириб ҳам кўради. Имтиҳондан ўтолмаган Айгул ҳужжатларини қайтариб олиш учун университетнинг қабул комиссиясига боради.­ Бу ерда у бир ўқитувчи аёл билан танишади. У Айгулга ҳужжатларини ҳали олмай туришни маслаҳат бериб, тўрт йилдан кейин қалбаки диплом тайёрлаб беришни ваъда қилади.
Бу гап-сўздан кейин орадан уч йил ўтади. Ҳаёт бир текис, ўз ўзанида давом этаётган кунларнинг бирида­ мактабга Иброҳим Рустамов­ деган киши директор бўлиб келади. Уч-тўрт ой ўтгач, Айгулни йўқлайди. Ҳол-аҳвол сўрагач, гапни чўзмай, мақсадга кўчади:
— Биласиз, мактабимизда­ география ўқитувчисига эҳтиёж бор. Янги ўқитувчи­ни ишга олсак, жамоамизга киришиши учун ҳам анча-мунча вақт кетиб қолади. Шунинг учун сизга дарс беришни ўйлаб турибман. Эшитишимга қараганда, бунга қизиқишингиз ҳам, ­лаёқатингиз ҳам бор экан. Бундан ташқари, салкам ўн йилдан бери шу ерда ишлар­ экансиз. Назаримда, болалар билан ишлаш учун тажрибангиз етади, ишончни ҳам бемалол оқлайсиз. Нима дейсиз, опа?
— Иброҳим ака, раҳмат, жоним билан рози бўлардим, лекин маълумотим тўғри келмайди-да.
— Бунинг йўли осон, университетда танишларим бор, бир оғиз айтсак, тўғрироғи, уларга уч-тўрт сўм берсак, дипломни тўғрилаб беришади. Ўйлаб кўринг, бунақа имконият ҳадеб бўлавермайди.
Айгул рози бўлиб, директор хонасидан хурсанд чиқади. Орзуси ушалиш арафасида эди-да. Орадан икки-уч ой ўтгач, уни яна директор чақиртиради. Иброҳим Рустамов унга қараб: «Иш пишди, акалар билан гаплашдим, уларга минг долларни етказсак, дипломни икки ойда беришади», — дейди. Айгул Айнатдинова айтилган пулни бир-икки кунда топиб, директорга беради.
Ёзги таътил бошланиб, ўқитувчилар ҳам, директор ҳам меҳнат таътилига чиқади. Иброҳим Рустамов эса туғилиб ўсган қишлоғига кетади. Бироз вақт ўтиб, яқин ўқитувчилардан бири Айгулга қўнғироқ қилиб, директор вафот этганини айтади. Айгул бир директорга, бир берган пулларига­ куйинарди. «Наҳотки, шунча пулга тушиб қолаверсам», — деган ўй-хаёл уни безовта қиларди. Бу воқеадан уч-тўрт кун ўтиб, Айгулнинг уйига 40-45 ёшлардаги киши келади. У Ибро­ҳим аканинг таниши эканини айтиб, Айгулнинг номига расмийлаштирилган, Тошкент давлат педагогика университети томонидан бе­рилган дипломни қўлига тутқазади. У «Берилган ваъданинг устидан чиқаяпман, қўрқмасдан ишлайверинг, диплом бўйича ҳеч қандай муаммо чиқмайди, иш пухта қилинган», — дейди.
Мактабга янги раҳбар келиб, география фани ўқи­тувчиси ҳам ишга олинади. Айгул Айнатдинова тарих ўқитувчиси штати бўшлиги учун кейинги ўқув йилидан бошлаб болаларга «сабоқ» бера бошлайди. Орадан уч йил ўтиб, у Тошкент вилоя­ти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида тарих ўқитувчиларини қайта тайёрлаш курсида ўқийди, ке­йинчалик яна ўша институтда малака оширади.
2014 йилга келиб мактаб директори ўқитувчиларнинг дипломлари ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини текшириш учун тегишли олий ўқув юртларига сўровнома юборади. Орадан бир-икки ой ўтса-да, баъзиларидан жавоб­ хати келмайди. Улар орасида Айгул Айнатдинованики ҳам бор эди. Шунда раҳбар­ ўқитувчиларга ўқиган олий ўқув юртларига бориб, сў­ровнома жавобини олиб келишни буюради. У минг бир ҳадик билан ўзи «таълим олган» университетга боради. Девонхона ходими университет архиви ёниб кетганини, шунинг учун сўровнома жавобини ҳозир бера олмаслигини, кейинчалик ўзи юборишини айтади. Айгул хурсандлигидан ичига сиғмасди, чунки бу гап унинг фойдасига хизмат қиларди-да...
Орадан бир йилча ўтиб, унинг соғлиғи ёмонлашиб қолади ва ўз хоҳишига кўра ишдан бўшайди. Бу орада сохта диплом ҳам изсиз йўқолади.
Айгул Айнатдинованинг етти йил аввал жиноятга қўл ургани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширишда фош бўлди. Яқинда суд очиқ суд мажлисида бу бўйича қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқди. Суд дипломнинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдалангани учун Айгул Айнатдиновага қонунда белгиланган жарима жазоси та­йинлаб, уч йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди.
Мавриди келганда Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида илгари сурилган қуйидаги фикрга тўхталсак: «...агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик­ ва мураббийликдир, десак, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чиндан ҳам, ўқитувчи наинки синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки минг-минг­лаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақи­қатан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир». Очиғи, ҳозир ҳам орамизда Айгул Айнатдиновага ўхшаган сохта дипломли «ўқитувчи» ва «мураббий»ларимиз бор бўлиши мумкин. Ўйлаймизки, улар давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фикрлари ва ушбу мақоламиздан тегишли хулосани чиқа­риб олишади. Чунки бугун фойда келтираётган сохта диплом вақти келиб зиён келтириши муқаррар.
Шавкат САТТОРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Чирчиқ шаҳар суди судьяси