Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Жиноят қонунини либераллаштириш ва айрим жиноятларни декриминализация қилиш шароитида иштирокчиликда содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик
06.10.2015
Истиқлол йилларида “инсон ва унинг манфаатлари – ислоҳотларнинг асосий мақсади” тамойилида барча соҳалар қаторида жиноят-ҳуқуқий соҳада ҳам изчил равишда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, халқаро ва барча демократик тамойилларга мос келувчи инсонпарварлик ғояларига асосланган жиноят қонунчилигининг яратилганлиги, унинг доимий равишда такомиллаштириб келинаётганлиги, хусусан, жиноят қонунини либераллаштириш сиёсатининг танланганлиги бу борадаги фикрларимзнинг далилидир.
Либерализм – ижтимоий-сиёсий таълимот ва ижтимоий ҳаракат бўлиб, шахс ва жамият эркинлиги етарли даражада бўлишини кўзда тутадиган ғоя (Маънавият: асосий тушунчалар изоҳли луғати. / Масъул муҳаррир: Қ.Назаров. – Тошкент: Ғофур Ғулом, 2010. – Б. 265.). Мамлакатимизда амалга оширилаётган жиноят-ҳуқуқий либераллаштириш сиёсатининг асосий мақсади ҳам жиноий жазо тизимидаги жазолаш функцияларини торайтириш (Рустамбаев М.Ҳ., Абдурасулова Қ.Р., Ахраров Б.Ж. Ўзбекистон Республикаси Жиноят ҳуқуқи концепцияси ва доктринасини ривожлантириш муаммолари. – Тошкент: ТДЮИ, 2011. – Б. 13.) йўлидан боришдир. Ўз навбатида, белгиланган мақсадга эришишнинг усуларидан бири – бу декриминализация сиёсати ҳисобланади.
Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, декриминализация қилмишни ижтимоий хавфли эмас ва жиноий жазога сазовор эмас деб топиш (қилмишни жиноят қонунидан чиқариб ташлаш)дир (Абдурасулова Қ.Р., Салаев Н.С. Жиноят ҳуқуқида декриминализация қилиш масалалари (тушунчаси, ижтимоий зарурати ҳамда ЎзР ЖК Махсус қисмидаги айрим қилмишларни декриминализация қилиш). // Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ахборотномаси. – Тошкент, 2014. №1.). Ф.Ражабовнинг фикрича, “декриминализация – қилмишнинг жиноийлигини, яъни қилмишга нисбатан белгиланган жиноий жавобгарликни бекор қилишдир. Декриминализация атамаси бир қарашда ушбу маънони англатса-да, унинг асл мазмун-моҳиятини мазкур жумла билан тўлиқ ифодалаб бўлмайди. Бу тушунча кенг қамровли бўлиб, ўзида мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий жараённи акс эттирувчи инсонпарварлик, адолат принципларини, давлатнинг ўз фуқаролари тақдирига бефарқ эмаслиги, жиноятчиликка ва жамиятдаги турли иллатларга қарши курашда репрессив усуллардан кўра анча самарали ҳамда иқтисодий жиҳатдан арзонроқ бўлган жамоатчилик назорати усулларига кенгроқ йўл очиб бериш кабиларни намоён этади” (Ражабов Ф. Декриминализация – инсон ҳуқуқлари демакдир. Мақола. Huquq va burch.uz/uz/view/28*9.).
Сирасини айтганда, декриминализация деганда, жиноят-ҳуқуқий сиёсатнинг усули сифатида илгари жиноят ҳисобланиб, жазога лойиқ бўлган қилмиш учун жавобгарликнинг бекор қилинишини билдиради.
Мавзу билан боғлиқ ҳолда ёртилиши лозим бўлган кейинги масала – бу иштирокчиликда жиноят содир этиш масаласидир.
Муайян тўғри қасддан содир этилган жиноятлар иштирокчиликда содир этилганда, бир жиноятни содир қилиш учун икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг кучлари, жиноят содир этишдаги билим ва тажрибалари, жиноят содир этиш қуроли ва воситалари бирлаштирилади, натижада содир этилган бундай жиноятнинг жиноят таркиби, унинг мазмуни ва моҳияти ҳамда бундай жиноятларни квалификация қилиш ўзига хос хусусиятга эга бўлади. Шунинг учун ҳам жиноят ҳуқуқида иштирокчилик алоҳида институт сифатида назарда тутилган.
Шахслар биргалашиб жиноят содир этган вақтда уларда жиноятни амалга ошириш учун шижоат, қатъиятлик, журъат кучаяди. Иштирокчиликда жуда хавфли жиноятлар содир этилиши, жиноятни амалга ошириш режасининг пухта ишлаб чиқилганлиги, жиноятни фош қилишнинг қийинлиги ва бошқа қатор муаммолар келиб чиқади.
ЖКнинг 27-моддасида иштирокчиликда содир этиладиган жиноятларнинг умумий тушунчаси берилган бўлиб, “икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилади”. Иштирокчиликка қонунда берилган ушбу таърифидан кўриниб турибдики, иштирокчилик икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг оддий биргалашиб жиноят содир қилишининг ўзидангина иборат бўлмасдан, иштирокчилар ўртасидаги узвий боғлиқлик бўлиб, жиноят объектив томонини ифодаловчи ҳаракатларни икки ёки ундан ортиқ шахслар ҳаракатларининг бирлашиши билан ифодаланади. Шунга кўра, жиноят ҳуқуқи назар,иясида иштирокчилар ўртасидаги боғлиқликни объектив ва субъектив боғлиқликдан иборат бўлган белгиларга бўладилар.
Иштирокчиликнинг субъектив боғлиқлик белгиси икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг муайян жиноятни содир этишда қасддан иштирок этишидир. Объектив боғлиқлик белгиси эса жиноятни амалга оширишда икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг қатнашаётганлигидир.
Жиноятни иштирокчиликда содир этилган деб ҳисоблаш учун жиноят ҳуқуқида махсус белгилар ишлаб чиқилган бўлиб, улар қуйидагилар:
а) жиноятни содир этишда икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг иштирок этаётганлиги;
б) жиноятда иштирок этаётган шахсларнинг ақли расолиги ва жиноят субъекти ёшига етганлиги;
в) улар ўртасида объектив ва субъектив боғлиқликнинг мавжудлиги (Усмоналиев М., Бакунов П. Жиноят ҳуқуқи. Умумий қисм: Дасрлик. – Тошкент: Насаф, 2010. – Б. 274.).
Умуман олганда, жиноят кодекси Махсус қисмининг муайян моддасида назарда тутилган жиноят бир киши томонидан содир этилган бўлса, жиноятни квалификация қилиш ва айбдорга жазо тайинлаш масалалари жиноят қонунида назарда тутилган умумий асосларда ҳал қилинаверади. Аммо муайян бир жиноят икки ёки ундан ортиқ шахслар томонидан иштирокчиликда содир этилса, иштирокчилик муайян гуруҳдан, уюшган гуруҳдан ёки жиноий уюшмадан иборат бўлса, жавобгарлик масалалари махсус хусусиятларни инобатга олган ҳолда ҳал қилиниши керак.
Демак, либераллаштириш ва декриминализация том маънода муайян муносабатни эркинлаштириш, енгиллаштириш ва тақиқни бекор қилиш бўлиб, жиноят қонунида белгиланган енгилроқ чораларни кўриш ва уни бекор қилишни назарда тутса, иштирокчилик содир этилган қилмишнинг хусусиятларини мураккаблаштиради ҳамда нисбатан “қаттиқроқ” чора кўриш заруратини назарда тутади. Бундай шароитда иштирокчиликда содир этилган қилмиш учун жавобгарлик ва уни квалификация қилиш масаласи юзасидан қатор муаммолар юзага келиши табиий.
Маълумки, 2001 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилиниши жиноят-ҳуқуқий сиёсатнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур қонун билан Жиноят кодексига кўплаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди (либерализм йўналишида). Жумладан, қатор жиноятлар енгилроқ турдаги жиноят турларига ўтказилди, айрим қилмишлар учун шундай ҳаракат ёки ҳаракатсизликка нисбатан маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилганда жиноий юрисдикция доирасига тушиши белгиланди.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 2 ноябрда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини суд амалиётида қўллаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унда янги Қонун бўйича Жиноят кодексининг 182, 184, 188, 189, 190-моддалари бўйича жиноий жавобгарлик шундай қилмишлар учун маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин ёки муайян модда диспозициясида кўрсатилган маълум бир миқдорни бергандагина вужудга келишига судларнинг эътибори қаратилсин, деб кўрсатилган.
Аммо, қайд этиш лозимки, бундай шароитда ҳам мазкур моддаларнинг муайян қисмларидаги оғирлаштирувчи ҳолатларни назарда тутувчи квалификация белгилари мавжуд бўлганда, шахснинг муқаддам маъмурий жазога тортилган-тортилмаганлигидан қатъи назар, жиноий жавобгарлик вужудга келади. Жумладан, ЖК 182-моддаси 2-қисмида уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жавобгарлик назарда тутилган. Бундай ҳолатда ЖК 182-моддаси 1-қисмида маъмурий преюдиция назарда тутилганидан қатъи назар мазкур қилмишни ЖК 182-моддаси 2-қисми билан квалификация қилишда шахснинг олдин маъмурий жазога тортилган ёки тортилмаганлиги аҳамиятга эга эмас.
Аммо фикр билдирилаётган муносабаитларда шунга эътибор қаратиш лозимки, жиноят қонунчилигининг либераллаштирилиши муносабати билан билан ЖКга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги сабабли айрим нормалар амалдаги баъзи қонун меъёрларига мувофиқ келмаганда, янги Қонун билан либераллаштирилган нормалар татбиқ этилиши лозим.
Бошқача айтганда, жиноят қонунини либераллаштириш ва айрим жиноятларни декриминализация қилиш шароитида иштирокчиликда содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик юзасидан фикр билдирганда, ЖК
13-моддасида белгиланган қонуннин орқага қайтиш кучига алоҳида эътибор қаратилиши ва уни қўллаш имкониятлари кенгайтирилиши мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, хулоса сифатида “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 2 ноябрдаги “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини суд амалиётида қўллаш ҳақида”ги қарорида қайд этилган қуйилаги кўрсатмани алоҳида баён этишни лозим топдик: Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши билан қонунчиликдаги адолат ва инсонпарварлик тамойиллари кучайтирилганлигига, жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш институтини қўллаш имкониятлари кенгайтирилганлигига ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ва судларнинг алоҳида эътиборлари қаратилсин. Улар қонун талабидан келиб чиқиб, жазодан кўзланган мақсад ҳақидаги дунёқараш ва тафаккурларини ўзгартиришлари зарур.
Дониёр РАДЖАПОВ,
ТДЮУ магистранти