Суд очерки
Талон-торож кредитлар
06.03.2015
 
Республикамиз иқтисодиётининг барқарор суръатларда ўсаётгани ва аҳоли турмуш даражасининг кундан-кунга юксалаётганида молия муассасаларининг салмоқли ҳиссаси бор. Халқаро миқёсда иқтисодий танглик асоратлари сезилиб турган бир пайтда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида 8 фоизли ўсиш кузатилаётгани, шунингдек, бу борадаги муваффақиятларимиз Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, «Moody`s», «Standart & Poor`s», «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентликлари томонидан тан олинаётгани юртимиз банк-молия тизимидаги ишлар тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради.
Банкларимиз кўрсатаётган замонавий хизматлар, мижозлар учун имтиёзли шартлар асосида ажратаётган кредитлари кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, минглаб янги иш ўринларини­ яратиш имконини бераётир. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида тижорат банк­ларининг ўрни беқиёс бўл­моқда. Умуман олганда, банк­лар «мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун» тамойили­ асосида фаолият юритаётгани натижасида аҳолининг уларга бўлган ишончи тобора­ мустаҳкамланиб бормоқда.
Бироқ айрим банк ходимлари ана шу ишончга путур етказаётгани, мансаб ваколат­ларини суиистеъмол қи­либ, тамагирликни касб этишаётгани ачинарлидир. Мақоламиз қаҳрамонларидан бири — Тоир Носиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам нафсининг найрангларига учиб, юзи қора бўлган кимсалардан. «Микрокредитбанк»­нинг Шаҳрисабз филиали бошқарувчиси бўлиб ишлаган Т.Носиров ҳалол меҳнат қилиб, рўзғорини тебратиш ўрнига қинғир йўл билан бойлик орттириш чораларини қидира бошлади.
Шундай кунларнинг бирида таниши Ғиёс Мажидов уни йўқлаб келди. Бирор ишнинг бошини тутолмай юрган Ғиёс ундан маслаҳат сўраган бўлди. Т.Носиров «ўлжа» осонгина топилганидан севиниб кетди. Аммо сир бой бермади. У Ғиёсга савдо билан шуғулланишни маслаҳат берди. Тадбиркорликни йўлга қўйиб, банкдан ҳисобрақам очса, унга керакли миқдорда кредит ажратиб беришини тушунтирди. Гап орасида фақат бунинг учун бошқаларнинг ҳам розилиги керак бўлишини, бу эса ишни бироз орқага суриши мумкинлигини писанда қилди. Ғиёс «тушунган йигит»лардан экан, унинг ниятини дарҳол илғади. Банкирнинг оғзини яхшилаб мойлагач, 20 млн. сўм кредитга эга бўлди. Бу унга 600 АҚШ долларига тушди.­
Беминнат «ҳожатбарор» Ғ.Мажидов номига кийим-кечак сотиб олиш учун ажратилган кредитни бегона қилишни истамайди ва уни Тошкент шаҳридаги танишидан арзон нархларда маҳсулот олиб беришга кўндириб, маблағни «Mega group» хусусий корхонаси ҳисобрақамига ўтказиб юборади. Бироқ ушбу корхона тугатилгани боис кредит қайтариб олинади. Шундан кейин­ бечора кредитнинг «сарсонгарчилиги» бошланади. Т.Носиров «Дилором» хусусий корхонаси ҳисобчиси Д.Валиев билан жиноий тил бириктириб, 20 млн. сўмни ушбу корхонага ўтказиб беради. Унинг кўрсатмасига мувофиқ эртасига Д.Валиев кредитнинг 18,4 млн. сўмини бошқа фирманинг ҳисобрақамига олинган газлама учун тўлов сифатида ўтказиб беради. Пул ўтказмалари учун талаб қилинадиган барча ҳужжатлар сохталаштирилиб, аслида 20 млн. сўм эвазига ҳеч қандай маҳсулот олди-берди қилинмайди ва «Остонов Муҳаммадали Рустамович» хусусий корхонасининг банкдан олган қарзини қоплашга йўналтири­лади. Кредитнинг 1,6 млн. сўми «Дилором» хусусий кор­­хонасининг манфаатлари йўлида ишлатиб юборилади.­
«Ғ.Мажидов-чи, ахир кре­дит унга тегишли эди-ку?», — демоқчимисиз? Албатта, у ҳам қуруқ қолгани йўқ. Т.Носиров унга кредит тўлови учун келтирилган «Остонов Муҳаммадали Рустамович» хусусий корхонасига­ тегишли «Мидибус-М249» русумли автобусни «туҳфа» қилди.
Дарвоқе, тергов давомида Т.Носиров қинғир йўлдан келадиган «даромад»нинг мазасини бундан олдин ҳам тотиб кўргани аниқланди. Масалан, 2010—2012-йилларда «Микрокредитбанк»нинг Китоб филиали бошқарувчиси ва кредит қўмитаси раиси вазифасида фаолият юритган вақтда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, шу филиалнинг кредит бўлими масъул ходими, бир вақт­нинг ўзида «Китоб фахр файз» МЧЖ ва «Фарангиз дурдонаси» хусусий фирмаси раҳбари бўлиб ишлаган Зокир Мавлонов билан жи­ноий тил бириктириб, «Фарангиз дурдонаси» хусусий фирмасига савдо дўконини қайта таъмирлаш учун 24 млн. сўм кредит расмийлаштириб беради. Буни қарангки, фирманинг кредит сўраб тақдим этган балансида савдо дўкони кўрсатилмаган. Уддабурон банкир буни билса-да, ўзини билмаганга олади. Қолаверса, «Ўзбекистон Республикаси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зид равишда кредит ажратиш учун смета ҳужжатларини талаб қилмайди, қарзни қайтара олиш имкониятларини ўрганмайди. Аксинча, кредит учун зарур бўлган ҳужжатларни сохталаштиришга ўзи бош-қош бўлади, уларни тасдиқлаб, банк ходимлари ва кредит қўмитаси аъзоларига имзолатиб олади. 2012 йил март ойида 24 ой муддатга йиллик 16 фоиз устама тўлаш шарти билан берилган кредитнинг 2 йил давомида бор-йўғи 6,6 млн. сўми қайтарилади, холос.
«Давринг келди, сур, бе­гим» қабилида иш тутган Т.Носиров бундай жиноий ҳаракатларини «Микрокредитбанк»нинг Шаҳрисабз филиалига ишга ўтгандан сўнг ҳам давом эттирган. У 2013 йил май ойида «Воҳа гавҳари» хусусий фирмасига 24 ой муддатга йиллик 12 фоиз устама тўлаш шарти билан 25 млн. сўм кредит ажратиб беради. Бу сафар унга кўзлаган мақсадини амалга оширишда кредит бўлими масъул ходимлари Рафиқ Жумаев, Малик Ғаниев ва бошқалар кўмаклашади. Банкдан олинган қарзнинг 2,7 млн. сўмигина қайтарилади, қолган 22,2 млн. сўми талон-торож қилинади.­
Қизиғи шундаки, «Фарангиз дурдонаси» ва «Воҳа гавҳари» хусусий фирмаларининг раҳбари битта шахс бўлиб, ҳар икки ҳолатда кредит олиш учун гаров сифатида фуқаро Ф.Комиловага тегишли бўлган «Нек­сия-2»русумли автомашина қўйилган. Мазкур автомобиль 2012 йил март ойида «Фарангиз дурдо­наси» хусусий фирмасига аж­ратилган кредит бўйича гаровда турган, олинган маблағ­ ҳали банкка қайтарилмаган бўлса-да, «Воҳа гавҳари» хусусий фирмасига 2013 йил май ойида берилган кредит таъминоти учун қонунга зид равишда гаровга қўйилиб, нотариал тасдиқланган гаров шартномаси тузилганига нима дейсиз?!
Т.Носировнинг қўл остидаги баъзи ходимлар ҳам устомонлик борасида ундан қолишмаган. «Микрокредитбанк»нинг Шаҳрисабз филиали ҳуқуқшуноси У.Йўлдошевнинг жиноий ҳаракатлари бунга яққол мисолдир. У ҳатто кредит сўраб мурожаат қилмаган тадбиркор — «Озодлик ҳайкали» хусусий корхонаси раҳбари Ж.Алиев номидан балиқ чавоқлари ва аралаш озуқа маҳсулотлари сотиб олиш ҳужжатларини, шунингдек, кредитни қайтариш имконияти ва мақсадли сарфланиши ҳақидаги мониторинг далолат­номалари, кредит қўмитаси қарорлари, гаров мулклари, шартномалари ва бош­қа ҳужжатларни сохталаштириб, банкка тақдим қилади. Мазкур масала банк кредит қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, корхонага 24 ой муддат­га йиллик 6 фоиз устама тўлаш шарти билан 30 млн. сўм кредит берилади. Ж.Али­ев тумандаги «Абдуҳаким Махмаюсупович» фермер хў­жалиги раҳбари билан келишган ҳолда олинган кредитни ўзлаштириб юборади.
Шунча жиноят содир этса-да, «ёпиқ қозон ёпиқлигича қолаётгани» Т.Носировнинг ҳаддидан ошишига олиб келади. У шу даражага бориб етадики, қачон пулга эҳтиёжманд бўлиб қолса, худди отасининг чўнтагидан олаётгандек банк ҳисобидан олиб ишлатиб юраверган. Ўзи раҳбар эмасми, бу иш унинг учун хамирдан қил суғургандай осон кечади. Жумладан, ҳужжатларни сохталаштириш орқали даст­лаб «Кеш шароб бизнес» хусусий корхонасига 36 ой муддатга йиллик 18 фоиз устама тўлаш шарти билан 60 млн., орадан бироз муддат ўтгач, отаси Д.Носиров номидаги хусусий корхонага 36 ой муддатга йиллик 16 фоиз устама тўлаш шарти билан 90 млн. сўм кредит ажратилишига эришади. Ажабланарлиси шундаки, тергов-суриштирув жараёнида мазкур кредитларни олиш учун бутунлай бегона шахс­ларнинг номидаги транспорт ва кўчмас мулклар гаровга қўйилгани, бу ишлардан уларнинг эгалари мутлақо бехабар эканликлари маълум бўлди. Бу ишларни Т.Носировнинг бир ўзи амалга ошира олмасди. Бу борада унга банкнинг бош ҳисобчиси, ҳуқуқшуноси, кредит бўлими масъул ходимлари «баҳоли қудрат» ёрдам беришади.
«Микрокредитбанк»нинг Китоб ва Шаҳрисабз филиалида ишлаган даврида Т.Носиров «Ўзбекистон Республи­каси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 2.7-бандига зид равишда кредит­ сўраб мурожаат этгани ҳақи­даги аризалари, кредитни қайтариш имконияти ва мақсадли сарфланиши ҳақидаги мониторинг далолатномалари,­ кредит қўмитаси қарорлари, гаров мулклари, шартномалари ва бошқа банк ҳужжатларини сохталаштириш орқали жами 229 млн. сўм кредит ажратилишига муваффақ бўлади. Ушбу маблағнинг асосий қисми, яъни 196 млн. 576 минг сўм ўз вақтида қайтарилмайди. Бунинг натижасида давлат ва жамият­ манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилади.
«Олғирлик офат келтирар, баднафслик ҳалокат» деган мақол бор. Бунинг исботини Т.Носиров қисмати­ мисолида ҳам кўриш мумкин. Илгари уч марта судланиб, амнистия акти қўлланган Т.Носиров хатоларидан хулоса чиқармади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан олиб борилган текширувларда унинг сохта ҳужжатлари, қўшиб ёзишу маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ қатор жиноятлари фош этилди. Тўпланган далиллар асосида жиноят иши қўзғатилиб, Т.Носиров ва унинг ҳамтовоқлари суд ҳукмига кўра қонуний жазосини олди.
Абдуқаюм МАҲКАМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қашқадарё вилояти суди раиси