“Huquq va burch” жавоб беради
Қанча масофадан кўриш мумкин?
06.03.2015
 
— Телевизорни қанча масофадан томоша қилиш болаларнинг саломатлигига зиён етказмайди?
Феруза АБДУЛЛАЕВА
Хатирчи тумани
 
Саволга олий тоифали окулист Шоистахон ОТАХЎЖАЕВА жавоб беради:
— Телевизорни 3-5 метр узоқликдан кўриш тавсия этилади. Яқиндан кўриш кўзни тез чарчатиб, нурининг пасайишига сабаб бўлади. Бир соат узлуксиз телевизор томоша қилгандан кейин кўз 10-15 дақиқа дам олиши керак. Соатлаб телевизор қаршисида ўтириш керак эмас. Етти ёшгача бўлган болалар бир кунда икки марта ярим соатдан телевизор кўриши лозим. Беш ёшгача бўлган болаларни телевизор қаршисига соатлаб ўтирғизиб қўйиш мумкин эмас. Мактаб ўқувчиларига кунига бир соатдан рухсат бериш, таътил вақтида бу кўрсаткични яна бир соатга кўпайтириш мумкин. Лекин орада кўзни дам олдириб туриш шарт.
Меъёридан кўп ва яқин масофадан телевизор кўриш натижасида болада тез чарчаш, лоҳаслик ва кўриш қобилиятининг пасайиши кузатилади. Кўз атрофининг қизариши, қичиши ҳам бунга мисол. Катталарда бу кўп бош оғриши, тез чарчаш, асаб касалликларини ҳам келтириб чиқаради.