Суд очерки
Қотилликдан кам эмас...
05.02.2015
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида дунё бўйлаб мудҳиш ва мав­ҳум эпидемия тарқала бошлагани маълум бўлди. Унга орттирилган иммунитет танқислиги синдроми — ОИТС (инглизча Aquired Immune Deficience Syndrom (AIDS)) деб ном ва юқумлилиги, тез тарқалиши ва бедаволиги учун «ХХ аср вабоси» дея таъриф берилди.
Бу хасталикка одам иммунтанқислиги вируси (ОИВ)­ни юқтириб олиш сабаб бўлиши аниқланганига ўттиз йилдан ошган бўлса-да, ҳамон унинг давоси топилгани йўқ. Бунинг биринчи сабаби вируснинг генетик ўзгарувчанлиги (мутация) боис эмдориларнинг кор қилмаслиги бўлса, иккинчи ва эҳтимол, асосий сабаби — касаллик кўпроқ тубан ахлоқлилар орасида тарқалиши ва уларни эпидемиологик назорат қилишнинг мураккаблигидир.
Албатта, ОИВ/ОИТС шахсга қўйилган тамға эмас. Чунки касалликка фақат маънавий бузуқлик сабаб бўлавермаслиги, баъзан тиб­биёт муассасаларида ҳам бе­гуноҳ инсонлар, ҳатто бола­ларнинг бу касалликни юқтириб олиши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо биз бугун баён қилмоқчи бўлган жиноят тафсилоти бу ҳақда эмас.
«Эҳтимол, энди бу гапларимнинг фойдаси йўқдир. Лекин илгариги муносабатларимиз ҳаққи-ҳурмати, кўзингни оч, Лилиядан узоқроқ юр...».
Собиқ маъшуқасидан бу гапни кутмаган Максим ўзини кулгудан тиёлмади.
— Сенга нима бўлди? Рашк қилаяпсанми? Ахир муносабатларимизга ўзинг нуқта қўймаганмидинг?
— Мен жиддий гапираяпман. Лилия кимлигини биласанми ўзи?
— Нега билмас эканман? Уни ҳеч ким менчалик яхши билмаса керак. У менинг биринчи муҳаббатим. Уни қайта топганимдан жудаям бахтиёрман, — атайин охирги сўзига урғу бериб гапирди Максим.
— Аҳмоқсан, Максим, аҳмоқ, — деди Венера сигаретини кулдонга босиб-босиб ўчирар экан. — Наҳотки ҳамма билган нарсани сен билмасанг?
— Хўш, нимани билишим керак экан?
— Бирга яшаб юрганинг Лилия СПИДга чалинганлар рўйхатида туришини ростанам билмайсанми?
Максим бирдан ҳушёр тортди:
— Энди ошириб юбординг. Бунақа гаплар учун жавоб беришингга тўғри келади.
— Сенга ачинганим­дан га­­пирдим. Яна ўзинг биласан.
Венера шу сўзларни айтди-ю, кетди. Максим унинг гапларини аввалига жиддий қабул қилмади. «Рашки ке­лаяпти, деб ўйлади у. Уни таш­лаб Лилия билан яшаёт­ганим унга алам қилаяпти». Аммо бу гапларни унутиб юборолмади, ичида сақлашгаям кучи етмади. Мавриди­ни топиб шу ҳақда гап очди.
У Лилия бу гаплари учун Венеранинг сочларини юлишга чоғланади, деб ўйлаган эди, бундай бўлиб чиқмади. «Нима деса деяверсин. Бошқаларнинг фикри мени умуман қизиқтирмайди», дейиш билан кифояланди Лилия.
Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Максимга Лилия­нинг хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши ўзгариб қолгандай туюлаверди.
Кимдандир эшитгани — Магаданда бўлган воқеани Лилиянинг олдида муҳокама қила бошлади. ОИТСга чалиниб умри хазон бўлган йигитни кўмаётган гўрковлар ўзлари «хизматда фойдаланадиган» арқон билан тобутни лаҳадга туширишдан бош тортишгани, чорасиз қолган ота-она уйидан чойшаб олиб келиб арқон эшишганини айтганида Лилия роса жазавага тушди. Оғзига келган сўзни қайтармай ўша гўрковларнинг «гўрига ғишт қалаб ташлади». Йигитнинг аччиқ қисматидан таъсирланиб, кўз ёш ҳам тўкиб олди.
Максим машуқасини аядими, тўғридан-тўғри «Веранинг гаплари ростми» деб сўрашга журъат топмади, хуллас мавзу ёпилди. Буни унутишга ҳаракат қилди. Бироқ барибир унга таниш-билишлари, қўни-қўшнилар ачиниш билан қараётгандай туюлаверди...
Максим ва Лилия мактабда бир синфда ўқиган, ўспиринлик давридаёқ бир-бирига кўнгил қўйган эди. Гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона учрашиб юрган бу икки ёш олдинда қандай синовлар кутиб турганини билмас эди.
Йиллар ҳаммани ҳам ўзгартириб юборар экан. Лилия енгилтабиат қизга айланди. Унинг очиқчасига қилаётган хиёнатларига чидамаган Максим ундан узоқлашди. Россияга кетиб қолди.
Лилия эса ўзини бебош, тийиқсиз ҳаёт қўйнига ташлаб, билганича яшай бошлади. Шу орада қайсидир хушторидан ҳомиладор бўлиб қолди.
Врач кўригига қатнаб юрганида унинг иммун танқислиги вируси — ОИВни юқтиргани аён бўлди. Ҳарқалай, боласи соғлом туғилди. Энди у қолган умрини шу фарзандига бағишлашга қарор қилди.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Лилия тез-тез илгариги ҳаётини қўмсаб қолар, аммо... Илгари бир қиё боқишига муштоқ хушторлари қорасини кўрсатмай кетишган эди.
Орадан бир йилча муддат ўтиб тасодифан Максимни учратиб қолди. Эски аразларини унутган Максим яна унинг тунги меҳмонига айланди. Лилия ҳаммасига қўл силтади.
Аввал бошида ҳар замонда уни йўқлаб турган Максим, кейинчалик Лилия­нинг таклифи билан бутунлай унинг уйига кўчиб ўтди ва улар бирга яшай бошлашди.
Максимнинг кўнглига Венера ғулғула солиб кетмаганда унинг ҳали-вери «биринчи муҳаббати»ни топганидан сармастлиги тарқамаган бўлар эди.
«Наҳотки Венеранинг гапи рост бўлса? Наҳотки уни севишини такрорлаб чарчамайдиган Лилия, ўзи билган Лилия унга шуни раво кўрган бўлса? Нега ҳамма жим?!».
Илгари эътибор бермаган экан, Лилия имкон қадар дунё лаззатларидан тезроқ ва кўпроқ баҳраманд бўлишга ташнадай эди. Гўёки, йўқотадиган нарсаси қолмагандай ёки буларнинг бари ғаниматдай.
Ўртага совуқчилик тушди. Аммо икковининг ҳам дарди ичида. Максим охирги уч ойни ўз ажали билан ўйнашиб яшаганига ишонолмас, Лилия эса ўзини ҳеч нарса билмагандай тутишга уриниш билан овора эди.
Максимни шубҳа-ю гумонлар ва қўрқув исканжага ола бошлади. Кичик бир тортишувни баҳона қилиб унинг уйидан чиқиб кетди. Бирга ўсган дўсти Сашага ичидагиларни тўкиб солди. Унинг «пайсалга солмай таҳлил учун қон топшириб кўришинг керак» деган маслаҳатига кўниб, аноним тарз­да текширувдан ўтишга қарор қилди.
Ўзи асрасин, бундай таҳлил натижаси мусбат чиққанда одам қандай аҳволга тушиши мумкин? ОИВ таш­ҳиси қўйилганларнинг ўндан тўққизи таҳлил натижасидан, тиббиёт ходимларидан норози бўлиб «адашмовчилик бўлди» дея илинж билан навбатдаги ташҳис натижасини кутади.
Таҳлил натижасини эшитган Максимнинг кўзига дунё қоронғу кўриниб кетди. Ши­фокорнинг гаплари қулоғига­ кирмади. Бошқа ташҳис ла­­­­-б­о­раториясига борди. Кут­ди.­­­­­ Яна шундай натижа чиқ­ди.­
«Бўлиши мумкин эмас. Саккиз ёшимдан спорт билан шуғулланаман. Қаранглар, мен касалга ўхшайманми?» Максим аввалига марказ ходимларини уқувсизликда, саводсизликда айблади, кейин «Россияга, керак бўлса Америкага бориб текширтираман» дея иддао қилди. Охирида эса ҳўнг-ҳўнг йиғлашга тушди. «Яхшилаб текширинглар, яхшилар...» Кейинги текширувлар белгиланган тартибда, мажбурий тарзда кечди.
Лилия қаёққадир ғойиб бўлган эди. Эшиги қулф, телефон қўнғироқлари жавобсиз. Одамзод ҳамма нарсага кўникар экан. Максим ҳам тақдирга тан берди.
Кўп ўтмай унга Лилиянинг ўзи қўнғироқ қилди.
— Биламан, мени кечирмайсан Макс. Сенга бу дард­ни мен юқтирдим...
— Лилия, нима қилиб қўйдинг?! Ҳали жавоб берасан, қанжиқ!
— Бақирма менга. Сени тўшагимга мажбурлаб олиб келганим йўқ. Нима, мен ўзим истаб касал бўлганман­ми? Менгаям сенга ўхшаган биттаси юқтирганку.
— Бунчалик тубанликка борасан деб ўйламагандим.
— Нима, ўзинг фариштамисан?
— Нега ахир мен? Нега!?
Јишт қолипдан кўчган, энди бу гаплар ҳеч нарсани ўзгартирмасди.
«У ташҳис аён бўлган пайтдаёқ инфекция тарқатса жавобгарликка тортилиши ҳақида тилхат ёзган, уни судга бер. Бундай жиноят жазосиз қолмаслиги керак. Токи бу бошқаларгаям сабоқ бўлсин» дея маслаҳат беришди танишлари Максимга.
Суднинг қора курсисида ўтирган Лилия Авдееванинг (исм-фамилиялар ўзгартириб берилмоқда) қилмишини қандай аташниям билмайди киши. Шуниси аниқки, у содир этган жиноят қотилликдан кам эмас.
Л.Авдеева судда ўз қилмишини «Фуқаро Максим Ивановга шахсий ғаразим бўлмаган. Ҳамиша ёнимда бўлишини истагандим, шунинг учун ундан диспансерда ҳисобда туришимни яширганман», дея изоҳлайди.
Суд ҳукми билан қасддан ОИТС вирусини юқтирган Лилия Авдеева қонуний жазосини олди.
Шавкат ЁДГОРОВ,
«Huquq va burch» мухбири