“Huquq va burch” жавоб беради
Имтиёзли дипломнинг имтиёзи борми?
05.02.2015
 
— Олий ўқув юртининг бакалавриат босқичини имтиёзли диплом билан тугатган шахсларга магистратурага ўқишга киришда имтиёз бериладими?
Бобур НАЗАРМУҲАМЕДОВ
Қибрай тумани
 
Саволга ҳуқуқшунос Хушнудбек ХУДОЙБЕРДИЕВ жавоб беради:
— Республикамиздаги олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра амалга оширилади. Мазкур ҳужжатнинг 4-қисми «Кириш синовлари» деб номланиб, унда магис­тратурага кириш синовларининг умумий баллари ҳақида маълумот берилган. Ушбу маълумотлар орасида бакалавриатура босқичини имтиёзли диплом билан тугатган талабаларга қўшимча имтиёзлар берилиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган.
Низомнинг 3-бандида магистратурага қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиши, 7-бандида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорларига имтиёз берилиши ва улар олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари давлат гранти асосида қабул қилиниши белгилаб қўйилган.