“Huquq va burch” жавоб беради
Автобусларнинг бекатда тўхтаб туриш вақти
05.02.2015
 
— Автобуслар бекатда қанча вақт тўхтаб туриши керак?
Сардор МУЛЛАЖОНОВ
Чилонзор тумани
Саволга «Тошшаҳартрансхизмат» АК бошқаруви раиси Отабек СОДИҚОВ жавоб беради:
— Тошкент шаҳар жамоат транспорти ҳаракати жадвали қоидаларига кўра барча автобуслар оралиқ бекатларда 20-30 сония туриши керак. Йўловчилар оқими катта бўлган бекатлар (масалан, Олой, Чорсу бозорлари кабилар)да эса автобусларга 40 сониядан 1 дақиқагача туришга, охирги диспетчерлик бекатларида 2-5 дақиқа туришга рухсат этилади. Йўналишлардаги интерваллар автобусларнинг ҳаракати ва ушбу йўналишдаги сонига боғлиқ бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, йўловчилардан ушбу масала билан боғлиқ ҳодисаларга бефарқ бўлмасликни, жамоат транспорти ҳайдовчилари белгиланган иш жадвалига риоя этишмаганида, йўналиш номери, жадвал бузилган вақт ва автобуснинг гараж ёки давлат рақами ҳақида компаниямизнинг махсус «ишонч телефон»лари (1062, 233-54-78) орқали маълумот беришни сўраймиз. Бу шаҳар жамоат транспортида тартиб-интизомни мустаҳкамлашда, хизмат сифатини оширишда муҳим омил бўлади.