“HUQUQ va BURCH” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ
02.02.2015
“HUQUQ va BURCH” ижтимоий-ҳуқуқий
Журнали бош муҳаррирининг
 2015 йил “22” апрелдаги
37-UM-сон буйруғига
ИЛОВА
 
“HUQUQ va BURCH” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
 
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, “HUQUQ va BURCH” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятида (кейинги ўринларда таҳририят деб аталади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (бундан буён матнда мурожаат деб юритилади) билан ишлаш тартибини белгилайди.
2. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар таҳририятга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
3. Ушбу Низомнинг амал қилиши:
кўриб чиқиш тартиби маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;
таҳририятнинг давлат органлари ва давлат муассасалари (кейинги ўринларда давлат органлари деб юритилади), шунингдек уларнинг таркибий бўлинмалари билан ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза – ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;
таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;
шикоят – жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш тўғрисидаги талаби баён этилган мурожаат;
аноним мурожаат - жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаат;
мурожаатнинг дубликати - айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;
такрорий мурожаат - аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;
электрон мурожаат - электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклидаги мурожаат.
5. Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.
Таҳририятнинг расмий веб- сайти орқали ёки расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Хукумат портали) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низом ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
 6. Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.
Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин.
7. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.
8. Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Ёзма мурожаат мурожаат қилувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.
Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши шарт.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
 9. Мурожаатларни бериш муддатлари, қоидага кўра, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар таҳририятнинг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра, таҳририятга мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.
Бўйсунув тартибида юқори органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.
Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати таҳририят бош муҳаррири томонидан тикланади.
10. Таҳририят ушбу Низом талабларига мувофиқ мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий қилиши мумкин.
 
II. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби
11. Таҳририятда мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек унинг кўриб чиқилишини назорат қилиш Хатлар ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими (бундан буён матнда Бўлим деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
12. Электрон мурожаатлар тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса - навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.
13. Ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан Бўлимда рўйхатга олинади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг манзили, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган бўлим номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.
Қайд этиш штампида таҳририятнинг расмий номи, мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.
Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.
14. Мурожаат почта оркали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унинг иловалари борлиги текширилади.
Конвертда мурожаатнинг мавжуд эмаслиги ёки унинг яроқсизланганлиги, шунингдек, мурожаатда кўрсатилган иловаларнинг йўқлиги аниқланганда икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлимда қолади, иккинчиси мурожаат қилувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича жўнатилади.
Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолинади.
15. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари таҳририят раҳбари ёки унинг ўринбосари ёхуд мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлимнинг раҳбари ёхуд бошқа масъул ходими томонидан қабул килинади.
Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар текширилгандан кейин ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилади. Ҳисобга олиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида рўйхатга олинади.
16. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари таҳририятга оғзаки мурожаат этишганда улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ушбу Низомнинг 15-бандига мувофик тўлдирилган ҳисобга олиш карточкасига бириктирилиши керак.
Такрорий ва дубликат мурожаатлар девонхона томонидан навбатдаги қайд этиш рақами билан рўйхатга олинади.
Такрорий мурожаатнинг устхат (фишка)ида кирим рақамидан сўнг қавс ичида такрорийлик белгиси сифатида унинг олдинги рақами ҳам қўйилади (масалан, 100/5 (90/5га).
Дубликат мурожаатнинг устхат (фишка)ида кирим рақамидан сўнг қавс ичида унинг олдинги рақами ҳам қўйилади (масалан, 100/5 (90/5).
17. Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай таҳририят раҳбари ёки унинг ўринбосарига киритилади, у масъул таркибий бўлимни (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чикиш бўйича резолюцияни (топшириқномани) қўяди.
18. Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлим мурожаатни ижро этувчи сифатида бошқа бўлим белгиланган бўлса, рўйхатга олиш журналларига имзо қўйдирган ҳолда топширади.
19. Таҳририятга келиб тушган мурожаатлар иш юритувга қабул қилиниши, ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органларига юборилиши мумкин.
Журналнинг муассис органлари марказий аппарати томонидан ўрганиш учун юборилган мурожаатлар таҳририят томонидан топширик сифатида рўйхатга олинади ва ўрганиш натижалари бўйича хулоса (топшириқ хатида кўрсатилган бўлса тўпланган материаллар билан) ўрганиш учун юборган муассис органга тақдим этилади.
Журналнинг муассис органлари марказий аппарати томонидан ижро учун юборилган мурожаатлар таҳририят томонидан тўлиқ кўриб чиқилиб, мурожаат этувчига жавоб юборади ва мазкур тоифадаги мурожаатлар таҳририятнинг статистик ҳисоботида муассислардан келиб тушган ва кўриб чиқилган мурожаатлар сифатида акс эттирилади.
20. Қўйилган масалаларни ҳал этиш таҳририятнинг ваколати доирасига кирмайдиган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай таҳририят бош муҳаррири ёки унинг ўринбосари томонидан ёхуд Бўлим раҳбари томонидан ҳам имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳакда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.
Мурожаатни кўриб чиқиши учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.
Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.
21. Мурожаатни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чикиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурият юзага келган тақдирда мурожаатни кўриб чикувчи бўлим мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ушбу таҳририятнинг ваколатлари доирасида – белгиланган тартибда бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.
22. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда таҳририят мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқишни таъминлаши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш таҳририят раҳбарининг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади.
Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошка шахснинг иштирокида кўриб чиқиш зарурати бўлса, улар таҳририятнинг мансабдор шахслари томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда таҳририятнинг мансабдор шахслари мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чикиш мумкин эмаслиги тўғрисида жавоб юборади.
23. Агар мурожаатда ўртага қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун таҳририят томонидан ўз ваколати доирасида жалб этилади.
24. Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.
25. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича таҳририят томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.
Мурожаатни қониқтирмасдан қолдириш тўғрисидаги қарорни таҳририятда фақатгина бош муҳаррир (ёки унинг вазифасини бажарувчи) қабул қилади.
Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак.
26. Мурожаатга жавоб хати бош муҳаррир ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.
Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.
27. Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки, уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.
28. Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.
Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чикиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда Бўлим жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўяди.
Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар ижродан ёки назоратдан олинмайди.
Бунда, мурожаат тўлиқ кўриб чиқилиб, унинг натижасида таъсир чора (тақдимнома, судларга даъво ариза ва бошқалар) қўлланилган ҳолларда мурожаатни кўриб чиқувчи бўлим билдиргига асосан бош муҳаррир ёки унинг ўринбосари розилиги билан ушбу мурожаатни ички назоратга олади.
29. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.
Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилган ва жавоб юборилгандан кейин келиб тушса, у ҳолда таҳририят мурожаат килувчини бу ҳакда ёзма равишда хабардор килади.
30. Назоратга олинган мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган раҳбар ёки мансабдор шахс томонидан назоратдан ва ижродан олинади.
31. Таҳририят журнал муассисларининг назоратида турган мурожаатлар юзасидан мурожаатни кўриб чиқиш натижаси бўйича мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида назоратга олган муассис органга ёзма шаклда хабар беради.
32. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш йўли билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат таҳририятнинг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.
Мурожаатни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза таҳририят томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.
33. Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материалларни сақлаш мурожаатни кўриб чиққан бўлимда икки йил муддатгача сақланади ва бу муддат ўтгач идоравий архивга топширилади.
 
III. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари
34. Ариза ёки шикоят таҳририятга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари бош муҳаррир томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
35. Таклиф таҳририятга келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳакда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.
36. Айрим ҳолларда бош муҳаррир, унинг ўринбосари мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришлари мумкин.
37. Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар таҳририятга келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.
 
IV. Мурожаатларни кўрмай қолдириш
   38. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
аноним мурожаатлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
39. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш Бўлим томонидан амалга оширилади.
Мурожаат аноним деб эътироф этилганда бу ҳақда мазкур Низомнинг           2-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса Бўлим раҳбари томонидан тасдиқланади.
Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади.
40. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, Бўлим уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.
Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда бўлим мудири томонидан тасдиқланадиган хулоса тузилади.
Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу ҳақда мурожаат килувчи ёзма равишда хабардор қилинади.
 
V. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакиллари
қабул қилишни ташкил этиш
41. Таҳририятда белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинади.
Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш таҳририятнинг ваколатли шахслари томонидан амалга оширилади.
42. Таҳририятда жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари бош муҳаррир томонидан тасдиқланган жадвалга асосан қабул қилинади.
Таҳририятда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилади.
Қоида тариқасида, бош муҳаррир қабулига унинг ўринбосари қароридан норози бўлган, бош муҳаррир ўринбосари қабулига бўлим мудири қароридан норози бўлган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинади.
43. Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги ахборот таҳририятнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек маъмурий бинода ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.
Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса - ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.
44. Хатлар ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими қабулга келган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни, шунингдек, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади.
Бунда, таҳририят бош муҳаррири ва унинг ўринбосари қабулида бўлган жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларннинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари бўлим томонидан ҳар бири учун алоҳида юритиладиган жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш китобларига қайд этилади.
Таҳририят ходимлари томонидан қабул қилинган жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг ёзма ва оғзаки мурожаатлари бўлим томонидан юритиладиган жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш китобига қайд этилади.
Бўлим жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш китобларига қайд этилган мурожаатларни рўйхатга олади ва таҳририят раҳбариятининг резолюцияси (топшириқномаси) билан ижрони таъминлайди.
45. Таҳририятда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш Бўлим ходимлари иштирокида амалга оширилади.
46. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилувчи раҳбар ёки ваколатли шахснинг кўрсатмаси бўйича таҳририятнинг бошқа ходимлари ҳам қабул қилиш жараёнига жалб этилиши мумкин.
47. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш таҳририятнинг ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади.
Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин.
48. Таҳририят бош муҳаррири, унинг ўринбосари ёки бошқа ваколатли шахслари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин.
49. Сайёр шахсий қабуллар вақтида Хатлар ва жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг мудири ва бошқа масъул ходимлари иштирок этиши мумкин.
50. Сайёр шахсий қабуллар бош муҳаррир томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ ўтказилади.
Зарур ҳолларда жадвалда назарда тутилмаган сайёр шахсий қабуллар ўтказилиши мумкин.
51. Сайёр шахсий қабулларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот ушбу Низомнинг 43-бандида белгиланган тартибда манфаатдор шахслар эътиборига етказилади, шунингдек маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон килинади.
52. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларннинг сайёр шахсий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаатлари ушбу Низомнинг 16-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
 
VI. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик
шахсларнинг ҳуқуқлари ва таҳририятнинг мажбуриятлари
53. Мурожаат адлия органлари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқишда бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.
54. Таҳририятнинг мурожаатни кўриб чиқувчи мансабдор шахслари ёки бошқа ваколатли шахслари:
жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошка сирларни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши;
мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, шунингдек, агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини коплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриши;
мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг зудлик билан ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилиши шарт.
Мурожаат юзасидан қарор қабул қилган таҳририятнинг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахслари, агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг юзасидан шикоят бериш тартибини тушунтиришлари шарт.
 
VII. Мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш. 
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш.
55. Бўлим таҳририят томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва унинг мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради.
Бўлим таҳририятда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби бузилиши тўғрисида бош муҳаррирни дарҳол хабардор қилади.
Бўлим мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда таҳририят раҳбариятига мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган ходимларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.
56. Таҳририят жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайдилар.
Таҳлил натижалари бўйича бўлим бош муҳаррирга таҳририятда мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.
 
VIII. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва
тартиби бузилганлиги учун жавобгарлик
57. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб булади.
Қонун ва ушбу Низом талабларига риоя этишни таъминлаш учун жавобгарлик таҳририят раҳбари ва унинг ўринбосарига, мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул бўлим мудирига юкланади.