ОХСда кўрилган ишлар
18-1203/35666 - сонли қарор
23.12.2014
2012 йил 13 ноябрь (кўчирма)
Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси «Istiqlol-М» масъулияти чекланган жамияти манфаатида (бундан буён матнда жамият деб юритилади) Миришкор туман ҳокимлигига ва «Баротов Хонибой Ражабович» фермер хўжалигига (бундан буён матнда фермер хўжалиги деб юритилади) нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Миришкор туман ҳокимининг 2010 йил 28 декабрдаги Х-587/12-сонли қарорининг 38-контурга тегишли қисмини ҳақиқий эмас деб топишни ва фермер хўжалигидан жамиятга 48763000 сўм зарар ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талабларни қаноатлантириш рад қилинган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш хужжатларидан кўринишича, Миришкор туман ҳокимининг 2010 йил 28 декабрдаги Х-587/12-сонли қарорига асосан, фермер хўжалигининг ер майдонлари мақбуллаштирилиб, унга жами 81,44 гектар ер майдони 49 йил муддатга ижарага берилган.
Фермер хўжалиги бошлиғининг қўшимча ер майдони ажратишни сўраб ёзган аризасига асосан, Миришкор туман ҳокими 2012 йил 19 июнда 307/06-сонли қарор қабул қилган ва жами 90,24 га ер майдонини фермер хўжалигига берган. Мазкур қарорнинг 4-бандида Миришкор туман ҳокимининг 2010 йил 28 декабрдаги Х-587/12-сонли қарори ўз кучини йўқотганлиги қайд этилган. Даъво аризасида эса, айнан шу қарорни ҳақиқий эмас деб топиш масаласи қўйилган.
Бундан кўринадики, низо предмети бўлган ва даъво аризасида ҳақиқий эмас деб топилиши сўралаётган Миришкор туман ҳокимининг 2010 йил 28 декабрдаги Х-587/12-сонли қарори суд томонидан низо ҳал қилинаётган пайтда ўз кучини йўқотган. Шу сабабли, арз қилинган талабнинг ушбу қисми асосли равишда рад этилган.
Бундан ташқари, даъво аризасида жамиятга тегишли 17 гектар ер майдонига экилган беданинг фермер хўжалиги томонидан ўзбошимчалик билан бузиб ташланиши оқибатида жамиятга етказилган 48763000 сум зарарни фермер хўжалигидан ундириш сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14-моддасига мувофиқ, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ микдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақикий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. Маълумки, зарарни аниқлашда содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик, бунинг натижасида келиб чиққан оқибат, содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик билан оқибат ўртасида сабабий боғланиш бўлиши, етказилган зарарнинг реал эканлиги талаб қилинади.
Аммо, жамиятга тегишли 17 гектар ер майдонига экилган беданинг фермер хўжалиги томонидан ўзбошимчалик билан бузиб ташланганлиги, яъни ҳаракатнинг содир этилганлиги ҳолати бирор тарзда исботланмаган.
Бундан ташқари, зарар микдори тегишли ваколатга эга бўлган органлар хулосаси ёки бошқа зарур ҳужжатлар билан тасдиқланмаган. Бой берилган фойданинг олдини олиш мақсадида жамият томонидан барча чоралар кўрилганлиги суд муҳокамасида ўз тасдиғини топмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Шу сабабли, даъво талабининг зарар ундириш билан боғлиқ қисми ҳам асосли равишда рад этилган.
Биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, ишда тўпланган барча хужжатларни инобатга олиб, арз қилинган талабларни қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида тўғри хулосага келган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал килув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Даъво аризаси ва кассация шикояти Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан берилган. Шу сабабли, тўланган 7000 сўм почта харажатлари жамият зиммасида қолдирилади. Иш бўйича давлат божи ундирилмайди.