Интервью
Нуронийларга ғамхўрлик қилиш барчамизнинг бурчимиз
14.11.2014
 
Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланган.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш йўлидаги эзгу ишларнинг яна бир ифодаси бўлди.
Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси марказий кенгаши раиси Эркин Боқибоев билан ЎзА мухбирининг суҳбати шулар ҳақида.
– Мамлакатимизда барча соҳаларда жадал ўсиш суръатлари таъминланиб, аҳоли фаровонлиги муттасил ошиб бормоқда, – дейди Э.Боқибоев. – Бу Президентимиз Ислом Каримов томонидан халқимизнинг давлатчилик тарихи, миллий-диний қадриятлари ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган тараққиёт йўлимизнинг ҳаётбахш самараларидир.
Кучли ижтимоий сиёсат ана шу тараққиёт моделининг асосий йўналишларидан биридир. Мамлакатимизда нуроний отахон ва онахонлар, кўп болали, кам таъминланган оилалар, етим ва ногиронлар, пенсионерлар манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилиниб, аниқ манзилли қўллаб-қувватланмоқда. Бу бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш йўлида ижтимоий адолат ва барқарорликни сақлаш имконини бераётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 майдаги “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларининг соғлигини тиклаши, маданий ҳордиқ чиқариши учун кенг имтиёзлар яратилмоқда. Президентимизнинг ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармонларига мувофиқ уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари тантанали равишда топширилаётир.
Уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини жалб этган ҳолда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида одамларнинг қалби ва онгига етиб борадиган, уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган турли байрам тадбирлари, учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу каби тадбирлар инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш жамиятимизнинг барча соҳаларини модернизация қилиш ва янгилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг бош ғояси, асосий мақсадига айланганидан далолатидир.
– Президентимизнинг шу йил 13 октябрда имзоланган “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича қандай ишлар амалга оширилади?
– Иккинчи жаҳон уруши арафасида юртимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони урушда иштирок этган. Яъни, ёш гўдак ва болаларни, қария ва аёлларни ҳисобга олмаганда халқимизнинг салкам 50 фоизи жанг майдонларида қатнашган. Яна миллионлаб инсонлар фронт ортида машаққатли меҳнат қилган.
Давлатимиз раҳбарининг фармони уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини кучли ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Фармонга биноан 2015 йилдан бошлаб 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилига бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул соғломлаштирилади.
Айни пайтда “Нуроний” жамғармаси томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур фармон ижросини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётир.
Тегишли идоралар билан ҳамкорликда юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизнинг аниқ рўйхати шакллантирилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда уларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича тайёргарлик кўрилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли 43 санаторий-соғломлаштириш муассасаси рўйхати тузилиб, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уруш ва меҳнат фахрийларининг бекаму кўст соғломлаштирилишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Амалга оширилаётган барча ишлар бугунги тинч-осуда ҳаётимиз учун жасорат ва матонат кўрсатган инсонларга юксак ҳурмат ва эътибор намунасидир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, уларнинг умри ғанимат эканини унутмаслик, фахрийларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, қадрлаш ва эъзозлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Манба: uza.uz