ОХСда кўрилган ишлар
11-1230/1150 - сонли қарор
12.11.2014

2012 йил15май (кўчирма)
 
Даъвогар хўжалик судининг мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқишга розилик бермаган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади
 
«Ўздавэнергоназорат» электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси (бундан буён матнда — Инспекция) хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, «Алимкент пахта тозалаш заводи» очиқ акциядорлик жамиятидан 1550445 сўм жарима ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан даъво ариза кўрмасдан қолдирилган.
Кассация шикоятида даъво аризани иш юритувига қабул қилиш ва уни суд муҳокамасига тайинлаш тўғрисидаги ажрим Инспекция томонидан қабул қилиб олинмаганлиги ва Инспекция суд муҳокамаси тўғрисида хабардор қилинмаганлиги сабабли суд ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган. Кассация протестида эса суд ажримининг давлат божини ундириш қисмини қонунга мувофиқлаштириш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят ва протестда келтирилган важларни муҳоркама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд ажримининг давлат божи ундириш қисмини бекор қилишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Инспекциянинг «Алимкент пахта тозалаш заводи» очиқ акциядорлик жамиятидан 1550445 сўм жарима ундириш ҳақидаги даъво аризаси иш юритувига қабул қилиниб, ишни кўриш 2012 йил 14 февралга тайинланган. Даъво аризасини иш юритувга қабул қилиш ва уни суд муҳокамасига тайинлаш тўғрисидаги ажрим Инспекция томонидан 2012 йилнинг 30 январида почта хизмати орқали қабул қилиб олинган (и.в.20) бўлса-да, унинг вакили суд мажлисига келмаган, даъво аризаси бўйича ўз фикрларини билдирмаган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 88-моддасининг 6-бандига кўра, даъвогар хўжалик судининг мажлисига келмаган ва ишни узининг иштирокисиз кўриб чиқишга розилик бермаган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан даъво ариза асосли равишда кўрмасдан қолдирилган бўлса-да, суд давлат божини ҳисоблашда хатоликка йўл қўйган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 92-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ даъвонинг баҳоси пул маблағларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича ундириладиган суммага қараб аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат божи ставкалари ҳақида» 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган давлат божи ставкаларининг 2-бандида даъво баҳоси 1 млн. сўмдан 10 млн. сўмгача бўлганда, даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.
Даъвогар даъво баҳосининг 2 фоизи — 31008 сўм давлат божини олдиндан тўлаб, хўжалик судига даъво тақдим қилган.
Биринчи инстанция суди эса асоссиз равишда даъвогардан қўшимча равишда 598192 сўм давлат божи ундирган.
Судлов ҳайъати юқорида кўрсатилганларни эътиборга олиб, суд ажримининг Суд ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 598192 сўм давлат божи ундириш қисмини бекор қилишни лозим топади.
Биринчи инстанция суди даъвогарнинг суд мажлисига келмаганлиги сабабли даъво аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида қонуний тўхтамга келганлиги сабабли, судлов ҳайъати ажримнинг қолган қисмини ўзгартиришга ёки бекор қилишга асос йўқ деб ҳисоблайди.