ОХСда кўрилган ишлар
11-1206/278 - сонли қарор
12.11.2014

2012 йил 2 май (кўчирма)
 
Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак
 
«Olmaliq sharob savdo» унитар корхонаси (бундан буён матнда — унитар корхона) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар — Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Тошкент вилоят бўлими (бундан буён матнда — банк филиали)га нисбатан 2004 йил 26 октябрдаги 56-сонли кредит шартномасига асосан 2011 йил 6 июлда тузилган 1-сонли қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топишни ва ушбу шартномага асосан ўтказилган 62369303 сўмни қайтаришни сўраган.
Суднинг ажрими билан дастлабки жавобгар - банк филиали тегишли жавобгар — Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки билан алмаштирилган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари тўлиққаноатлантирилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида даъво талабларига нисбатан эътироз билдирилиб, қўшимча келишув янглишиш таъсирида тузилганлиги ҳақидаги важ исботланмаганлигини, чунки қўшимча келишув корхона раҳбари ва бош ҳисобчи томонидан имзоланганлиги, юридик шахс сифатида янглишиш таъсирида ҳаракат қилиш мумкин эмаслиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиш сўралган.
Кассация протестида эса, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан иш ҳужжатлари тўлиқўрганилмасдан, тарафлар ўртасида 2011 йил 6 июлда тузилган 1-сонли қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топиш ва ушбу шартномага асосан ўтказилган 62369303 сўмни қайтариш ҳақида барвақт тўхтамга келинганлиги сабабли суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикояти ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, банк филиали ва унитар корхона ўртасида 2004 йил 26 октябрда 56-сонли кредит шартномаси тузилган. Кредит шартномасига асосан банк филиали унитар корхонага спиртли ичимликлар ишлаб чикариш учун 24 фоиз устама тўлаш шарти билан 12 ой муддатга 80000000 сўм миқдорида кредит ажратган.
Бироқ шартномавий мажбурият унитар корхона томонидан ўз вақтида бажарилмаганлиги оқибатида банк филиалининг даъво аризасига асосан суднинг 2006 йил 13 июндаги ҳал қилув қарорига кўра унитар корхонадан 64601241 сум кредит қарзи ундирилган.
Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг 2008 йил 24 сентябрдаги ҳукми билан унитар корхонанинг собиқ раҳбари 2004 йил 26 октябрдаги 56-сонли кредит шартномаси бўйича ажратилган 80000000 сўм кредитни банкка ўз вақтида қайтармасдан ўзлаштириб юборганлиги учун ушбу суммани банк филиалига етказилган моддий зарар сифатида ундан ундириш белгиланган.
Ушбу ҳукм асосида унитар корхона 2006 йил 13 июнда қабул қилинган ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза тақдим этган.
Суднинг 2010 йил 10 майдаги ажрими билан унитар корхонанинг аризаси қаноатлантирилиб, суднинг 2006 йил 13 июндаги ҳал қилув қарори янги очилган ҳллатлар буйича бекор қилинган ҳамда 2010 йил 8 июндаги ҳал қилув қарори билан банкнинг унитар корхонадан 66600576,92 сўм кредит қарзи, 671055 сўм суд ҳаражатларини гаровдаги мулк ҳисобидан ундириш ҳақидаги талаби рад этилган.
Суднинг 2010 йил 22 июлдаги ажрими билан корхонадан ундирилган барча пул маблағларининг қайтарма ижроси таъминланган.
Унитар корхонанинг 2011 йил 13 июндаги 22-нк-сонли буйруғи билан корхона директори лавозимига Н.Қ. тайинланган.
Шундан сўнг, банк филиали ва унитар корхона ўртасида 2011 йил 6 июлда 1-сонли қўшимча келишув тузилган. Ушбу қўшимча келишувга асосан 2011 йил 25 июлдаги 32, 33-сонли, 2011 йил 26 июлдаги 35-сонли, 2011 йил 27 июлдаги 36-сонли, 2011 йил 31 июлдаги 41-сонли тўлов топшириқномалари орқали жами 62369303,95 сўм пул маблағлари тарафлар ўртасида 2004 йил 26 октябрда тузилган 56-сонли кредит шартномаси бўйича кредит қарзини қоплаш учун банк ҳисобига ўтказиб берилган.
Унитар корхонанинг даъво аризасида тарафлар ўртасида 2011 йил 6 июлда тузилган 1-сонли қўшимча келишув унитар корхонанинг янги раҳбари Н.К. томонидан янглишиш таъсирида тузилганлиги, чунки унинг банкка етказилган моддий зарарнинг собиқ раҳбар ҳисобидан ундириш ҳақидаги суд ҳужжатидан ҳабари бўлмаганлиги важ қилиб келтирилиб, уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда унга асосан ўтказилган 62 369 303 сўмни қайтариш сўралган.
Тарафлар ўртасида 2011 йил 6 июлда тузилган 1-сонли қўшимча келишув қайси қонун ҳужжатининг талабларига мувофиқ келмаслиги ёки ҳуқуқ-тартибот ёҳуд аҳлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилганлиги даъвогар томонидан исботлаб берилмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахсўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Қуйи инстанция судлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасига асосан, тарафлар ўртасида тузилган қўшимча келишув ҳуқуқ-тартибот ёки аҳлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган, деган хулосага келиб, уни ҳақиқий эмас деб топиш ва унга асосан ўтказилган пул маблағларини қайтариш тўғрисида нотўғри хулосага келган.
Шунингдек, суд қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топиш ва пул маблағларини қайтариш ҳақидаги хулосасини ўз қарорларида асослантириб бермаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида» 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра, суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкин, судлар томонидан барча масалаларни ҳал этмайдиган, юзаки, асослантирилмаган қарорларнинг қабул қилиниши мумкин эмас. Бироққуйи инстанция судлари томонидан ушбу талабларга риоя этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Хужалик процессуал кодексининг 188-моддасига кўра, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёҳуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Бу ҳолда судлов ҳайъати кассация шикоятини тўлиқ, протестни эса қисман қаноатлантириб, суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этишни ва суд ҳаражатларини даъвогар зиммасига юклашни лозим топади.