ОХСда кўрилган ишлар
11-1232/267 - сонли қарор
12.11.2014

2012 йил 17 апрель (кўчирма)
 
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назорат-касса машинасига сертификат олинмаганлиги учун жавобгарлик назарда тутилмаган
 
Бўстонлиқ туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, «Қодир ота» хусусий фирмасига Ўзбекистан Республикаси Солиқ кодекси 119-моддасининг иккинчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида, яъни 5720000 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида «Қодир ота» хусусий фирмасига тегишли назорат-касса машинаси стандарт» агентлиги томонидан белгиланган тартибда мажбурий сертификациядан ўтказилмаганлиги сабабли фирмани Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига асосан жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши баён этилиб, суд қарорларини бекор қилиш ҳамда арз қилинган талабни қаноатлантириш сўралган.
Судлов хайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, Бўстонлиқ туман прокуратурасининг 60/11-179-сонли жиноят ни юзасидан 2011 йил 6 сентябрдаги ҳужжатли тафтиш ўтказиш ҳақидаги қарори, Бўстонлиқ туман давлат солиқ инспекциясининг 2011 йил 6 сентябрдаги 274-хс-сонли, 2011 йил 30 сентябрдаги 305-хс-сонли буйруқларига асосан «Қодир ота» хусусий фирмасининг солиқ қонунчилигига риоя этиши юзасидан текшириш ўтказилган.
Текшириш натижалари юзасидан тузилган далолатномада «Қодир ота» хусусий фирмасига қарашли иккита савдо тармоғида фойдаланилаётган назорат-касса машиналари «Ўзстандарт» кўригидан ўтказилмаганлиги ва тегишли сертификат олинмаганлиги қайд этилган.
Бўстонлиқ туман давлат солиқ инспекцияси солиққа оид ҳуқуқбузарликни бартараф этиш ҳақида қарор қабул қилиб, фирмага Солиқ кодекси 119-моддасининг иккинчи қисмига асосан, энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида, яъни 5720000 сўм молиявий жарима ҳисоблаган. «Қодир ота» хусусий фирмаси томонидан молиявий жарима ихтиёрий равишда тўланмагач, давлат солиқ хизмати органи унга Солиқ кодекси 119-моддасининг иккинчи қисмига асосан молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция суди арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қонуний хулосага келган.
Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига биноан, фискал хотирали назорат-касса ашиналарини ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминатларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик энг кам иш ҳакининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб булади.
Мазкур Кодекс 119-моддасининг иккинчи қисмига асосан, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларнинг жарима қўлланилганидан кейин бир йил ичида содир этилиши — энг кам иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аммо, текширишда тадбиркорлик субъекти томонидан Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жарима қўулланилганидан кейин бир йил ичида содир этилганлиги ҳолати аниқланмаган. Ушбу ҳолатлар текшириш далолатномаси ҳамда Бўстонлиқ туман давлат солиқ инспекциясининг солиққа оид ҳуқуқбузарликни бартараф этиш ҳақидаги қарорида қайд этилмаган.
Шу сабабли, биринчи инстанция суди арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этган, апелляция инстанцияси суди эса асосли равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Кассация шикоятида билдирилган «Қодир ота» хусусий фирмасига тегишли назорат-касса машинаси «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланган тартибда мажбурий сертификациядан ўтказилмаганлиги фирмани Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига асосан жавобгарликка тортиш учун асос бўлади, деган важ билан келишиб бўлмайди. Чунки, назорат-касса машинасининг «Ўзстандарт» агентлиги кўригидан ўтмаганлиги ва сертификати бўлмаганлиги унинг техник талабга жавоб бермаслигини билдирмайди. Солиқкодексида назорат-касса машинасига сертификат олинмаганлиги учун жавобгарлик назарда гутилмаган.
Кайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.