Бу қизиқ
Сирдарёда Ҳумо қуши тасвирланган қадимий шамдон тутқичи топилди
26.08.2014
Археолог олим Алексей Грицина раҳбарлигидаги илмий экспедиция Эски Ховос тепалигидан Ҳумо қуши тасвирланган шамдон тутқичини топди, дея хабар беради “Халқ сўзи” нашри.
“Буюк Ипак йўлида Эски Ховос қадимда карвонсарой вазифасини бажарган, — дейди Сирдарё вилояти ўлкашунослик музейи илмий тадқиқот маркази аъзоси, тарих фанлари номзоди, доцент Боймирза Ўроқов. — Ҳозиргача бу ердан ноёб, муҳим илмий аҳамиятга эга кўплаб тарихий-археологик ашёлар топилмоқда. “Юнон девори” деб номланган иншоот қолдиқлари эса унинг жуда кўҳна манзиллар сирасидан эканлигини исботлайди.
Олимлар уни XI-XII асрларга тааллуқли, деб баҳолашмоқда. Энг қувонарлиси, ушбу топилма — Ҳумо қуши қадимдан аждодларимизнинг эзгулик ва бахт рамзи бўлиб келганлигини тасдиқловчи тарихий далил эканлиги билан қимматлидир. Қолаверса, Термиз археология музейида ҳам шундай сурат муҳрланган яна бир қадимий идиш сақланмоқда”, - дея қайд этилади хабарда.
Манба: anhor.uz