Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади
15.07.2014
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция, Ўзбекистон Конституцияси, Оила кодекси ва бошқа кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда баён этилган. Уларга мувофиқ ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.
 Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ва эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.
Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан келишув асосида ҳал қилинади. Агар ўртада келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожат қилишга ҳақлидир. Боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) болани тарбиялаш ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистемол қилганда бола ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб васийлик ва ҳомийлик органига, 14 ёшга тўлгандан кейин эса мустақил равишда судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола айни пайтда яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига етти кун мобайнида маълум қилиши шарт.
Шундай маълумотларни олгач, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўради. Оила кодексининг 68-моддаси ва “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг 12-моддасига кўра оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақлидир. Бола оилада тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга. Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ва бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади.
Боланинг яшаши, камол топиши учун оила бирдан-бир макон ва табиий муҳит хисобланади. Шунинг учун ҳам Оила кодексининг 2-моддаси билан ота-она зиммасига оилада фарзанднинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолга етиши ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш вазифаси юклатилган.
Оиланинг ички ҳаёти ва болаларнинг тарбиясига бошқаларнинг ўзбошимчалик билан аралашишига, бола тарбиясига салбий таъсир ўтказилишига йўл қўйилмайди. Шу билан қонун оила ва боланинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган ўз функциясини бажаради. Аммо боланинг ҳуқуқи оилада камситилса, бундай оилага нисбатан қонун йўли билан зарур таъсир ўтказишга, ота-онанинг ҳуқуқини чеклашга, ҳаттоки, уларни бу ҳуқуқдан маҳрум қилишга ҳам тўғри келади.
Ўзаро никоҳда бўлмаган вояга етмаган шахслар фарзандли бўлишса, 16 ёшга тўлишлари билан ота-оналик ҳуқуқларини мустақил равишда амалга оширишга ҳақлидирлар.
Вояга етмаган ота-она 16 ёшга етгунга қадар болани вояга етмаган ота-она билан биргаликда тарбиялаш учун васий тайинланиши мумкин. Боланинг васийси билан вояга етмаган ота-она ўртасида келиб чиқадиган келишмовчиликлар васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.
Биламизки, инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади. Шундай экан, ҳар қайси давлатда бола ҳуқуқларини таъминлаш демократик қадриятларнинг асл кўринишини акс эттириши бежиз эмас.
Бобур ОТАЖОНОВ,
Қорақалпоқ давлат
университети талабаси