“Huquq va burch” жавоб беради
Чипта сотиб олишда имтиёз
15.07.2014
 
– Кимлар темир йўл кассаларидан чипта сотиб олиш бўйича имтиёзли ҳуқуққа эга?
 
– Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидаларининг 22-бандида қуйидаги шахсларга темир йўл чипталарини сотиб олиш бўйича устунлик ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган:
а) 10 ёшгача (бу ёшга тўлган) болали йўловчиларга, шунингдек йўлланмалар чипта кассасига тақдим қилинган ҳолда йўлланмалар бўйича санатория-курорт даволанишига бораётган 10 ёшдан катта касал болаларни кузатиб бораётган йўловчиларга;
б) Ўзбекистон Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимларига;
в) Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига, темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Адлия вазирлиги хизматчиларига, хизмат кўрсатиш ҳудудлари доирасида ёки хизмат сафари гувоҳномаларида кўрсатилган станцияларгача хизмат ишлари юзасидан кечиктириб бўлмайдиган йўлга чиқишларда тиббиёт ходимларига, ветеринария ва санитария назорати ходимларига;
г) тасдиқланган телеграф чақируви билан кетаётган шахсларга;
д) авария ёки ёнғинни бартараф этиш учун сафарбар қилинган «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, «Ўздавнефтгазинспекция», газ назорати, газ, кимё, нефть, нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё саноати, геология хизматчиларига тақдим қилинади.
Ушбу шахслар учун («а» кичик бандида кўрсатилган шахслардан ташқари) бўш жойлар мавжуд бўлмаганда, уларнинг розилиги билан умумий вагонларга мавжуд жойлардан ортиқ чипталар берилади.
Бундан ташқари, юқоридаги ҳужжатнинг 25-бандида қуйидаги шахсларнинг темир йўл кассаларида навбатсиз чипта олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган:
а) Совет иттифоқи қаҳрамонлари ва уч даражадаги «Шуҳрат», «Ўзбекистон Қаҳрамони», «Соғлом авлод учун» орденлари ва «Шуҳрат» медали билан тақдирланган шахслар;
б) уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар;
в) Чернобиль АЭСда авария оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашган шахслар;
г) Ўзбекистон Олий Мажлиси сенаторлари ва депутатлари;
д) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари;
е) «Фахрий темирйўлчи» нишони билан тақдирланган шахслар.