“Huquq va burch” жавоб беради
Болалар учун чегирма
15.07.2014
 
– темир йўл транспортидан фойдаланишда болалар учун қандай имтиёз ва чегирмалар кўзда тутилган?
 
– «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ йўловчи поездда ўзи билан бирга беш ёшгача бўлган бир нафар болани алоҳида жой берилмаган ҳолда бепул олиб юриш ҳуқуқига эга. Беш ёшгача болага чипта расмийлаштириш йўл ҳақи тўламасдан ота-оналардан бирининг чиптасига асосан амалга оширилади. Беш ёшгача бўлган болалар сони биттадан ортиқ бўлса, улардан бири учун йўл ҳақи тўланмайди, қолганлари учун эса чипта тўлиқ қийматининг 50 фоизи тўланиб, уларга алоҳида жой берилади. Беш ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларга ҳам чипта тўлиқ қийматининг 50 фоизи чегирилган ҳолда алоҳида жой берилади. Ўн ёшдан ошган болалар темир йўл транспортидан фойдаланганлик учун катталар билан бир хил пул тўлашади. Темир йўл транспортида болаларни ташиш бўйича бу имтиёзлар темир йўл транспорти корхоналарининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидаларида белгиланишича, беш ёшгача (жўнаш вақтига ёши тўлгани ҳам) иккинчи болани йўл ҳақи тўламасдан юришига, алоҳида жой тақдим қилинмасдан, поездда юриш иккала ота-она томонидан амалга оширилаётганда йўл қўйилади. Бундай ҳолатда болага йўл ҳақи тўланмайдиган чипта ҳар бир ота-она чиптасига биттадан расмийлаштирилади.
Шунингдек, ўн ёшгача (жўнаш вақтига ёши тўлгани ҳам) болалар поездда юришлари учун болалар чипталари берилади.
Ўн олти ёшгача болаларнинг ота-оналари ҳамроҳлигисиз йўловчи ташиш поездларида юришларига йўл қўйилмайди, мактаб, лицей, коллежга бориш учун темир йўл транспортидан фойдаланувчи ўқувчилар бундан мустасно.
Ўтириш жойларига эга умумий вагонда болалар чиптасига эга бўлган ҳар бир болага катта ёшдаги йўловчилар каби жой тақдим қилиниши керак.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, беш ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларни болалар чиптасисиз ёки икки ва ундан ортиқ 5 ёшгача болаларни катта ёшдаги бир йўловчи билан поезд¬да олиб юрилганда, ундан бундай ҳолатлар учун белгиланган миқдорда жарима ундирилади, бунда юқоридаги ҳужжатнинг 31-бандига мувофиқ йўловчи кейинчалик йўлида давом этиши учун болалар чипталари сотиб олиши керак.
Ўн ёшдан ошган болалар болалар чиптаси билан поездда юрганда йўловчиларни кузатиб келаётган шахсларга белгиланган миқдорда жарима солинади. Бундан ташқари, улар дастлабки жўнаш станциясидан манзил станциясигача тўлиқ ва болалар чиптаси ўртасидаги фарқни тўлаши шарт. Бундай ҳолатда чипталар баҳосининг фарқи чипта кассаси ёки белгиланган шаклдаги квитанция тақдим этган ҳолда назорат қилувчи шахс томонидан ундирилади.
Кузатувчиларсиз кетаётган ва чиптасиз бўлган болалар, энг яқин жойлашган йирик станцияда транспортдаги ички ишлар органлари ходимларига топширилиши керак.