“Huquq va burch” жавоб беради
Қўл юки
15.07.2014
 
– Йўловчилар вагонга ўзлари билан неча килограммгача оғирликдаги юкни олиб чиқиш ҳуқуқига эга? Қўл юкининг габа¬рит ўлчамлари белгиланганми?
 
– Ҳар бир йўловчи (тўлиқ ёки болалар чиптасига) ўзи билан бирга 36 кг дан ошмаган қўл юки олиб юриш ҳуқуқига эга. Икки ўринли купе вагонларида 50 кг қўл юки олиб юрилишига рухсат этилади.
Қўл юкини йўловчилар учун мўлжалланган жойларга, шунингдек, ўтирғичлар ўртасидаги ўтиш жойлари, йўлаклар, вагон майдончалари (тамбурлар)га жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, йирик габаритли (уч ўлчами суммасига кўра 180 сантиметрдан ортадиган) буюмларни қўл юки сифатида ташиш тақиқланади.
Шаҳарлараро қатновчи йўловчи ташиш поездларида йўловчилар томонидан бепул меъёрдан ортиқ (лекин 50 килограммдан ошмаган) қўл юкининг ташилиши багаж тарифига биноан тўланиши керак. Шаҳарлараро қатновчи йўловчи ташиш поездлари тамбурларида қисмларга ажратилмаган биттадан ортиқ велосипедни ташишга рухсат этилади.
Йўловчига қўл юки белгиланган меъёрдан (36 кг) ортиқча қуйидагиларни ташишга рухсат этилади: портфель, аёллар сумкачаси, дурбин, чан¬ғи ва унга таёқчалар, қармоқлар, фотоаппарат, соябон, шунингдек, уч ўлчамига кўра 100 сантиметрдан ошмайдиган бошқа кичик буюмлар.
Шаҳарлараро қатновчи йўловчи ташиш поездларида бепул қўл юки ташиш меъёри ҳисобига, шунингдек, болалар аравачаси, ўсимликлар, юқори қисми бойланган ва илдизлари ўралган кўчатлар ҳамда бошқа экинларни ташишга рухсат этилади. Бундай қўл юкининг ҳар бир жой вазни 18 килограммдан, баландлиги 1,5 метрдан ошмаслиги керак.
Карантин эълон қилинган ҳудудларда ушбу ташишлар қўл юки эгасининг карантин ҳужжатларини тақдим этгандагина амалга оширилиши мумкин. Ўзи билан бирга ўз ўлчамларига кўра вагонларда қўл юки учун мўлжалланган жойларда жойлашиши мумкин бўлган йўловчи қўл юки меъёри ҳисобидан қисмларга ажратилган ҳолдаги болалар аравачаси, байдаркаларни ташишга рухсат этилади.