“Huquq va burch” жавоб беради
Имтиёзга эга шахслар
15.07.2014
 
– Темир йўл транспортидан фойдаланишда имтиёзга эга шахслар ҳақида маълумот берсангиз.
 
– Темир йўл транспортидан фойдаланишда имтиёзга эга шахсларнинг ҳуқуқлари МДҲ давлатлари раҳбарларининг 1993 йил 12 мартдаги «Ногиронлар ва Улуғ ватан уруши қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахсларнинг имтиёзли юриш ҳуқуқларини ўзаро тан олиш тўғрисида»ги битими, Ўзбекистоннинг қонунлари, давлатимиз раҳбарининг 1992 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси ўқувчилари ва талабаларининг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида»ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидаларига кўра қуйидаги шахсларга темир йўлларда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) берилган:
– Совет иттифоқи қаҳрамонлари ва «Шуҳрат» орденининг учта даражаси билан тақдирланган шахсларга (МДҲ бўйлаб бориш-келиш);
– ярадор бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилардан 1- ва 2-гуруҳ уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахсларга (МДҲ доирасида бориш-келиш);
– Чернобиль АЭСдаги авария бартараф этган-ногиронларга (Ўзбекистон ҳудудида).
Темир йўлларда чиптанинг тўлиқ қийматидан эллик фоиз чегирмалар билан йилига бир марта юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) талонларга алмаштириш ва гувоҳнома тақдим этиш бўйича қуйидагиларга берилган:
– 3-гуруҳ уруш ногиронларига;
– уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга (МДҲ доирасида).
Темир йўлларда чипта тўлиқ қийматидан эллик фоиз чегирмалар билан йилига бир марта (бориш ва келишга) юриш ҳуқуқига эга шахсларга, уларнинг хоҳишига кўра икки йилда бир марта икки йиллик талонлар (жорий ва олдинги ёки жорий ва кейинги йилги) ўрнига йилига бир марта бепул юриш (бориш ва келишга) тақдим қилинади. Бу ҳолда тўғри йўналишда бундай юриш «бориш» икки талони ўрнига, қайтишга эса – «келиш» икки талони ўрнига расмийлаштирилади. Ушбу тартиб 3-гуруҳ уруш ногиронлари ва уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга ҳам татбиқ этилади.
1-гуруҳ уруш ногиронларини кузатиб келаётган шахсларга (биттадан кўп бўлмаган кузатувчига), талонлар ўрнига йилига бир марта (бориш ва келишга) чиптанинг тўлиқ қийматидан эллик фоиз чегирма берилади. Кузатувчи шахсга чипта расмийлаштирилаётганда фақат жорий йил талонлари ҳисобга қабул қилинади. Ўтган ва кейинги йил талонлари ҳисобга қабул қилинмайди. Кузатувчи шахсга талонлар ўрнига бепул чипта расмийлаштириш амалга оширилмайди.
Имтиёзли чипта олиш учун чипта кассасига чегирма олиш ҳуқуқини берувчи қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилиниши керак: «Уруш ногирони гувоҳномаси», «Уруш қатнашчиси гувоҳномаси» ёки «Имтиёз ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома».
«Фахрий темирйўлчи» нишони билан тақдирланган темир йўл транспорти ходимлари йил мобайнида МДҲ бўйлаб бепул юриш ҳуқуқига (бориш ва келишга) эгадир, бунинг учун хизмат гувоҳномаси ва ёзиб берилган темир йўл чиптаси тақдим қилиниши зарур.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси доирасида биринчи даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахслар йилда бир марта бепул, олий таълим муассасаларининг талабалари ҳар йили 20 декабрдан 10 январгача, ўқувчилар 10 октябрдан 1 майгача эллик фоиз чегирмалар билан бориш-келиш чиптасини олишлари мумкин.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 апрелдаги 78-сонли қарори билан тасдиқланган «Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгаши депутатининг йўловчилар транспортида бепул юриши ҳамда транспорт ташкилотлари билан шу билан боғлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартлари тўғрисида»ги низомга мувофиқ Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгаши депутати ўзи депутат бўлган тегишли вилоят, туман ҳудудида йўловчилар транспорти, жумладан, темир йўл транспортида (такси ва шаҳар йўловчилар транспортидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқига эга.