Бу қизиқ
Тошкент вилоятида аниқланган топилма мамонтнинг ўтмишдошига тегишли экани маълум бўлди
09.07.2014
Ўтган йили Ўзбекистон ҳудудида топилган ва ОАВларда мамонт деб аталган улкан жонивор қолдиқлари айни пайтда Геология музейида сақланмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Today хабар бермоқда.
Музей директори Аҳмаджон Аҳмадшоевнинг маълум қилишича, топилма устида тадқиқот ишлари давом этмоқда. «Қолдиқларнинг мамонтлар ўтмишдошлари – архидискодонларга тегишли экани исботланди. Топилманинг аниқ ёши Ядро физикаси институтидаги изланишлардан сўнг маълум бўлади», – деди у.
Аҳмадшоев ушбу архидискодоннинг тахминан 2,8 миллион – 800 минг йил аввалги давр оралиғида яшаб ўтганини айтди. Ядро физикаси институтида давом эттирилаётган тадқиқотлар ярим йилда ниҳояланиши кўзда тутилган, деб хабар беради Daryo.Uz.
Музей ташрифчилари топилмани жорий йил сўнгида томоша қилишлари мумкин бўлади. «Ҳозирда қолдиқларга улар парчаланиб кетмаслиги учун махсус эритма билан ишлов берилмоқда. У суякнинг барча қаватларига сингиши учун вақт талаб этилади», – деди директор.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тошкент вилояти Оҳангарон воҳасидаги Овжазсой ҳудудида Ўзбекистонда илк бора жанубий мамонт қолдиқлари топилгани хабар берилган эди.
Манба: kun.uz