Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Тижорат банклари: миллий иқтисодиёт ривожида муҳим аҳамиятга эга
18.06.2014

Яқинда “Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари” тўғрисидаги янги ҳисоботни эълон қилди. Кетма-кет беш йилдирки, мамлакатимиз банк тизимининг ривожланиш истиқболлари “барқарор” деб баҳоланмоқда.
Республика банк тизимини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш ишлари “ўзбек модели” асосида босқичма-босқич амалга оширилиб, қисқа муддатда Ўзбекистоннинг мустақил банк тизими яратилди. Бугун мамлакатимизда 26 тижорат банки, уларнинг 840 ҳудудий филиали, 8350 дан зиёд банк инфратузилмаси ҳамда 72 банкдан ташқари кредит ташкилоти фаолият кўрсатмоқда.
Юртимизда банк тизимини янада ислоҳ этиш, аҳолининг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда банк хизматларининг тури ва кўламини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, айнан банклар бутун иқтисодиётимизни озиқлантириб турадиган қон томирлари ҳисобланади, мамлакатимизнинг молиявий-иқтисодий барқарорлиги бевосита уларнинг самарали фаолиятига боғлиқ.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари ана шундай юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда иш олиб бориб, тизимни юртимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғига айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар амалиётда ўз натижасини бермоқда. Жаҳон миқёсида юз берган молиявий-иқтисодий инқироз оқибатлари ҳали-ҳамон давом этаётган бир пайтда юртимиз иқтисодиёти барқарор ривожланиб бораётгани бунга яққол мисол бўла олади. Албатта, бунда банкларнинг бир маромда ишлаш стратегияси пухта ишлаб чиқилгани, ҳар бир банкка алоҳида ёндашилиб, капиталининг ўсишини бевосита назоратга олган ҳолда активлари сифат жиҳатдан яхшиланиб борилишига жиддий эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Ана шундай пухта ўйланган стратегия банк тизимининг муваффақиятли фаолиятини таъминламоқда.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози айланма маблағларнинг тақчиллиги шароитида товар ва хизматлар бозоридаги рақобатнинг натижаси сифатида маҳсулот етказиб берувчи ва сотувчи ўртасидаги ўзаро муносабатларни эркинлаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Нархларнинг пасайиши, сифатнинг ошиши, фаолиятнинг диверсификацияси замонавий шароитларда бозордаги самарали ҳаракатланишнинг ягона механизми эмас. Президентимиз таъкидлаганидек, авж олиб бораётган глобал молиявий инқироз жаҳон молиявий-банк тизимида жиддий нуқсонлар мавжудлиги ва ушбу тизимни тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатди. Айни вақтда, бу инқироз ўз корпоратив манфаатларини кўзлаб иш юритиб келаётган, кредит ва қимматбаҳо қоғозлар бозорида турли спекулятив амалиётларга берилиб кетган банклар фаолияти устидан етарли даражада назорат йўқлигини ҳам таъминлади.
Молиявий-иқтисодий инқирознинг миқёси, кўлами ва оқибатлари ҳар бир давлатда турлича бўлади. Бу давлатнинг молия-валюта тизимига, миллий кредит институтларининг капиталлашуви ва ликвидлиги (тўлов имкони)га, уларнинг чет эл ва корпоратив банк тузилмаларига қарам ёки қарам эмаслигига, олтин-валюта захирасининг ҳажми, хорижий кредитларни қайтариш қобилияти, энг асосийси — мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги, диверсификация ва рақобатбардошлик даражасига боғлиқ.   
Банк тизимининг барқарор ишлаши юрт истиқболини белгилайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Давлатлар ҳамкорликни йўлга қўйишдан олдин мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини таҳлил этишининг боиси ҳам шунда. Бу жараёнда, асосий эътибор банк тизими фаолиятига қаратилади. Чунки ушбу соҳа барқарорлиги давлатнинг тўлов қобилияти юқорилигидан далолат беради.
Шу жиҳатдан банклар фаолиятини самарали ҳуқуқий тартибга солиш, хусусий банкларнинг мамлакат иқтисодий ривожланишдаги фаолиятини янада жонлантириш, мақбул ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини яратиш зарурияти юзага келади. Бунда эса хорижий мамлакатларнинг, айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатларининг бой тажрибасини ўрганиш ва уларнинг ижобий жиҳатларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш алоҳида аҳамиятга эга.
Бугунги кунда банкларнинг капиталлашуви жараёнининг чуқурлашуви, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг юзага келаётгани ва кўрсатилаётган хизматлар кўламининг тобора кенгайиб бораётгани ўз-ўзидан банкларни бир ҳудуд доирасида чекланиб қолмасдан, халқаро молия бозорларига чиқишни ҳам тақозо этмоқда. Бунга эришиш учун банклар халқаро рейтинг агентликлари кредитга лаёқатлилик борасидаги рейтингига эга бўлиши жуда муҳимдир.
Дунёдаги айрим давлатлар иқтисодиётига назар солсак, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози банк тизимининг катта миқдорда моддий зарар кўришига ёки олаётган фойдасининг бир неча баробар камайиб кетишига, натижада капиталлашув даражаси кескин пасайишига олиб келганини кўриш мумкин. Жумладан, инқироз ташқи қарзларга таяниб қолган давлатларнинг банк тизимидаги муаммоларни яққол намоён қилди. Шу билан бирга, Марказий банк фаолиятида банк назоратининг аҳамиятини кескин оширди.
Жаҳондаги кўпгина йирик иқтисодчилар юз берган инқирозни молия бозорларининг самарали назорат қилинмагани, уни ривожлантириш ва назорат қилиш тизимининг узвийлиги ҳамда изчиллиги таъминланмагани, миллий молия институтларининг мос тарзда назорат тизимини вужудга келтирмасдан туриб, жаҳон молия бозорига киргани билан боғламоқдалар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида юз берган иқтисодий танглик банк назоратини оқилона бошқаришда Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ривожлантириш сиёсатининг тўғрилигини амалда яна бир марта исботлади. Банк тизимини янада ислоҳ этиш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, қабул қилинган фармон ва қарорлар, кўрсатма ва тавсияларнинг ижроси изчил таъминланаётгани туфайли юртимиз банк тизими мунтазам равишда “Мудис” (“Moody's”), “Стандарт энд Пурс” (“Standard & Poor's”, “Фитч Рейтингс” (“Fitch Ratings”) каби етакчи халқаро рейтинг компанияларининг ижобий баҳоларига сазовор бўлиб келмоқда. 2013 — 2014-йилларда мамлакатимиздаги мавжуд банкларнинг барчаси ана шундай юқори баҳога муносиб топилиши фикримизнинг тасдиғидир. Табиийки, бундай натижага эришиш осон эмас. Чунки ушбу нуфузли компаниялар ҳар бир давлатнинг банк-молия тизимини баҳолашда уларнинг дунё банклари олдига қўйилган талаблар, умумэътироф этилган барча меъёрларга мос келишига алоҳида эътибор қаратади.
Қиёслаш учун оладиган бўлсак, “Мудис” халқаро рейтинг агентлигининг шу йил апрель ойида “Интерфакс”га берган маълумотида, Қозоғистонда 2008 йилдан буён ҳанузгача банк тизими салбий ҳолатлигича қолмоқда. Муаммоли кредитлар улушининг юқори бўлганини ҳисобга олган ҳолда шубҳали кредитларнинг харажатларини қоплаш зарурлиги, банк капиталининг рентабеллиги ва етарлилик даражасининг пастлиги ҳамда банкларнинг йирик кредиторларини тизимли рағбатлантириши жуда ҳам паст даражада қолгани қайд этиб ўтилган. Шунингдек, муаммоли кредитлар ҳажми 2013 йил охирига келиб, банк кредит портфелининг 40 фоизини ташкил этган бўлса, 2014 йил охиригача эса ушбу кўрсаткич 40 фоиздан ҳам ошиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида омонатчиларнинг банкка бўлган ишончини пасайиши билан бирга, аҳолининг банкка қўйилган омонатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига алоҳида урғу берган.
Кўриниб турибдики, банк ва мижоз муносабатлари тизим фаолиятида ўта муҳим аҳамиятга эга. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойилига амал қилинаётгани бугунги ютуқларимизнинг амалий натижаларини таъминламоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Мудис” халқаро рейтинг агентлигининг 2014 йил апрель ойида эълон қилинган хулосасига кўра “барқарор” прогнози Ўзбекистон иқтисодиётига катта ҳажмдаги инвестициялар йўналтирилиши ҳисобига юқори суръатларда ўсаётгани билан изоҳланади. Шунингдек, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг ўсишини таъминловчи манба ҳисобланган Ўзбекистон банкларининг барқарор даромадлари банк тизими ривожланиши истиқболларига ижобий таъсир қилувчи муҳим омиллар қаторига киритилмоқда.
Агентлик томонидан Ўзбекистонда охирги 10 йил мобайнида юқори иқтисодий ўсиш даражаси таъминлангани ҳамда мамлакатимиз экспорти таркибининг МДҲдаги бошқа мамлакатларга нисбатан диверсификациялангани ҳисобига иқтисодий ўсиш суръатлари ўзгарувчанлигининг сезиларли даражада паст бўлгани таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, халқаро агентлик Ўзбекистон банклари активлари сифатининг барқарор динамикасига эътибор қаратиб, капитал инвестициялар соҳасидаги ижобий ҳолат активлар сифатининг юқори даражада сақланиб қолишига асос бўлишини қайд этди.
2013 йил якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари активлари умумий миқдори 30 фоиз, охирги беш йилда эса ушбу кўрсаткич 3,6 баробар кўпайган. Банк тизими капиталлашувини ошириш бўйича амалга оширилган мақсадли чора-тадбирлар банклар жами капиталининг охирги беш йилда 3,5 баробар, 2013 йил давомида эса 25,1 фоиз ошишини таъминлади. Банк тизими капитали етарлилик даражасининг ушбу кўрсаткичи умумқабул қилинган халқаро стандартларга нисбатан 3 баробар юқоридир.
Рейтинг агентлигининг фикрига кўра 2014 — 2015-йиллар давомида кредитлаш ҳажмининг йилига 20 фоизга ошиши шароитида капитал етарлилигининг жорий коэффициентини сақлаб қолиш учун “Moody’s” рейтингига эга бўлган Ўзбекистон банклари келгусида капитални қўшимча ошириш бўйича чора-тадбирлар кўришлари лозим.
Ўзбекистон банкларининг жорий ликвидлик даражаси банк тизими барқарорлигини баҳолашда муҳим омиллардан бири бўлиб, қатор йиллар давомида 65 фоиздан юқори, яъни белгиланган минимал даражадан 2 баробар юқори миқдорни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, хўжалик субъектлари депозитлари ва аҳоли омонатлари, шунингдек, молиялаштиришнинг бошқа манбалари келгусида банк тизими ликвидлилигини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, тижорат банкларидаги депозитларнинг умумий ҳажми охирги беш йилда 4,1 баробар, 2013 йилда эса 30,2 фоиз ошган.
“Moody’s” агентлиги томонидан прогноз даврида Ўзбекистон банкларининг ликвидлик ва даромадлилик кўрсаткичларининг барқарор даражада сақланиб туриши кутилмоқда.
Умуман олганда, “Moody’s” агентлигининг таъкидлашича, 12-18 ойни ташкил этувчи прогноз даврида мамлакат иқтисодиётининг юқори ўсиш суръати банклар учун қулай амалиёт муҳитини таъминлайди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бошқа соҳалар қатори молия-банк тизимининг барқарор ривожланишига, пировардида юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилаётгани айни ҳақиқат. Юртимизда тижорат банклари фаолиятига давлат томонидан берилаётган кафолат ва кенг кўламли имкониятлар, қонунчилик базасининг йилдан-йилга такомиллаштириб борилаётгани соҳада рақобатни кенгайтириш, банк ва бошқа молия хизматлари бозорида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, энг юксак халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратади.
Лайло ЯХШИБОЕВА,
ТДЮУ 2-курс магистранти