Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Ижтимоий назорат: унинг мамлакат тараққиётидаги аҳамияти
03.06.2014
Ўзбекистон танлаган демократик тараққиёт йўли мукаммал назорат тизимини тақозо этади. Чунки демократия ҳокимият халқ томонидан шакллантирилиши ва назорат қилинишини англатади. Бундан ташқари, жамият тараққиётининг муҳим шарти бўлган ижтимоий тартиб ҳам назорат тизими орқали таъминланади. Мукаммал назорат тизимини шакллантириш учун одамларда назорат тўғрисида, унинг мазмуни, шакллари воситалари ҳақида билим бўлиши керак. Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 27 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида назорат тизимининг долзарблиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Жамиятда қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминлансагина мукаммал назорат тизими яратилади. Назорат тизими ишламаган жойда эса тартиб бўлмайди. Юртбошимиз бу борада назорат тизимининг ишлаб туришини таъминлайдиган механизмни шакллантириш ва такомиллаштириш зарурлигига ҳам тўхталиб ўтган эди.
Обод ва фаровон ҳаёт қуриш энг аввало жамиятда тартиб ўрнатилишига боғлиқ. Бундай назорат тизимининг шаклланиши илмий асосда таъминланиши ҳам мумкин. Жамиятда шундай назорат тизими шаклланиши керакки, у амалда ҳуқуқ ва ахлоққа риоя қилинишини таъминлашга қодир бўлсин. Президентимиз ушбу маърузасида асосий эътиборни ижро ҳокимияти устидан назорат тизимини такомиллаштиришга қаратиб: “Парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган иккинчи ғоят муҳим вазифа — бу қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир”, — дея таъкидлаган эди.
Назорат тўғрисидаги фикрларимиз мукаммал бўлиши учун юқорида таъкидлаганимиздек, назорат тизими тушунчасини англаб олишимиз керак. Назорат тизими деганда давлат ва фуқаролик жамиятига тегишли ўзаро боғлиқ бўлган бир қанча назорат воситаларининг яхлитлигини тушуниш лозим. Агар шу тизимдаги бирор-бир элемент ёки механизм ишламаса, бу тизим бузилиши мумкин. Ҳозир республикамизда жамоатчилик назоратининг учта асосий воситаси шаклланмокда. Булар депутатлар корпуси, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари, маҳаллалар бўлиб, улар бир-бири билан боғлиқ бўлган яхлит тизимни ташкил қилади. Назорат тизими элементлари ўртасида ижтимоий ҳамкорлик ўрнатилиши лозим. Назорат тизими ҳар бир жамоада тартиб ўрнатиш оркали жамиятда тартибни таъминлайди. Ҳар бир жамоада тартиб ўрнатилса, ҳуқуқ ва ахлоққа риоя қилинса, соғлом муҳит шаклланади.
Назорат тизими жамиятда тартиб ўрнатишнинг муҳим шарти экан, сиёсий партиялар асосий эътиборни назорат тизимини такомиллаштиришга қаратишлари лозим.
Хулоса қилиб айтганда, жамият тараққиётининг муҳим шарти бўлган ижтимоий тартибнинг ўрнатилиши кучли назорат тизимини тақозо этади. Бу эса кучли фуқаролик жамияти институтлари ва энг аввало кучли сиёсий партияларнинг мавжудлигига боғлиқ. Ана шундагина аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалади.
Бобур ОТАЖОНОВ,
Қорақалпоқ давлат
университети талабаси