“Huquq va burch” жавоб беради
Рад этишга ҳаққи йўқ
02.02.2014

 

— Яқинда коллежга ишга кирдим. У ерда мендан солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР)ни сўрашди. Туман давлат солиқ инспекциясига шу мақсадда мурожаат қилганимда, мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарзим борлиги, уни тўламагунимча менга СТИР берилмаслигини айтишди. Шу тўғрими?
Фарида КЎМАКОВА
Олмазор тумани
 
Саволга Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Одилхон РУСТАМОВ жавоб беради:
— Солиқ кодексининг 78-моддасига кўра солиқ тўловчининг идентификация рақами муайян солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганда унга бериладиган рақам ҳисобланади. СТИР бир марта берилади, ўзгармайди ва бекор қилинганидан кейин бошқага берилмайди.
Ўзбекистон Конституциясининг 51-моддасида «Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар» деб белгилаб қўйилган. Шунга асосан туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари солиқ тўловчилардан ўз мажбуриятларини бажариб қўйишини сўраш ҳуқуқига эга, бироқ мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарзингиз борлиги учун СТИРни бермасликка ҳаққи йўқ.