“Huquq va burch” жавоб беради
Паспорт йўқолса...
02.02.2014

— Эҳтиётсизлик туфайли паспортини йўқотган фуқаро нима қилиши керак? Уни қайта тиклаш­ учун тўланадиган жарима миқдо­ри ҳақида маълумот берсангиз.
Файзулла АБДУЛЛАЕВ
Урганч шаҳри
 
Саволга Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқа­ро­ликни расмийлаштириш бошқармаси­ бошлиғи Бадриддин ШОРИХСИЕВ жавоб беради:
— Фуқаро паспортни авайлаб асраши шарт. Паспортини йўқотиб қўй­ган фуқаро зудлик билан доимий рўй­хатда турадиган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига хабар бериши лозим. Мазкур муассаса қонун ҳужжатларида кўзда тутилган амалларни бажарганидан кейин унга «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисида»ги низомда белгиланган тартибда янги паспорт беради.
Вақтинча хорижда бўлган фуқаролар паспортларини йўқотиб қўйса, паспорт яроқсиз ҳолга келса ёки унинг амал қилиш муддати тугаса, Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини олиш учун мамлакатимиз консуллик ваколатхонасига мурожаат этадилар.
Паспорт йўқотилганда бу ҳақда газетага эълон бериш ёки топилмалар идорасига мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек, паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспорт­нинг йўқолиши учун энг кам иш ҳа­қининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган.