Суд очерки
Зарурий мудофаа: унинг чегараси борми?
02.02.2014
 
Жиноят... Қандай тушунишимиз ёхуд қандай таъриф беришимиздан қатъи назар, унинг ижтимоий хавфли қилмиш эканини ҳеч ким инкор этмайди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 14-моддасига кўра «ушбу кодекс билан тақиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят деб топилади».
Жиноятнинг тўртта асосий белгиси сифатида ижтимоий хавф, ғайриқонунийлик, айблилик, жазога ло­йиқлик келтирилади. Жиноят хусусияти ва ижтимоий­ хавфлилик даражасига кўра эса тўрт тоифага бўлинади: ижтимоий хавфи катта бўл­маган жиноятлар, унча оғир бўлмаган жиноятлар, оғир жиноятлар, ўта оғир жиноят­лар. Хуллас, жиноятнинг тури ва кўринишлари кўп. Биз тафсилотини баён қилмоқчи бўлган жиноят ҳам бир қарашда бошқа жиноят­лардан фарқ қилмайди, аммо унинг сабаб ва оқибатлари анчайин мулоҳазаталаб.
Қонунчиликда зарурий мудофаа деган тушунча бор. Зарурий мудофаа жиноят са­налмайди. Аммо ана шу зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш жиноят деб топилади.
Омонбой ака Жўрабоевни (барча исм-фамилиялар ўзгартириб берилмоқда) таниганлар яхши инсон, ишнинг кўзини, ернинг тилини­ биладиган фермер деб таърифлайди. Ўн йилча бурун фермер хўжалиги ташкил этган Омонбой ака баҳоли қудрат ушбу хўжаликни юритиб, оиласига, эл-юртга наф келтириб юрган эди.
Ёз кунларининг бирида унинг олдига таниши Жўрабек Орипов иш сўраб келади. Жўрабек Орипов деганимиз тўрт марта судланиб, ҳаётининг анча йилини панжара ортида ўтказган, на оиласи ва на муқим яшаш жойи бўлган, шу ёшга қадар бир ишнинг бошини тутмаган­ эди. Фермер Омонбой акага­ учрашган пайтида ҳам унга суд ҳукми билан иш ҳақи­дан 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари белгиланган экан.
У фермерга ҳаётда кўп адашганини, энди тазарру қилгани-ю одамга ўхшаб яшамоқчи эканини тушунтирган бўлди. Гапининг охирида «Омонбой, фермер хўжалигингда ишласам, ойлигимнинг йигирма фоизини давлатга ўтказиб турардим» деди.
Начора, йигитга имконият бериш керак. Қолаверса,­ хўжалик катта, ишчи кучиям­ зарур. Фермер рози бўлди. Жўрабекка меҳнат дафтарчаси очилди. Ўртада меҳнат­ шартномаси тузилди. Савоб иш қилсанг, охиригача қил деганларидай, Омонбой ака ҳаёти издан чиқиб кетган Жўрабекка ўз уйидан бошпана берди. Бу ҳол унинг аҳли-аёлига маъқул тушмади.­ Сабаби «Жорка» (Жўрабек Ориповга маҳалладошлари қўйган лақаб)нинг хурмача қилиқлари, ичиб олиб кўрсатган ҳунарларидан улар ҳам хабардор эди. Шунга қарамай, Омонбой ака кенглик қилди: «Қўяверинглар, ҳайҳотдай ҳовли бўлса, гараж биқинидаги уй­ча бўш ётибди. Яшаб юраверсин, мол-ҳолгаям қарашиб туради».
Кунлар ўтаверди. Омонбой ака «Жорка»нинг ҳар замонда ичиб олиб гандираклаб юришига қараб, «бировга зиёни етмаса бўлди-да» деганча кулиб қўя қоларди. Ишдан бошқа нарсани ўйламайдиган фермер ҳали уни қандай нохуш­лик­лар кутиб турганини тасаввур ҳам қилолмас эди. Қандай муаммо бўлиши мум­кин?­ Ўзи танийдиган ўша «Жорка», ҳар замонда ичиб олиб тўполон қилишини айтмаганда, ёмон йигит эмас. Айтилган ишни бекаму-кўст бажаради. Меҳнатдан қочмайди. Энди ёш бола эмас, зора кўзи очилиб, тўғри йўл­га тушиб кетса... Аммо у ўйлагандай бўлиб чиқмади. Ўрганган кўнгил ўртанмай қўймас экан.
Ўша йили куз яхши келди. Ноябрь охирлаганига қарамай, ҳали қиш совуғидан дарак йўқ.
Маҳалладошлардан бири тўй берди. Одатдагидай, тўйдан кўпчилик ширакайф бўлиб уйига қайтди. Шу жумладан Омон­бой ака ҳам. Аммо дарвозадан кирар-кирмас, фермернинг аъло кайфиятидан асар қолмади. Сабаби, ғирт маст «Жорка» ҳовлида ишлаётган усталарнинг бошини қотириб ўтирган экан. Омонбой акага кўзи тушган «Жорка» унга пешвоз чиқди. Ҳе-йўқ, бе-йўқ «пулдан чўзинг, хўжа­йин, оғайниларни бир меҳ­мон­ қилишим керак» деб қолди.
Омонбой ака бунақа пайт­да унга пул бермас эди. Билардики, ҳозир пул берса ҳаммасини ичиб йўқ қилади, эртасига «бошоғриққа» яна сўрайди. Шунинг учун «бугун пул йўқ, эртага пичанни сотсам, албатта бераман» деб уни чалғитишга уринди.
Қани энди «Жорка» гапга тушунса! Хиралик қилавергач, Омонбой ака уни бир-икки уришиб берди, у гап қайтариб сўкина бошлади. Бундай вазиятда томошабин бўлиб ўтиришни маъқул топмаган усталар нималарнидир баҳона қилиб ҳовлидан чиқиб кетишди.
Гап талашиш жанжалга айланаётган бир пайтда Омонбой аканинг турмуш ўртоғи айвонга чиқиб, уларни муросага чақирган бўлди. «Жорка» учун кечки овқат­га тансиқ таом пишириб беришини ҳам айтиб кўрди. Фойдаси бўлмади.
Яхши муомаладан «Жорка» баттар қутурди. Қаердандир пичоқ топиб келиб, Омонбой акага «Бола-чақанг билан қўшиб сўйиб ташлайман!» дея дағдаға қила бошлади.
Бундай нонкўрликни кутмаган фермер ҳам, унинг хотини ҳам қўрқиб кетишди. Ахир бу гапни бир аёлни пичоқлаб тўрт йил «ўтириб чиққан», охирги бор судланганида ҳам ўз опасининг биқинига тиғ санчиб, жазосини олган «Жорка» айтаётган эди-да.
Омонбой аканинг «уйга кир» деган дағдағаси билан хотини кўздан ғойиб бўлди. «Жорка» пичоқ билан Омон­бой акага ташланди. Фермер эпчиллик қилиб унинг қўлидаги пичоқни олиб қўйди. Аламидан тиши­ни тегирмон тошидай ғижирлатаётган «Жорка»нинг қў­лида энди болта пайдо бўлди. Унинг важоҳати ёмон эди. Фермер ортига тисарилиб, дарвоза томон қоча бошлади.
«Жорка» болта кўтариб Омонбой акани қуваётган пайтда усталарнинг чала қолган иши — ҳар ерда чапараста ётган тахталарга суриниб йиқилди. Омонбой ака бир-икки қадам нарига бориб тушган болтага ташланди. Уни олиш учун эгилганида «Жорка» ҳам етиб келган эди. Ўртада болта талаш, олишув бошланди.
Омонбой аканинг эс-хаёли фақат бир нарсада — қандай бўлмасин бу ваҳшийнинг қўлидан болтани олиб қўйишда эди. Аммо «Жорка» ҳам бўш келмас, «ҳаммангни битталаб чопиб чиқаман!» дея хириллаб, болтага тармашар эди. Шу пайт унинг оёғи тойиб, мункиб кетди.
Бу ёғини Омонбой ака аниқ эслай олмайди: болтанинг орқаси билан «Жорка»нинг бошига неча марта урди, бунга ўзида қандай куч топди, англамай қолди. Унинг ягона мақсади қутурган ҳайвондай ташланаётган «Жорка»дан ўзи ва оиласини ҳимоя қилиш эди.
Аммо у зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб кетган эди. Бошига урилган кучли зарбалар натижасида қонга беланган «Жорка» қимирламай қол­ди. Омонбой ака нима иш қилиб қўйганини англаб етганида кеч бўлган, Жўрабек Ориповнинг жони узилган эди. У қайта-қайта «Жорка»нинг юрак уришини эшитиб кўрар, унда жон асари сезилмагани сайин ваҳимага тушаётган эди.
Энди нима бўлади? Замирида мудҳиш мавҳумликдан бошқа нарса бўлмаган бу залворли савол олдида инсон ҳамиша ожиз. Бир муддат ўйлаб турган фермер дарвоза олдида турган аравани жасад олдига суриб келди. Мурдани ортиб, эски-тускилар билан беркитиб қўйди. Сўнг аравани суриб, ҳовлининг орқа дарвозасидан чиқиб кетди.
Уйи яқинидан оқиб ўтадиган канал бўйлаб бироз юрди. Сўнг амаллаб жасадни аравадан туширди-да, бир муддат тикилиб қолди. Сўнг «Ўзингниям, мениям адо қилдинг, нонкўр» дея уни каналга ташлаб юборди. Уйига қайтиб, жиноят жойи­даги қон халқоблаган тупроқни кетмон билан қириб, чиқинди солинадиган челакка солиб қўйди.
У милиция ходимларини чақириши ва жиноят ҳақида хабар бериши мумкин эди. Лекин ундай қилмади. Бу ҳам унинг хатоси эди.
Судда Омонбой Жўрабоев бу ишни жиноят изини яшириш учун эмас, фарзандлари ва турмуш ўртоғининг жасадни кўриб, қўр­қиб кетишини истамагани учун қилганини, милиция ходимларига челакдаги қон­ли тупроқни ўзи, ихтиёрий равишда кўрсатганини айтиб ўтди.
«Жўрабекни ўлдириш ниятим йўқ эди, — дейди судда О.Жўрабоев, — ўзим ва оиламни ҳимоя қилмасам бўлмас эди. Уни ўлиб қолади деб ўйламовдим. Жони узилганини кўриб қўрқиб кетдим. Ўзимнинг, оиламнинг тақдиридан хавотирга тушдим».
Қандай ҳолатда ва қай тарзда бўлишидан қатъи назар, жиноят содир этилди. Жиноят эса жазосиз қолмаслиги керак. Адолат талаби шу.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 13-қарорининг 27-бандида «Қасддан­ одам ўлдириш учун жазо та­йинлашда ушбу жиноят со­дир этилишидаги барча ҳо­латлар: қасд тури, қотиллик сабаблари, мақсади, усули, жиноят содир этилган ва­зият ва жиноят босқичи, шунингдек, айбдорнинг шахси, унинг ўз қилмишига му­но­сабати, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи­ ҳолатлар эътиборга олиниши­ зарур. Айни пайтда жабрла­нувчининг шахсига оид маълумотлар, унинг судланувчи­ билан ўзаро муносабатлари,­ шунингдек, қотиллик содир этилмасдан олдинги хулқ-атвори ўрганилиши лозим» экани кўрсатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги (Олий суд Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-қарорига асосан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан) «Ижтимоий хавфли тажовузлардан зару­рий мудофаа ҳуқуқини таъминловчи қонунларнинг судлар то­монидан қўлланиши ҳа­қи­да»ги 39-қарорининг 12-бандида: «Судлар зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб одам ўлдиришда, оғир ёки ўртача оғир тан жароҳа­ти етказишда айбли топилганларга нисбатан жазо чо­ралари белгилашда, Жиноят-процессуал кодексининг 467-моддаси талабига кўра ҳар бир муайян иш юзасидан жиноятнинг содир этилиши ҳолатларини ва судланувчиларнинг шахсига оид маълумотларни эътиборга олиб, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилишлари керак. Агар озодликдан маҳрум этиш жазоси белгилаш лозим бўлса, бу ҳолат ҳукм­да асослантирилиши лозим», — дейилган.
Суд ҳам жабрланувчининг, ҳам айбланувчининг шахсини ўрганиб чиқди. О.Жўрабоевга нисбатан жазо тайинлашда суд унинг жиноятни спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда содир этганини айбни оғирлаштирувчи ҳолат деб топгани ҳолда, муқаддам судланмагани, қилмишидан астойдил пушаймонлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланиши, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги,­ жиноятнинг содир этилишига жабрланувчининг мастлиги сабаб бўлгани ва бошқа жи­ҳатларни айбни енгиллашти­рувчи ҳолатлар деб топди.
Яна бир эътиборли жиҳат: судда иштирок этган марҳум­ Ж.Ориповнинг опа­си айбланувчи О.Жўрабоев­нинг аҳволини тушунишини,­ бундай ҳолатни ҳеч кимга раво кўрмаслигини айтиб, суддан унга максимал даражада ен­гил жазо беришини сўради.
Суд адолатли ҳукм чиқарди: зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб кетган О.Жўрабоев қонуний жазосини олди.
Шавкат ЁДГОРОВ,
«Huquq va burch» мухбири