Анонслар
“Huquq va burch” ижтимоий-ҳуқуқий журналининг 2014 йил 2-сони нашрдан чиқди
27.03.2014

Икки палатали миллий парламентни ташкил этиш масаласи юзасидан 2002 йил 27 январда ўтказилган референдум якунлари ҳақида «Референдум якунлари ва давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг асосий принциплари ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши қонунчилик ҳокимиятини тубдан ислоҳ қилиш асосларини белгилаб берди. Бундан кўзланган асосий мақсадлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатларидан ташкил топадиган юқори палата — Сенат минтақалар манфаатларини ифода этишини, қуйи палата — Қонунчилик палатаси эса ўз фаолиятини доимий профессионал асосда амалга оширишини ҳисобга олиб, парламентнинг ўз ваколатларини рўёбга чиқаришида манфаатлар мувозанати ва бир-бирини тийиб туриш тизимини шакллантириш, қонун ижодкорлиги сифатини сезиларли даражада ошириш, умумдавлат ва минтақавий манфаатларнинг тенглигига эришиш эди. Сенатор Светлана Ортиқованинг “Парламент фаолияти уни такомиллаштириш — долзарб вазифа” номли мақоласида мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти очиб берилган.
Халқимизнинг икки буюк фарзанди, шарқнинг буюк алломалари дея эътироф этилган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат илмий адабий мероси балки амалга оширган хайрли ишлари билан ҳам бизга ибрат бўлиб келган. Шу маънода филология фанлари доктори, профессор Ҳасан Қудратуллаевнинг “Олам маъмурлиғи алардин...” сарлавҳали мақоласида Алишер Навоийнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз борса, филология фанлари номзоди Қодиржон Эргашевнинг “Ҳуқуқни манзур қилиб...” номли мақоласида адолат ва адолатпарварлик ғояси Бобур ижоди ва фаолиятида нечоғлик юксак ўрин тутгани ҳаётий мисоллар асосида ёритилган .
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов Конституциямиз қабул қилинганинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, ҳуқуқий тизимдаги ислоҳотларнинг самараси, аввало, бу соҳада замон талабларига жавоб берадиган ёш, замонавий кадрлар тайёрлаш жараёни билан бевосита боғлиқ. Юртбошимизнинг 2013 йил 28 июндаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор айнан шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Тошкент давлат юридик университетининг бир гуруҳ ўқитувчи ва талабаларининг ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ижроси ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан “Юридик таълим: такомил ва истиқбол” деб номланган давра суҳбатида танишасиз.  
Соғлом бола аввало соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Жамият гултожи бўлмиш оилани барпо этишда никоҳ ёшининг инобатга олиниши эр-хотиннинг бахтли турмушию фарзандлар камолотида муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. “Долзарб мавзу” рукни остида берилган “Эрта никоҳ: муаммо ва ечим” сарлавҳали мақолада эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ҳақида фикр юритилади.
Қонунчиликда зарурий мудофаа деган тушунча бўлиб, у жиноят саналмайди. Аммо унинг чегарадан чиқиши, табиийки, жиноятга йўл очади. Шавкат Ёдгоровнинг “Зарурий мудофаа унинг чегараси борми?” дея номланган суд очеркида бир жиноят тафсилоти асносида ушбу саволга жавоб изланган.
Бундан ташқари, “Фарзандлар камоли — юрт бойлиги”, “Кичик бизнес ривожи — обод турмуш гарови”, “Фарзандликка олиш фақат суд томонидан амалга оширилади”, “Ижтимоий муҳофаза ва масъулият” каби мақолаларда ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.
Ҳидоят Жўраева тайёрлади