Интервью
Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш йўлида
12.03.2014
Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш йўлида
Президентимиз Ислом Каримов тақдим этган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, жамиятни ривожлантириш ва демократлаштиришнинг муҳим таркибий қисми сифатида судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида суд кадрларини танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қонун қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилди. Қуйи палатанинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Тўлқин Турсунов билан ЎзА мухбири мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашди.
– Мамлакатимизда демократик янгиланишнинг муҳим йўналиши сифатида суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Т.Турсунов. – Ўтган даврда суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатларини кучайтириш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни либераллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Хабеас-корпус”, ярашув институтларининг жорий этилгани ва бу институтларни қўллаш доираси мунтазам кенгайтирилиб, тергов устидан суд назоратининг кучайтирилаётгани ва бошқа жараёнлар бунинг яққол далилидир. Бу ислоҳотларнинг ижобий самаралари жамоатчилик, экспертлар, мутахассислар, ҳуқуқни қўлловчилар томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Шуни қайд этиш керакки, бугунги ислоҳотлар жараёнида судлар фаолиятини ташкил этиш, судья кадрларни танлаш, тайёрлаш ва лавозимга кўрсатиш тизими ҳам жадал такомиллашиб бормоқда. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан суд тизими фаолиятининг самарадорлигини таъминлашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга жорий этилди. Хусусан, Президентимизнинг суд тизими ходимларининг ижтимоий ҳимоясини тубдан яхшилаш ҳамда судлар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонлари қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, судья кадрларни танлаш ва тайинлаш, судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Бу судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонунчиликни, хусусан, Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни янада такомиллаштиришни тақозо этди.
– Мазкур низомнинг янги таҳририни кўриб чиқишда қўмита томонидан қандай ишлар амалга оширилди?
– Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тайёрланиб, Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси билан киритилди. Лойиҳада юқорида номи қайд этилган низомни янги таҳрирда тасдиқлаш кўзда тутилган. Ушбу низом лойиҳасини ўрганиш ва такомилига етказиш учун қўмитамиз ҳузурида мутасадди идоралар вакиллари, экспертлар ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилди.
Низом лойиҳаси устида ишлаш жараёнида амалдаги қонун ҳужжатлари атрофлича ўрганиб чиқилди ва таҳлил қилинди, низомдаги янги нормалар давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари талаблари асосида такомилига етказилди, ривожланган хорижий давлатларнинг ушбу соҳадаги қонунчилиги билан таққосланди.
Лойиҳа барча сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияларида ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳида муҳокама қилиниб, билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида маромига етказилди.
– Ушбу ҳужжатда кўзда тутилган асосий янгиликлар нималардан иборат?
– Лойиҳадаги муҳим янгиликлардан бири судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантириш механизми такомиллаштирилаётганидир. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси ва жойлардаги тегишли малака ҳайъатларининг вазифалари янада аниқлаштирилган. Кадрлар захирасини шакллантириш жараёнида бошқа идоралар, хусусан, адлия, прокуратура, ички ишлар идораларининг иштирок этиши тартиб-таомиллари белгилаб қўйилган.
Низомнинг янги таҳририда акс этган қоидага кўра, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган захирадаги номзодлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида ўқиши ва мамлакатимизнинг тегишли судларида стажировка ўташи шарт. Бу судьяликка номзодларнинг зарур тайёргарликдан ўтишини таъминлашда муҳим омил бўлади. Зеро, судьялик лавозимига захирада турган номзодлар амалдаги қонун ҳужжатларига, ҳуқуқни қўллаш амалиётига, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятига доир билим, кўникма ва тажрибаларини ошириб бориши, пировардида, ўз касбининг чинакам билимдони бўлиши лозим.
Низомда судьяларнинг янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимига кўрсатиш масалаларига оид қоидалар ҳам янада такомиллаштирилди, яъни бу тоифадаги кадрларнинг тегишли ҳужжатларини ўрганиш, улар билан суҳбатлар ўтказиш, ўрганиш натижаси бўйича хулосалар тайёрлаш тартиби янгитдан кўриб чиқилди. Бу янгиликлар судьяларни янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимига тавсия этиш жараёнининг очиқлигини, демократик ва холис ёндашувни таъминлайди. Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан Сенатга юборилди.
Мухтасар айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши судья кадрларни танлаш, тайёрлаш ва лавозимга кўрсатиш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим мақсад ва устувор йўналишларига ҳамоҳанг бўлиб, судьяларнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Манба: uza.uz