Афоризмлар
Вольтер ҳикматлари
12.12.2013
 
Сизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, аммо уни эркин айтиш ҳуқуқингиз учун ҳаётимни беришга тайёрман.
* * *
Меҳнат инсонни учта машғулот – зерикиш, ёмон хулқ ва муҳтожликдан халос этади.
* * *
Эркинлик фақат қонунларга тобе бўлишдадир.
* * *
Фақат заифлар жиноят содир қиладилар: кучли ва бахтли кишига унинг кераги йўқ.
* * *
Ҳалол-пок одамни тазйиқ остига олиш мумкин, аммо бадном қилиб бўлмайди.
* * *
Одатий бўлиб қолган нарсалар унчалик қадрланмайди­.
* * *
Тангрим, мени дўстларимдан паноҳингда асра, душманларимни ўзим эплайман.
* * *
Айбдорни жазолагандан кўра жиноятнинг олдини олиш афзалроқ, қонунлар кишиларни қўрқитиш учун эмас, балки уларга ёрдам бериш учун яратилган.
* * *
Бидъат, хурофот – инсон ақлининг энг даҳшатли душмани.
* * *
Ҳаққонийлик ва гўзаллик барча замонлар ҳамда халқларда бир хил.
* * *
Мен ҳануз ҳаётни севаман. Бу бемаъни заифлик, эҳтимол, бизнинг энг таҳликали нуқсонларимиздан бири бўлса ажаб эмас: ахир, устингдан улоқтириб ташлашни хоҳлаган юкни узлуксиз кўтариб юришдан, ўз ҳаётидан ваҳимага тушиш ва уни чўзишдан бемаънироқ истакнинг бўлиши мумкин эмас.
* * *
Ватанимга муҳаббатим мени ажнабийларнинг ютуқларини менсимасликка мажбур этмайди. Аксинча, ватанимни қанчалик кўпроқ севсам, мамлакатимни унинг заминидан қазиб олинмаган дурдоналар билан шунчалик кўпроқ бойитишга интиламан.
* * *
Киши ҳақида унинг жавобларидан ҳам кўпроқ саволларига қараб ҳукм чиқар.
* * *
Кўп тил билиш – битта қулф учун кўпгина калитларга эга бўлиш демак. Тил яна шунинг учун ҳам катта аҳамиятга эгаки, унинг ёрдамида биз ўз фикрларимизни яширишимиз мумкин.
* * *
Ижтимоий тенглик – ҳам энг табиий, ҳам энг хом хаёлдир. Бизнинг бебахт сайёрамиздаги жамиятда яшаётган одамлар иккига – буйруқ берадиган бойларга ва хизмат қиладиган камбағалларга бўлинмаслиги мумкин эмас.
* * *
Ҳеч қачон катта қийинчиликсиз катта иш бўлмайди.­
* * *
Кексалик – аҳмоқ учун оғир юк, нодон учун қиш, илм-фан кишиси учун ҳосил фасли.
* * *
Фазилат ва нуқсон, яхшилик ва ёмонлик – мазкур ҳодисалар барча мамлакатларда жамият учун фойдали ёки зарарли экани билан белгиланади.
* * *
Бениҳоя кичик одамлар бениҳоя катта мағрурликка эгадирлар.
* * *
Табиатан инъом этилмаган қобилиятни ҳеч қайси ёшда қўлга киритиб бўлмайди. Аммо йўл қўйилган хатони исталган вақтда тузатиш мумкин.
* * *
Тенгсизлик эмас, тобелик оғир.
* * *
Иш фикр учун эмас, балки фикр иш учун яратилган.­
* * *
Мен фақат шубҳаланишнигина биламан.