Детектив
Шартнома
12.12.2013
 
– Агар ёш бўлганимда шу ишни ўзим ҳам уддалардим, – деди Жон Харпер. – Револьверимни ўқлаб, тўртовиниям бирин-кетин отиб ташлардим.
Қариянинг ёнида ўтирган Касл унинг гапини маъқуллаб бош ирғади.
– Гапларимга ҳайрон бўлаётгандирсиз. Банк ва савдо палатасининг президенти, Арлингтоннинг энг обрўли амалдори одам ўлдираман деб турса ғалати эшитилади, албатта. Лекин бу тўрт касофат – Бэрон, Милейни, Холландер ва Росс шаҳримизнинг бошига битган бало бўлди. Шу тўртови келганидан сўнг Арлингтонимиздан файз кетди. Шаҳримиз ўғри, йўлтўсар ва безориларнинг маконига айланди. Фоҳиша, қиморбоз, юлғичу фирибгарлар ҳаммаёқни босиб кетди. Тўртта мараз ҳамтовоқлари билан бутун шаҳарни қўлга олди. Уларнинг мушугини пишт дейишга полициянинг ҳам ҳадди сиғмайди. Шунинг учун сизни ёрдамга чақиришга мажбур бўлдик.
– Лекин мен пулга ишлайман, мистер Харпер, – деди Касл жилмайиб.­
– Хабарим бор. Ёлланган қотиллар орасида энг ашаддийси эканингизниям биламан. Биз сизга ўн минг долларлик шартнома таклиф қилмоқчимиз. Лу Бэрон, Жо Милейни, Алберт Холланд ва Майк Россни тинчитсангиз бўлгани.
– Фақат шуларни ўлдириш керакми?
– Ҳа. Тўдани бошқариб турган шу ифлосларни гумдон қилсангиз, қолган­ югурдаклар ҳар томонга тўзғиб кетади.­
– Иш ҳақини олдиндан тўлайсиз, – де­ди Касл лабига сигарет қистириб.
– Маъқул. Шаҳар полицияси сизга­ халал бермайди. Лекин штат полиция­сига менинг гапим ўтмайди. Шунинг учун ишни битиргач, дарров жуфтакни ростлайсиз.
Касл Харпер узатган конвертдаги ўн минг долларни чўнтагига солди-да,­ чол билан хайрлашиб, ташқарига чиқди ва машинасига ўтириб, тун қоронғисига сингиб кетди.
Бэрон, Милейни, Холландер ва Росс.
Касл майда шаҳарларни талашдан бошқасига ярамайдиган бу тўрт пандавақи ҳақида аввал ҳам эшитганди. Чикаго, Нью-Йорк ёки Вегасдек йирик шаҳарларга яқин йўлашгаям ботинолмайдиган бунақа майда тўдалар, одатда, ризқини ўттиз-қирқ минг аҳолиси бор Арлингтонга ўхшаш шаҳарчалардан топишади.
Касл эртаси куни қош қорайганда шаҳардаги якка-ю ягона меҳмонхона ёнида машинасини қолдириб, шимининг камарига қирқ бешинчи калибрли тўппончани қистирди-да, марказий кўча бўйлаб пиёда йўлга тушди. Арлингтоннинг қонини сўраётган бу тўрт зулукни битта-битта янчиши керак. Аввал Бэронни тинчитади.
 
* * *
Аҳмад Отабоев томонидан рус тилидан ўзбек тилига таржима қилинган Лоуренс Блок қаламига мансуб ушбу ҳикоянинг давомини  "Huquq va burch" журналининг 2013 йилдаги 11-сонида ўқишингиз мумкин.