Солиқ қонунчилигидаги янгиликлар
27.01.2014

 

Самарқанд шаҳрида 2014 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатининг асосий йўналишларига бағишланган семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, банк ва молия муассасалари ходимлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда Президентимизнинг 2013 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти юзасидан тадбиркорларга кенг тушунча берилди. Уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.
– Бугунги тадбирда солиқ қонунчилигидаги кўплаб ўзгаришлардан хабардор бўлдик, – дейди хусусий тадбиркор Мурод Норқулов. – Ҳисоботларни топширишдаги енгиллик ва имтиёзлар фаолиятимизни кенгайтириш ва самарали ишлашимизга ёрдам беради.
Манба: uza.uz