“Huquq va burch” жавоб беради
Рақамли телевидение: янги талаб, янги имкониятлар
16.01.2014

 

– Бугунги кунда «Bolajon», «Madaniyat va ma`rifat» ҳамда «Dunyo bo‘ylab» каналларини фақат тюнер, сунъий йўлдош ва бошқа қурилмалар ёрдамида кўриш мумкин. Қачондир мазкур каналлардаги кўрсатувларни оддий антенналар ёрдамида томоша қила оламизми?
Аҳлиддин ВАҲОБОВ
Бухоро шаҳри
 
Саволга Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг бошқарма бошлиғи Юнус КАМОЛОВ жавоб беради:
– Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб рақамли телевидениега ўтган ва республикамизда рақамли телевидениени жорий этиш 2007 йилдан бошланган эди. Тошкент ва Бухорода ердаги рақамли телевидение тажриба зонасининг ташкил этилиши янги турдаги кўрсатувларга босқичма-босқич ўтишни бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 17 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтишга доир давлат дастури тўғрисида»ги Қарорида соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, рақамли телевидениега икки босқичда, яъни 2012–2015 ва 2016–2017-йилларда ўтиш кўзда тутилган.
Юқоридаги қарор билан тасдиқланган давлат дастурига кўра мамлакатимизда рақамли телевидение сигналларини қабул қиладиган замонавий қурилмаларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳолини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда рақамли телевидениенинг умумфойдаланиладиган ижтимоий па­кетини тайёрлаш, шакллантириш ва эфирга узатиш ҳамда теле, радиоархив материалларини рақамли форматга ўтказишнинг техник имкониятларини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Рақамли телевидениенинг ижтимоий пакети оператор ва провайдерлар томонидан истеъмолчилар учун бепул тарқатиладиган ижтимоий аҳа­миятга эга телеканаллар пакетидир.
Ўтган вақт давомида телевидение ва радионинг зарур техник базаси яратилди. Ўзбекистонда ердаги рақамли телевидениенинг Европа стандарти қабул қилинган бўлиб, сигнални бар­қарор қабул қилиш ва бошқа қайтадиган сигналларни қабул қилмаслиги унинг асосий афзалликларидан биридир. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудининг 45 фоизи рақамли телевидение билан қамраб олинган. Тошкент шаҳрида тўртта, Бухоро, Самарқанд, Андижон, Гулистон, Нукус, Урганч, Қўқон, Бекобод, Питнак, Ангрен шаҳарларида биттадан, шунингдек, Навоий вилоятидаги Лангар, Қашқадарё вилоятидаги Одамтош, Жиззах вилоятидаги Қўйтош, Фарғона вилоятидаги Сўх радиотелевидение станция­ларида рақамли узатиш қурилмалари ўрнатилиб, улар орқали 12 дастурдан иборат ижтимоий пакет тарқатилмоқда. 2017 йилнинг охиригача мамлакатимизнинг барча аҳоли яшаш пункт­лари рақамли телевидениега тўлиқ ўтади.
Бугунги кунда «UzHD», «Bolajon», «Madaniyat va ma`rifat», «Dunyo bo‘ylab», «Oilaviy» ва «Diyor» телеканаллари рақамли телевидение дас­турлари пакети таркибида узатилмоқда. Уларни томоша қилиш учун телевизорингизда тюнер ўрнатилган бўлиши керак. Ҳозир аксарият замонавий телевизорларда ана шундай қурилмалар мавжуд. Бундан ташқари, юртимизда ва хорижда ишлаб чиқарилаётган FTA, HD ёки SD турдаги рақамли қабул қи­лиш қурил­ма­ла­ри(Set-top-box)ни харид қилиш лозим. Уларни «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг «Ягона ойна» савдо марказларидан, шунингдек, маиший техника буюмлари билан савдо қилувчи барча шохобчалардан сотиб олиш мумкин.