Конституциявий суддаги янгиликлар
Инсонпарварлик тамойиллари асосида
27.12.2013

 

Президентимиз Ислом Каримовнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2013 йил 12 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор ижроси изчил таъминланмоқда. 
Шу мақсадда мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда зарур ташкилий-ҳуқуқий ишларни амалга ошираётир. Амнистия туфайли жазони ижро этиш жойларидан қайтиши кутилаётган шахсларни иш билан таъминлаш, ёлғиз ва кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганларни ўз ота-оналари ёки васийлик органларининг назоратига топшириш, тиббий ёрдамга муҳтожларга соғлиғини тиклаши учун зарур шароит яратиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилаётир.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясида мазкур қарорнинг ижросини таъминлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
– Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қарор мамлакатимизда инсонпарварлик тамойили устувор эканининг амалдаги яна бир ифодасидир, – дейди жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди раиси Муҳаббат Хўжаева. – Азалдан билмай хато қилганни ёки қилмишидан пушаймон бўлганларни кечириш, уларга яна имкон бериш халқимизга хос бағрикенглик фазилатларидандир. Амнистия акти замирида ҳам шундай буюк инсонпарварлик мужассам. Бундай бағрикенглик ва кечиримлилик, айниқса, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганларни қайта тарбиялаш, соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим аҳамият касб этади. Амнистиянинг суд томонидан қўлланилаётгани инсон ҳуқуқларини суд орқали самарали таъминлашни кафолатлаш механизмини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, амнистия тўғрисидаги қарорда жазодан озод этилиши кўзда тутилганлар орасида аёлларга алоҳида эътибор қаратилган.
– Қилган жиноятим учун 2013 йил июнь ойида уч йилга озодликдан маҳрум этилгандим, – дейди тошкентлик Гуляна Байбакова. – Мана, жуда қисқа муддатда юртимизда устувор бўлган инсонпарварлик, кечиримлилик туфайли озодликка чиқиб, уйимга қайтаяпман. Бу ерда ўз уйинг, яқинларинг дийдоридан азиз неъмат йўқлигига, фақат ҳалол меҳнат қилиш тўғри йўл эканига амин бўлдим. Юртбошимиз томонидан мен каби адашганларга нисбатан кўрсатилган ғамхўрлик ҳаёт йўлимни бутунлай ўзгартиради. Энди фақат ҳалол меҳнат билан, одамларга яхшилик қилиб яшашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Манба: uza.uz