Анонслар
“Huquq va burch” журналининг ноябрь сони
03.12.2012
 
 

“Huquq va burch” журналининг 2012 йилги 11-сони нашрдан чиқди.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг миллий давлатчилиги тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган саналардан бири — Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 20 йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Журналнинг ушбу сонида мазкур байрам муносабати билан Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоевнинг “Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий пойдевори”, Ўзбекистон Конституциявий суди раисининг ўринбосари Бахтиёр Мирбобоевнинг “Ҳаётбахш манба”, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Акмал Раҳмонов ва Абдукамол Раҳмоновларнинг “Конституция: иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар”, “Таълим олиш ҳуқуқи — дахлсиз” номли мақолалари эълон қилинган. Уларда Конституциямиз ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтаётгани ёрқин мисолларда таҳлил этилган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида бошланган кенг кўламли чора-тадбирлар бугун самара бераётир. Адлия вазирлигининг Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бошлиғи Иброҳим Турғуновнинг “Тадбиркорлик субъектлари: ҳуқуқий асос мустаҳкамланмоқда”, Тошкент шаҳар хўжалик суди раиси Козим Комиловнинг “Тадбиркор манфаати — қонун ҳимоясида” сарлавҳали мақолаларида соҳанинг тобора такомиллашиб бораётгани, иқтисодиёт таянчига айланаётгани хусусида фикр юритилади.
Аҳолининг ўсмирларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга муносабати қандай? Одамлар никоҳ ёшини узайтириш борасидаги таклифлар ҳақида қандай фикрда? Журналнинг ушбу сонида чоп этилган “Мустақил ҳаётга тайёрмисиз?” сарлавҳали мақолада ана шу саволларга мутахассис ва мутасаддиларнинг фикри асосида жавоб топишга ҳаракат қилинган.
“Мудҳиш иллат”, “Рўшнолик кўрмаган келин” номли мақолаларда қаламга олинган одам савдоси, инсон тақдирига нисбатан бефарқлик каби мавзулар эса ҳар қандай ўқувчини огоҳликка чорлаб, мулоҳазага ундайди.