Интервью
Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш кўлами янада кенгаймоқда
05.12.2013

 

Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 44-модда)
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида судлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қиладиган мустақил давлат институтига айланди. Судларнинг ихтисослашуви, хусусан, умумий юрисдикция судларининг жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича алоҳида тузилмалари фаолияти йўлга қўйилгани ва вазифаларининг кенгайтирилгани фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров билан суҳбати шу ҳақда бўлди.
– Истиқлол йилларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида барча зарур шарт-шароитлар яратилди, – дейди Х.Ёдгоров. – Аввало, суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши конституциявий асосда мустаҳкамланиши баробарида буни амалда таъминлаш бўйича зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Судьяларнинг мустақиллиги, фақат қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам қонун билан кафолатланди.
Одил судловни амалга оширишни таъминловчи ривожланган замонавий талабларга жавоб берадиган қонунчилик базаси яратилиши билан бирга, умумий юрисдикция судларининг ихтисослаштирилгани уларнинг жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширди.
Суд ишларини юритишда апелляция, ярашув институтлари жорий этилди. Судлар ваколатини кенгайтиришга доир чоралар изчил ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини ва айбланувчини лавозимидан четлаштириш ҳамда шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Миллий қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришларга мувофиқ, суд ўзига хос бўлмаган жиноий таъқиб этиш вазифаларидан озод этилди.
Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган бундай ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг судларга бўлган муносабати тубдан ўзгарди, ишончи ортди.
– Инсон манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишда судьяларнинг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган кадрларни шакллантириш масаласи қандай ҳал этилмоқда?
– Мамлакатимизда суднинг нуфузини мустаҳкамлаш, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлашдаги ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, хусусан, судьяларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратишга эътибор кучайди. Жумладан, суд органлари ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш учун зарур ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлар янада мустаҳкамланди.
Бунда давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 2 августда қабул қилинган “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. Фармонга кўра, судьяларнинг иш ҳақи ўртача икки баробар оширилди. Судьяларнинг хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ тўловларидан озод қилинди. Бундан ташқари, мазкур фармон билан судьяларга имтиёзли шартлар асосида уй-жой сотиб олиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш, шунингдек, турар-жойлар ижараси учун ҳар ойда пул компенсацияси тўлаб бориш тартиби жорий этилди.
Президентимизнинг 2012 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эса судья кадрларни танлаш, малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш сари кенг йўл очди. Судьялик лавозимига номзодлар яхши тайёргарлик кўрган, намунали хулқ-атвор ва катта ҳаётий тажрибага эга, юқори малакали кадрлар орасидан танлаб олинади. Аниқроқ айтганда, эндиликда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди ҳамда хўжалик судининг судьяси лавозимига олий юридик маълумотли, яхши тайёргарлик кўрган, юқори малакали, катта ҳаётий тажриба, обрў-эътиборга, юридик ихтисослиги бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган, ўттиз ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тайинланади.
Жорий этилган бундай янги меъёрлар соҳада замонавий талабларга жавоб берадиган, инсон ҳуқуқи, тақдири борасида масъулиятни чуқур ҳис этадиган малакали кадрларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Шуни ҳам айтиш ўринлики, 2013 йил 1 апрелдан бошлаб судьялик лавзозимларига фақат судьяларни захирага киритиш, ўқитиш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш билан боғлиқ судьяликка номзодларни танлаб олишнинг барча босқичларидан ўтган шахсларгина тайинланмоқда. Судьялик лавозимига захирада турган шахслар Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида махсус курсларда ўқиши, шунингдек, тегишли республика, вилоят, туман судларида стажировка ўташи шарт.
– Умумий юрисдикция судлари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ва буни тақозо қилган омиллар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Сўнгги беш йил ичида фақат фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган ишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари 3,4 баробар кўпайди. 2012 йилда эса жами 161 минг 174 фуқаролик иши кўриб чиқилди. 2 миллионга яқин суд буйруқлари чиқарилди. Шу рақамларнинг ўзиёқ мамлакатимиз фуқароларнинг ҳуқуқий онги, маданияти, судларга бўлган ишончи, иш кўламининг ошиб бораётганидан далолатдир. Бу ишларни малакали ва сифатли кўриб чиқишни янада яхшилаш, шунингдек, туман судлари тузилмасини, ҳудудий жойлашуви ва судьялар сонини кўпайтириш лозимлигини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 4 октябрда қабул қилинган “Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самардорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари ишининг самарадорлигини ошириш, фаолиятини ташкил этишдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф қилишда муҳим омил бўлаётир.
Фармонга мувофиқ қўшимча равишда фуқаролик ишлари бўйича 12 туманлараро (туман) суди тузилиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг янгиланган тузилмаси (юрисдикция ҳудуди) тасдиқланди.
Жумладан, 2014 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Фориш, Бойсун, Нуробод, Амударё, Учқудуқ туманлари судлари ҳамда Пайариқ, Касби, Қуйи Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Пешку, Яккабоғ, Ғаллаорол тумунлараро судлари фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади. Бу мазкур ҳудудларда яшовчи аҳолига жуда катта қулайлик яратади. Чунки минглаб фуқароларнинг юзлаб чақирим узоқликда жойлашган судларга бориши, мурожаат этиши билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг олди олинади.
Янги тузилаётган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судларини тўлдириш ҳамда иши нисбатан кўп бўлган амалдаги туманлараро (туман) судлари ходимларинииг сонини кўпайтириш учун фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг сафи 71 нафарга кенгайтирилмоқда. Иши нисбатан камроқ бўлган судлардан 23 нафар судья лавзозимларини иш ҳажми кўпроқ туман судларига ўтказиш орқали жиноят ишлари бўйича вилоят ва уларга тенглаштирилган судларнинг, шунингдек, туман (шаҳар) судлари ходимларининг сони қайта тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Судлар ташкилий фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилди. Мазкур тузилма судьялар мустақиллиги ҳамда улар фақат қонунга бўйсуниши тамойилига қатъий риоя этган ҳолда, судларнинг ижро интизоми билан боғлиқ ишларини назорат қилади. Жумладан, ишларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши, судлар ташкилий фаолияти, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга доир ишларни такомиллаштириш, суд ходимларини танлаш, жой-жойига қўйиш ва уларнинг малакасини оширишга доир ишларни амалга оширади.
Суд амалиётини умумлаштириш бўлими негизида эса ахборот-таҳлил бўлими тузилди. Унинг ходимлари суд амалиётини умумлаштириш натижаларига оид таҳлилий материаллар тайёраш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, амалдаги қонун ҳужжатларининг суд амалиётида бир хилда ва тўғри татбиқ этилиши юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш каби вазифаларни бажаради.
Бу каби ишларнинг тизимли равишда ўрганилиб, таҳлил этиб борилиши, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларининг кўрилиши суд ишлари самарадорлиги ошишига, ягона суд амалиёти жорий этилишига хизмат қилади.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, либераллаштириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда жиноий, маъмурий суд ишлари юритилишига доир ишларни кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, фуқаролик-ҳуқуқий ҳамда маъмурий-ҳуқуқий низоларни судгача, суддан ташқари ҳал қилиш тартибини янада такомиллаштириш, умумий юрисдикция судларининг ҳукмлари, қарорлари ижро этилиши устидан суд назоратини кучайтириш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, унинг ўринбосарлари, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар раисларига кассация тартибида протест билдириш ҳуқуқини бериш каби меъёрлар назарда тутилмоқда.
Бу каби чора-тадбирларнинг амалда таъминланиши умумий юрисдикция судлари фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судловни сифатли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий асосда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини янада кенгроқ ва тўлароқ таъминлашга хизмат қилади.
Манба: uzа.uz