Анонслар
“Huquq va burch” журналининг сентябрь сони
09.10.2012
 
“Huquq va burch” ижтимоий-ҳуқуқий журналининг 2012 йил 9-сони нашрдан чиқди. Унда мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар бағишланган мақолалар чоп этилган.
Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқованинг “Такомил ва ривожланиш йўлида”, Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоевнинг “Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари — олий қадрият” каби мақолаларида тизим фаолиятининг мамлакат ҳаётидаги аҳамияти очиб берилган.
Маълумки, жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги, маданияти даражаси ва албатта малакали юридик кадрлар тайёрлашга боғлиқ. Адлия вазирининг ўринбосари Қўчқор Тоғаевнинг “Юридик таълим: унинг сифатини такомиллаштириш истиқболи”, журнал мухбирлари Маъмуржон Парпиев ва Жамшид Ниёзовнинг “Юридик кадрлар тайёрлаш: миллий ва хорижий тажриба” номли мақолаларида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилган.
Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази раҳбари Маҳмуда Каттахўжаеванинг “Соғлом авлод келажагимиз” номли мақоласида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар таҳлил этилса, Республика суд-экспертиза маркази директори Саттор Отахўжаевнинг “Суд экспертизаси самарадорлиги ошмоқда” сарлавҳали мақоласида соҳа такомиллашуви йўлидаги саъй-ҳаракатлар хусусида фикр юритилган.
“Умр заволи”, “Пушаймонлик сафари” каби мақолаларда қаламга олинган, огоҳликка чорлайдиган мавзулар, назаримизда, ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.